Европа Иттифоқи Украинага «ўта муҳим ресурслар»дан фойдаланиш бўйича муқобил келишув тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда саноат стратегияси бўйича еврокомиссар Стефан Сежурне маълум қилди, деб ёзади Politico.

«Европа учун зарур бўлган 30 та муҳим материалдан 21 таси Украина томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида тақдим этилиши мумкин», — деди Сежурне. У айнан қайси ресурслар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмади.

Сежурненинг сўзларига кўра, у тегишли таклифни Украина расмийларига 24 февраль куни Киевга ташрифи чоғида берган, у ерда Украина ҳамкорларининг саммити бўлиб ўтган.

«Европанинг қўшимча қиймати шундаки, биз ҳеч қачон ўзаро манфаатли бўлмаган келишувни сўрамаймиз», — деди Сежурне (AFP иқтибоси).

ЕИ таклифи Украина ва АҚШ ўртасидаги табиий ресурслар бўйича келишув муҳокамаси фонида янгради. Украина президенти Владимир Зеленский, Америка оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, икки марта битимни имзолашдан бош тортган ва унда АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатлари йўқлигини таъкидлаган.

New York Times маълумотларига кўра, 21 февралдаги келишув вариантига кўра, Киев АҚШ билан қўшма фонд яратишга рози бўлиши керак, унга Украинанинг табиий ресурслардан олинган давлат даромадлари йўналтирилади. Келгусида жамғарманинг 100 фоиз мулки АҚШга бириктирилади ва унинг миқдори 500 миллиард доллар этиб белгиланади — бу миқдорни АҚШ президенти Трамп аллақачон кўрсатилган Америка ёрдами эвазига Украинадан талаб қилмоқда. Шу билан бирга, нашрнинг таъкидлашича, ҳужжат АҚШ томонидан хавфсизлик бўйича ҳеч қандай аниқ мажбуриятларни назарда тутмайди.

Зеленский Украинанинг АҚШдан 500 млрд доллар қарзини тан олмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, гап АҚШ грант сифатида ажратган 100 млрд доллардан ортиқ бўлмаган маблағ ҳақида кетмоқда. «Мен украиналикларнинг 10 авлоди тўлайдиган нарсага имзо чекмайман», — деди у якшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Бироқ Трамп 24 февраль куни АҚШ ва Украина нодир металлар «ва бошқа турли нарсалар» бўйича «якуний келишувга жуда яқин» эканини маълум қилди. Шунингдек, у яқин икки ҳафта ичида Зеленский билан учрашиб, келишувни имзолашини таъкидлади.