Uzdiplomat интернет нашри таъсисчиси ҳисобланувчи Web Factor Media масъулияти чекланган жамияти Mufasa тахаллуси билан фаолият юритувчи блогер Мирсаид Ҳайдаров устидан судга мурожаат киритди. Бу ҳақда МЧЖ директори, журналист Нозима Тошпўлатова ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
«Инсон ҳар бир ҳақорати ва туҳмати учун жавоб бериши керак. Ижтимоий тармоқлар ҳамма хоҳлаганини ёзадиган жой эмас. Биз шантажчи эмасмиз ва буни исботлаймиз», — деб ёзади МЧЖ директори.
Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов «Газета.uz»га даъвогар Web Factor Media Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига жавобгар Мирсаид Хайдаровга нисбатан фуқаронинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва обрўсига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилганини тасдиқлади.
Азиз Абидовнинг қайд этишича, мазкур фуқаролик ишини кўриб чиқиш бўйича суд мажлиси 2025 йил 12 март куни соат 10:30 га тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, журналист Анора Содиқова ҳам Мирсаид Ҳайдаровни судга берган эди. У блогер томонидан ижтимоий тармоқлардаги турли аноним каналларда ўз шаъни, қадр-қиммати камситилгани ва туҳматга учрагани ҳақида шикоят киритган. Суд мажлиси 26 февраль куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида бўлиб ўтади.