Канаданинг 230 мингдан ортиқ аҳолиси Дональд Трамп билан иттифоқи туфайли Илон Маскни Канада фуқаролигидан маҳрум қилишга чақирувчи парламент петициясини имзолади, деб хабар берди The Guardian.

Жанубий Африкада туғилган ва АҚШнинг электромобиль ишлаб чиқарувчи Tesla, шунингдек, SpaceX аэрокосмик компанияси ва Х (собиқ Twitter) ижтимоий медиа платформасига эгалик қилувчи Маск онаси орқали Канада фуқаролигига эга. Модель ва диетолог Мэй Маск Канаданинг Саскачеван провинцияси маркази Режайна шаҳридан.

20 февраль куни берилган аризада Маск Трампга маслаҳатчи бўлиб, «Канаданинг миллий манфаатларига зид фаолият билан шуғулланганликда» айбланди.

«Трамп Канада маҳсулотларига кескин божлар жорий этиш билан таҳдид қилиш ва АҚШ мамлакатни аннексия қилиши билан очиқчасига мақтаниш орқали Канаданинг 40 миллионлик аҳолисининг нафратига сазовор бўлди», — дейилади хабарда.

Петицияда таъкидланишича, Маскнинг Трамп билан ҳамфикрлиги уни «Канада суверенитетини йўқ қилишга уринаётган хорижий ҳукумат аъзоси»га айлантиради. Унда Канада бош вазири Жастин Трюдодан Маскнинг Канада паспортини олиб қўйиш ва зудлик билан унинг фуқаролигини бекор қилиш сўралади.

Трамп Трюдони кўпинча «губернатор» деб масхара қилган, бу ном АҚШ штатлари раҳбарларига берилади. Маск 2022 йилда 44 миллиард долларга сотиб олган X ижтимоий тармоғида Трюдога январь ойида бундай мурожаат қилганди: «Қизалоқ, сен энди Канаданинг губернатори эмассан, шунинг учун нима десанг ҳам фарқи йўқ». Гап шундаки, 2015 йилдан бери Канада бош вазири ва Либерал партия етакчиси бўлиб келган Жастин Трюдо январь бошида ўз истеъфосини эълон қилганди. Трюдо партия янги номзодни танлагунча лавозимида қолади.

Канаданинг Жамоатчилик палатаси 24 март куни ўз ишини давом эттириши режалаштирилган, бироқ мамлакат парламент аъзолари қайтишидан олдин умумий сайловлар ўтказиши мумкин. Юқоридаги петицияни имзолаш муддати 20 июнда тугайди.

Канаданинг CTV News телеканалининг хабар беришича, мамлакат айрим ҳолларда, жумладан, фирибгарлик, одамлар ўзини ёлғон маълумотлар орқали таништириши, иммиграция ёки фуқаролик аризаси бўйича маълумотларни қасддан яшириш ҳолатларида фуқароликдан маҳрум қилиши мумкин. Канада қонунчилигига кўра, шахс турли сабабларга кўра ўз фуқаролигидан ҳам воз кечиши мумкин.

Канада фуқаролиги бекор қилинган шахс уни қайтариб олиш учун 10 йил кутиши керак, дея қўшимча қилди CTV News.