Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Тожикистон ва Қирғизистондан йирик миқдордаги наркотик моддалар ноқонуний олиб кирилгани аниқланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.
ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида Денов туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро Тожикистондан наркотик моддаларни яширин йўллар орқали олиб келиб, сотиш билан шуғулланиб келгани аниқланди. Унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида 576 грамм «героин», 2 кг 447 грамм «опий», 1 кг 913 грамм «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, ушбу фуқаронинг 1956 йилда туғилган отаси (илгари ҳам гиёҳвандлик савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган) яшаш хонадонидан 9 кг 62 грамм «гашиш», келиб чиқиши номаълум 137 460 АҚШ доллари, 569 млн 832 минг сўм пул маблағлари топилди.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида унинг 1980 йилда туғилган акаси ва 1987 йилда туғилган жиноий шериги ҳам қўлга олинди. Жиноий шерикнинг уйидан эса келиб чиқиши номаълум 159 400 АҚШ доллари мусодара қилинди.
ДХХ Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «Янгиқўрғон-Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган автобус тўхтатилиб, текширув ўтказилди. Текширув чоғида йўловчилардан икки нафар фуқаронинг юклари орасидан 19 кг 915 грамм «гашиш» моддаси борлиги аниқланди. Улар 1999 ва 2002 йилларда туғилган Янгиқўрғон туманида яшовчи шахслар бўлиб, тергов давомида улар ушбу наркотик моддаларни келгусида сотиш мақсадида Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келишганини тан олишди.
Андижон вилоятида эса Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Марҳамат туманида яшовчи 1996 йилда туғилган, илгари ҳам судланган фуқаро қўлга олинди. У «ўзбек-қирғиз» давлат чегараси ҳудудидан ўтиб, илгари Қирғизистон фуқароси томонидан контрабанда йўли билан ўтказиб берилган гиёҳвандлик моддаларини олиб қайтаётган вақтида ушланган. Ундан 4 кг 931 грамм «опий», 9 кг 949 грамм «гашиш» моддаси мусодара қилинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда), 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш) бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.