Европа Иттифоқи кенгаши Эдуардс Стипрайсни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги махсус вакили этиб тайинлади. У 2025 йил 1 мартдан икки йиллик дастлабки мандат билан ўз вазифаларини бажаришга киришади, дейилади кенгаш сайтида.

«Унинг вазифаси Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни умумий қадриятлар асосида ривожлантириш, минтақа давлатлари ўртасида барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш, шунингдек, демократия, қонун устуворлиги, самарали бошқарув, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишни мустаҳкамлашдан иборат бўлади», — дейилади Европа Иттифоқи кенгаши баёнотида.

Унинг бошқа вазифалари орасида Европа Иттифоқининг самарадорлиги ва аҳамиятини ошириш, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва БМТ каби бошқа ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар билан янада яқинроқ мувофиқлаштириш орқали амалга оширилади, дейилади хабарда.

Эдуардс Стипрайс — катта тажрибага эга латвиялик дипломат, дейилади баёнотда. У Латвиянинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили ва давлат котиби ўринбосари — Латвия Ташқи ишлар вазирлигининг сиёсий директори лавозимларида ишлаган. 2016−2020 йилларда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегациясига раҳбарлик қилган, шунингдек, Латвиянинг Буюк Британия ва Франциядаги элчиси бўлган.

Стипрайс 2021 йил июлидан бери Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги махсус вакили лавозимида ишлаб келган Терхи Хакала ўрнини эгаллайди. Декабрь ойида у ҳудуд бўйлаб хайрлашув гастролини уюштирди ва «Газета.uz»га интервью (инглиз тилида) берганди.