Бухоро вилояти Когон шаҳрида танишини пичоқлаб ўлдириб, унинг онасини жароҳатлаган эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Zo‘rTV телеканалида хабар берилди.
Ҳолат 2024 йилнинг 13 октябрь куни соат 13:10 атрофида содир бўлган. 53 ёшли А.Г. аввалдан мавжуд бўлган келишмовчилик оқибатида ишхонасига келган танишлари — 61 ёшли аёл Н.А. ва 29 ёшли йигит У.Д. таналарининг турли соҳаларига ошхона пичоғи билан урган.
Оқибатда йигит шифохонада олган жароҳатлари сабабли вафот этган. Унинг онасига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳри суди ўтказган мажлисда айбланувчи она-болани, шунчаки, қўрқитмоқчи бўлганини айтган.
Суд унга Жиноят кодексининг 97-модда 2-қисми «ж» банди (Ўта шафқатсизлик билан билан қасддан одам ўлдириш) билан 20 йил, 25, 97-моддаси 2-қисми «а», «ж» бандлари билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Айбланувчи тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 23 йил озодликдан маҳрум қилинди.