Марказий банк 26 февралдан бошлаб хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади.
АҚШ доллари курси кунлик савдолар якунига кўра яна 15,29 сўм арзонлашди. Умуман олганда, доллар курси кетма-кет саккизинчи савдо куни (14 февралдан буён) сўмга нисбатан пасайиб, деярли 120 сўмга (-0,91%) — 13003,95 сўмдан 12884,62 сўмгача камайди. Бу 20 декабрдан бери минимал кўрсаткич (12 893,07 сўм).
Йил бошидан буён сўм долларга нисбатан 0,28% мустаҳкамланди. Таққослаш учун: 2024 йилнинг шу даврида миллий валюта 1,2%, 2023 йилда 1% қадрсизланган.
Пайшанба куни тижорат банклари долларни 12 825 сўмдан 12 880 сўмгача (фақат Hamkorbank’да) қабул қилди. Сотиш курси 12 950 сўмдан («Пойтахт банк» ва «Капиталбанк») 12 960 сўмгача ўзгарди.
Сўмнинг кучайишига нима сабаб бўлди?
Жанубий Кореянинг Чонбук миллий университети иқтисодчиси, магистранти Миркомил Холбоевнинг фикрича, бу ҳолатнинг асосий сабаби — Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг мустаҳкамланиши.
Феврал ойи бошида Россияда 1 доллар 97,8 рублни ташкил этган бўлса, 19 февралда аллақачон 90,4 рублгача тушган (рубл 9,8% мустаҳкамланган). Қозоғистон тенгеси ҳам февраль ойида 3,1% мустаҳкамланди — бир доллар учун 519,3 дан 502,9 тенгегача.
Россия ва Қозоғистон Ўзбекистоннинг ташқи савдо ва халқаро пул ўʻтказмалари бўйича энг йирик ҳамкорлари ҳисобланади. Ташқи савдо айланмасининг 24,1 фоизи, норесурс экспортнинг 27,3 фоизи ушбу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Иқтисодчининг қайд этишича, рубль ва тенгенинг мустаҳкамланиши сўм курсига таъсир кўрсатмоқда.
Нега сўм рубль ва тенге каби тез мустаҳкамланмаяпти?
Унинг сўзларига кўра, бунга иккита сабаб (ёки иккаласи бир вақтнинг ўзида) бўлиши мумкин:
- валюта бозори реакциясининг кечикиши (лаг), бунинг натижасида валюта курси ҳали мослашишга улгурмаган;
- Марказий банк сиёсати сўм алмашув курсининг нисбий барқарорлигини сақлашга қаратилган.
Унинг қайд этишича, 2024 йилнинг иккинчи ярмида рубль ва тенге кескин қадрсизланганида, сўм нисбатан барқарор бўлган.
2024 йил июль-декабрь:
- рубль долларга нисбатан 15% арзонлашди;
- тенгега — 8,9%;
- сўмна — атиги 2%.
Натижада ўша даврда сўмнинг реал айирбошлаш курси мустаҳкамланди.
Январь ойида экспорт ҳажми ўтган йилнинг январига нисбатан 14,1% — 1,15 миллиарддан 1,3 миллиард долларгача ошганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Импорт секинроқ суръатларда, яъни 3,06 миллиарддан 3,2 миллиард долларгача (+4,4%) ўсди. Савдо балансидаги салбий сальдо ҳам 1,9 миллиарддан 1,89 миллиард долларгача қисқарди.