Европа ва АҚШ Россияга нисбатан янги «қаттиқ молиявий санкциялар» қўллашга келишиб олди. Унга кўра, Россиянинг санкция остидаги банклари SWIFT тизимидан узиб қўйилади. Шунингдек, Россия ҳукуматига алоқадор шахсларнинг хориждаги активлари музлатилади.
Uzauto Motors компанияси агар автомобиллари нархини оширмоқчи бўлса, унда олдин 10,7 трлн сўмлик (тахминан $993,5 млн) янги автомобиль сотиб олганлик учун йиғим ва утилизация йиғимини тўланганлигини исботлаши керак, деган фикрда депутат Расул Кушербаев ва иқтисодчи Отабек Бакиров. Давлат органлари йиғимлар тўловлари ҳақида тўлиқ маълумотни ошкор қилмаяпти ёки тақдим этмаяпти. Шунга қарамасдан «Газета.uz» 8 ой мобайнида бешта ишлаб чиқарувчи 3,3 трлн сўмдан кўпроқ утилизация йиғимини тўлаганлигини аниқлаштира олди.
2021 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги 302 та таълим муассасаcида 16,4 млрд сўмлик молиявий хатоларга йўл қўйилган. 12 та таълим муассасасидаги 2,7 млрд сўмлик камчиликларда эса жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли органларга юборилган.
Яқинда Ўзбекистоннинг «Ўзагроэкспортбанк» банкини сотиб олган ва санкциялар остида қолган Россиянинг «Совкомбанк» банки валюта айирбошлаш, хорижий валютадаги депозитларни қабул қилиш ва валюта ўтказмаларини амалга оширишни тўхтатди. Бундан ташқари, ушбу банк карталаридан Apple Pay ва Google Pay тўлов хизматларида фойдаланиб бўлмайди.
Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши Ўзбекистоннинг тўрт йўналишда, жумладан, темир йўл транспортини рақамлаштириш, «Евроосиё Экспресс» лойиҳаси ва бошқа йўналишларда ЕОИИ ишидаги иштирокини кенгайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, бош вазир Абдулла Арипов темир йўл ва автомобиль транспортида йўловчи ташишни тиклашни таклиф қилди.
25 февраль куни Евросиё ҳукуматлараро кенгаши аъзолари йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишга тайёрланаётганини таъкидлади.
ИТСВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Лазиз Кудратов ва Европа парламентининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Дэвид Макаллистер Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ҳамда «GSP+» Преференциялар бош тизимидан фойдаланиш доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 9,15 сўмга кўтарилиб, 10 860 сўмни ташкил этди. Евро курси пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Bloomberg нашри Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида россиялик миллиардерлар 39 млрд йўқотганлигини маълум қилди. «Лукойл» президенти Вагит Алекперов 6,2 млрд доллар йўқотган бўлса, Алишер Усмоновнинг бойликлари 1,2 млрд долларга камайган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 10,57 сўмга қимматлаб, 10 850,85 сўмгача кўтарилди. Бундан ташқари, евро ва рубль курслари пасайди.
Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда жисмоний шахслар ва норезидентларга давлат қимматли қоғозларини харид қилиш ҳуқуқи берилади. Ҳозирги кунгача ДҚҚни жисмоний шахслар ва норезидентлар орасида жойлаштирилиши қонунан назарда тутилмаган эди.
«Ўзагроэкспортбанк» 100 фоиз давлат улуши Россиянинг «Совкомбанк"и томонидан 4 млн долларга сотиб олинди. Ушбу битим очиқ тендер орқали тузилган. Тендерда 4 иштирокчи банкни харид қилиш истагини билдирган.
Буюк Британия томонидан Россиянинг бешта банкига нисбатан санкциялар қўлланилиши муносабати билан, ушбу банкларда рўйхатдан ўтган ҳисоб рақамларига ўтказилган ҳар қандай маблағлар қайтарилиши ёки музлатилиши мумкин. InfinBank матбуот котибининг маълум қилишича, ушбу ҳолат бўйича аниқ маълумотлар ёки аниқ сценарийлар йўқ. «Банк ўз мижозларини ушбу ҳолат бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришга қарор қилган», — деди у.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 29,59 сўмга пасайиб, 10 840,28 сўмни ташкил қилди. Евро ва рубль курслари эса кўтарилди.
1 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча юридик шахсларга цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойнасини тўғридан-тўғри шартномалар асосида чекловларсиз (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилди. Шунингдек, компанияларга қурилиш материалларини экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизигача компенсация тўланади.
Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Қобулда «Толибон» раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Унда Афғонистон орқали ўтаётган транспорт воситалари ва юклар ҳаракатланиши учун ўзаро мақбул шароитларни ишлаб чиқишга келишилган. Афғон томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда минтақа давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
ОТБ Ўзбекистонда автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва янгилаш учун 273,8 млн доллар кредит ажратишни маъқуллади. Маблағлар Сурхондарёдаги Дарбанд — Денов йўлининг 106 кмни янгилаш, ЦАРЭС-2 коридорига кирувчи Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу йўлининг 87 кмни реконструкция қилишга сарфланади. Қолаверса, банк тадбиркор аёллар учун 150 минг долларлик грант ҳам беради.
Январь ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ҳажми 3,49 млрд долларни (импорт — 2,09 млрд, экспорт — 1,399 млрд доллар) ташкил этди. Бунда олтин экспорти асосий ролни ўйнади ва 586,6 млн доллар ҳажмида сотилди. 2021 йилнинг январида олтин экспорт қилинмаган эди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 18,27 сўмга пасайиб, 10 869,80 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Россия президенти Владимир Путиннинг ўзини ўзи республика деб эълон қилган ДХР ва ЛХРларни тан олиш ҳақидаги фармони ортидан жаҳон бозорлари «қулади». Москва биржаси 2008 йилнинг ноябридан бери энг шиддатли пастлашни бошдан кечирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг