«Ижтимоий фикр» марказининг президентлик сайлови бўйича сўрови фуқаролар сайловолди дастурлари билан тўлиқ танишишга ҳали улгурмаганини кўрсатди. Респондентларнинг деярли ярми номзодлар орасидаги очиқ теледебатларни дастурлар ҳақида маълумот олишнинг энг жозибали шакли деб аташди.
ЎзЛиДеПнинг президентликка номзоди Шавкат Мирзиёев Хоразмда ҳам 1−4 cинф ўқувчиларига бепул тушлик бериш жорий этилишини маълум қилди. ХДПнинг президентликка номзоди Мақсуда Ворисова бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушталар ташкил этилиши ҳақида айтди.
«Адолат» партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов шаҳарларда «сити» қуришга ружу қўйилганлигини танқид қилди. Партия раҳбари ҳаводаги чангга қарши курашишда фойда бериши мумкин бўлган сунъий кўллар республикада бирин-кетин йўқ қилинаётганлигини таассуф билан қайд этган.
ЎзЛиДеПнинг президентликка номзоди Шавкат Мирзиёев келгуси 5 йилда Қорақалпоғистонни ривожлантириш учун 43 трлн сўм йўналтирилишини таъкидлади. Ушбу маблағлар давлат бюджети, халқаро молия ташкилотлари ва банк кредитлари ҳисобидан ажратилади.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда сайловчилар билан учрашувда келгуси йилдан бошлаб 1−4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилишини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда сайловчилар билан учрашувда 6 минг нафар ишсиз аҳоли учун, ихчам иссиқхоналар қуриб берилишини маълум қилди. Аҳоли томорқаларининг сув таъминотини яхшилаш орқали, 12 минг фуқаронинг бандлиги таъминланади.
Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига жўнаб кетди.
Душанба куни президентликка номзодларнинг сайловолди кампанияси бошланди. «Миллий тикланиш» партияси ташвиқот ишларига старт бериб, баннер ва видероликни эълон қилди. Алишер Қодировнинг фамилияси тўлиқ кўринмаганлиги сабабли, баннерда жумлани қуйидагича ўқиш мумкин: «Алишер Қодир».
Қайси ҳолларда президентликка номзод ўз мақомидан маҳрум этилиши мумкин? Сайловда ташвиқотнинг қандай турларига рухсат берилган ва қайсилари тақиқланган? Сайлов кампанияси давомида номзодларга ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари учун қандай жазо чораси қўлланилади? «Газета.uz» мухбирининг номзодларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид саволларига МСК доимий аъзоси Баҳодир Юнусов жавоб берди.
Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ёшлар учун yoshsaylovchi.uz электрон платформаси ишга туширилганини эълон қилди. Платформа орқали сайлов участкасини аниқлаш ва сайловда кўнгилли ёки тренер сифатида қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш мумкин бўлади.
Марказий сайлов комиссияси ХДПдан Мақсуда Ворисова, «Адолат»дан Баҳром Абдуҳалимов ва ЎзЛиДеПдан Шавкат Мирзиёевни президентликка номзодлар сифатида рўйхатга олди.
«Миллий тикланиш» партияси ваколатли вакили партия дебатлар ва сайловолди дастурини экспертизадан ўтказишга тайёр эканини маълум қилди. «Алишер Қодиров ўзининг жойини бўшатиб беришга эмас, курашишга тайёр. Биз ҳеч қачон орқага чекинмаймиз», — деди Баҳодир Маматхонов.
Шанба куни МСК Миллий тикланиш партиясидан Алишер Қодировни ҳамда Экологик партиядан Нарзулла Обломурадовни президентликка номзод сифатида рўйхатга олди. МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг сўзларига кўра, уларга гувоҳномалар тез кунларда топширилади.
«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров сайловолди дастурларидаги ўхшаш жиҳатларни «имконият» деб атаб, «Адолат» партияси билан президентлик сайловларида ҳар икки партиядан ягона номзод кўрсатиш масаласини муҳокама қилишга тайёр эканлигини маълум қилди. Аввалроқ, «Адолат» Алишер Қодировни сайловолди дастуридаги ғояларни кўчирганликда айблаган эди.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг фикрича, Шавкат Мирзиёевнинг охирги 5 йилда қилган ишлари унинг обрўси кўтарилишига сабаб бўлган. У ҳозирги кунда Ўзбекистондаги бошқа бирор сиёсий арбоб тўғридан-тўғри амалдаги президентга бас келиши қийинлигини ҳам таъкидлади.
Номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини текшириш тартиби қандай ва кимлар томонидан амалга оширилади? Имзо варақалари қандай ҳолатларда ҳақиқий эмас деб топилади? «Газета.uz» мухбирининг шу ва бошқа саволларига МСК котиби Худоёр Маматов жавоб берди.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мухолифат жамият барқарор ривожланишининг асосий факторларидан бири эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бугун Ўзбекистоннинг жамияти мухолифат бўлишидан манфаатдор. Сенатор мухолифат табиий тузилиши кераклигини айтиб, «ҳокимият берилмайди, ҳокимият учун курашиш керак» деган ақидани эслади. У ОАВларини ҳозирги кунда ниҳоятда муҳим мухолифат деб билишини қайд этди.
Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисова сайловолди дастурини эълон қилди. Президентликка номзод пенсия тайинлаш тизимини ислоҳ қилиш, қимматбаҳо мулкларга «ҳашамат солиғи»ни жорий этиш, шифокорларнинг иш ҳақини 3 баробарга ошириш, 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни бепул 100 фоиз мактабгача таълим билан қамраб олиш, хусусий шифохоналарда 25% бепул тиббий хизмат кўрсатиш каби таклифларни илгари сурди. Номзоднинг тўлиқ дастури.
ЎзЛиДеПнинг навбатдаги съездида партиядан президентликка номзод сифатида Шавкат Мирзиёев тасдиқланди. Номзод олдинги президент сайловида илгари сурилган дастурдаги вазифалар ижросига тўхталиб, ўзининг 2021 йил сайловолди дастури ҳақида маълумот берди.
Президентлик сайловларидаги ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни октябрдаги сайловларда фаол иштирок этишга чорлади. «Ҳеч қачон унутманг, сайлаш ва танлаш ҳуқуқи — Сизнинг қўлингизда. Келажак учун масъулият эса барчамизнинг зиммамизда», — деди у.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг