Шанба куни Марказий сайлов комиссияси бешта сиёсий партия — Экологик партия, ХДП, ЎзЛиДеП, «Миллий тикланиш» ва «Адолат» партияларига октябрдаги президент сайловида қатнашишга ижозат берди. Улар 9 сентябрга қадар ўз номзодини рўйхатдан ўтказиши мумкин.
Чет элда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг президент сайловида қатнашиши учун 49 та давлатда 54 та стационар ва 316 та кўчма сайлов пункти ташкил этилади. Жумладан, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консулхонаси ва БМТдаги ваколатхонасида ягона сайлов участкаси бўлади. Ҳозиргача хориждаги сайловчиларнинг бирламчи рўйхати ҳам шакллантирилди.
«Биз жуда тез амалга оширилаётган ўзгаришларга кўникиб қолдик. Уларнинг моҳиятини англашга улгурмаяпмиз. Мислсиз ислоҳотлар айнан шундай бўлиши керакдек ва шу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгандек қабул қиляпмиз» — деди Абдулла Арипов ЎзЛиДеП сиёсий кенгашининг навбатдаги мажлисида. Барча ислоҳотлар замирида Шавкат Мирзиёевнинг қатъияти мужассам, дея таъкидлади у.
Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов партиянинг мақсади ҳукуматни эгаллаш, яъни президентлик сайловларида ғолиб бўлиш эканлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, сайловларда халқ аёлларга кўпроқ овоз беради. «Ана шу нуқтайи назардан биз номзодимизни тўғри танладик, деб ўйлайман. Бу бизнинг сайловларда ғалаба қозонишимизда бир қадам бўлди, деб ҳисоблайман», — дейди у.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ОАВ ва блогерлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда амалдаги президентнинг вазифаси ва сайловолди тарғиботи аралашиб кетмаслиги назорат қилиниши айтилди. «Албатта, номзодни сайловолди тарғиботи ва ўзининг фаолиятини адаштирмаслигимиз керак. Лекин назорат қилинади», — деди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров. Комиссия аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа эса Шавкат Мирзиёевнинг ташриф ва учрашувлари тагида пиар эмас, балки ислоҳотлар ётганини таъкидлади.
Президент сайловларида ХДП номзоди сифатида қатнашиши кутилаётган Мақсуда Варисова сайловда ғалаба қозонса, аввало ишсизлик ва бандлик соҳасида ислоҳотлар қилишини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, президентликка номзодлар орасида аёл кишининг бўлишига гендер тенглик тамойили сабаб эмас. «Халқ орасидан чиққан оддий бир она, оддий бир аёл бўлганим сабабли ҳам, халқимизни қийнаб турган муаммоларни қуйидан билганим учун ҳам мени танлашди, деб ўйлайман», — деди у.
ЎзЛиДеП партияси октябрь ойидаги президентлик сайловига амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатмоқчи эканлигини эълон қилди.
Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Варисова октябрь ойидаги президентлик сайловларида «Халқ» демократик партиясининг номзоди сифатида қатнашиши кутилмоқда.
«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров президентлик сайловларида ғалаба қозонишни ният қилаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, ушбу сайлов аввалгиларидан фарқ қилади. Шунингдек, у агар президент этиб сайланса, дастлаб таълим ва тарбия соҳаларида ислоҳотларни амалга оширишини айтиб ўтди.
2021 йилги президентлик сайловларига «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Алишер Қодиров номзоди эълон қилинди.
2021 йилги президентлик сайловларига «Адолат» социал-демократик партияси томонидан партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимов номзоди эълон қилинди.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан президентлик сайловларида Нарзулла Обломуродов номзод сифатида қатнашади. Партия президентлик сайловларида илк бора иштирок этмоқда.
Марказий сайлов комиссияси ижтимоий тармоқлардаги бахс-мунозаралардан сўнг, президент сайлови логотипига айрим имловий тузатишлар киритди. Қолаверса, ушбу логотипни яратишга маблағ сарф этилмагани қўшимча қилинди.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайлови учун бешта партиянинг ваколатли вакилларини рўйхатга олди. Улар МСК мажлислари, ҳужжатларни топшириш, имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текшириш, овозларни санаб чиқиш жараёнларида иштирок этади.
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик жараёни бўйича «жуда ижобий» хулоса берганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, миссия ўтган сайловлар бўйича ЕХҲТнинг тавсияларини сайлов амалиётига жорий этилишини ҳам ижобий баҳолаган.
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров сайловчилар ташаббускор гуруҳлари мустақил равишда ўз номзодини кўрсатиш масаласини ҳал этиш қонун чиқарувчиларга боғлиқ эканлигини қайд этди. Ушбу масала ЕХҲТнинг ДИИҲБ миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида кўтарилган эди.
Коронавирусдан даволанаётган ва карантинга олинган шахслар Ўзбекистон президенти сайловида қатнашишларини таъминлаш учун махсус йўриқнома ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаевнинг сўзларига кўра, беморларнинг уйларига кўчма қутилар билан ташриф буюриш режалаштирилган. Бунда муддатидан аввал овоз бериш давридаги эпидемиологик вазият инобатга олинади.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайлови кунини 24 октябрга белгилади. Сайлов кампаниясига 23 июлда старт берилди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовдан Шавкат Мирзиёев такроран ўз номзодини президентликка қўйиши ва бу борадаги қарори ҳақида давлат раҳбари қачон эълон қилишини сўрашди. Унинг сўзларига кўра, сайловолди жараёни июль охирида бошланади. «Ким, қачон ўз номзодини илгари суришини билиш учун июль охиригача кутишимиз керак», — деди у.
Марказий сайлов комиссияси октябрдаги президент сайлови Харажатлар сметасини — 300 млрд сўм этиб тасдиқлади. Унга кўра, сиёсий партияларнинг ташвиқот ва тарғиботи учун 15 млрд 486 млн сўм, ҳар бир номзодга эса — 3 млрд сўмдан ажратилади. Сайлов жараёнида коронавирусга қарши кураш учун 11,5 млрд сўм сарфлаш режалаштирилган. Харажатлар ҳақида батафсил.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг