Ўзбекистон Украинадаги вазиятдан хавотирда ҳамда зўравонликни тўхтатиш ва барча муаммоларни сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилиш зарур, деб ҳисоблайди, дея маълум қилди ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов. Шунингдек, у Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди ва Европа ҳамда Осиё ўртасида кўприк вазифасини ўтаб келаётган Туркияни мисол сифатида келтирди.
Польша орқали яна 254 нафар ўзбекистонлик, шу жумладан 69 нафар аёл, 37 нафар вояга етгаман шахс ва 14 нафар чақалоқ Украинадан ватанга қайтарилди. 28 февралдан бери эвакуация қилинганларнинг умумий сони 5634 нафарга етди.
Украина элчихонаси 1 март куни Ўзбекистон ТИВга мамлакатда Россия телеканаллари эфирини тақиқлашни сўраб нота юборди. Хатда қайд этилишича, Россия ОАВлари олиб бораётган «ахборот уруши ҳарбий кампаниянинг ажралмас қисми» ва «жаҳон ҳамжамиятини дезинформациялашга қаратилган». Элчи Николай Дорошенко «Озодлик» радиосига берган интервьюсида шунингдек, 28 тонналик гуманитар ёрдамни юборгани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.
Шавкат Мирзиёев Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилганига муносабат билдирди. «Бу ҳам биз учун жуда катта имконият, янги бозорлар дегани», — дея таъкидлади у. Шу боис, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, четга сотувчи корхоналарга экспортёрларнинг имтиёзлари берилиши, дастгоҳлари учун божхона божи ундирилмаслиги маълум қилинди.
Президент жума кунги видеоселектор йиғилишида дунёқарашини ўзгартирмагани, ҳозирги вазиятдан хулоса чиқармаётгани учун Фармацевтика агентлиги директори Сардор Кариевга «ҳайфсан» берди. Унинг икки ўринбосари Дилшод Акбаров ва Алишер Темиров эса ишдан бўшатилиши айтилди. Бундан ташқари, «Ўзбекистон темир йўллари» раиси в.б. Хуснутдин Хасилов ҳам «ҳайфсан» олди.
Тошкентда Ўзбекистон ва Эрон хавфсизлик бўйича қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Комиссия тузиш тўғрисидаги ҳужжатни Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний имзолади.
«Янги Наманган» шаҳарчаси қурилишининг иккинчи босқичида 20 минг хонадонга эга 171 та кўп қаватли уй барпо этиш режалаштирилмоқда. Президент уйларни зилзилага бардошлилиги ва сифатини таъминлаш, уларнинг лойиҳаси юзасидан аҳолининг фикрларини тинглаш бўйича топшириқ берди. Қолаверса, вилоятда «Янги Ўзбекистон» боғини қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилгани айтилди.
Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимларига янги ўринбосарлар — вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари, қолаверса, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Қорақалпоғистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси тайинланди. Уларнинг барчаси хотин-қизлардан иборат.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистонга «Украина ва Афғонистон халқларига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами» учун миннатдорчилик билдирди. Абдулазиз Комилов билан музокараларда икки томонлама муносабатлар, минтақавий хавфсизлик ва C5+1 форматидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Молия вазирлиги департамент директори Отабек Фазилкаримов соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Депутатлар йўлларда фуқаролар манфаатларининг устуворлигини таъминлаш, экологияни муҳофаза қилиш, пиёда ва велосипед ҳаракатига шароит яратишни назарда тутувчи «Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. «Бундан буён автомобил ҳайдашнинг ўзи бўлмайди. Масъулият бир эмас, ўн баравар ошади», — деди Расул Кушербаев.
Озода Парпибаева Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Шунингдек, Раъно Турдибоева ва Нодира Эгамбердиева қўмита раисининг ўринбосарлари бўлди.
Содиқжон Турдиев Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари бўлди. Президент администрацияси масъул ходими Абдулла Турсунов ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Мухтор Муҳитдиновлар вазир ўринбосари лавозимига тайинланди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров ўз лавозимидан озод қилинди. Унинг ўрнига Озода Жураева тайинланди.
«Мадели» овул фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган Бахтияр Менглибеков Мўйноқ туманига ҳоким бўлди.
Президент душанба куни Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида «Олима аёллар жамияти» тузилиши ва унга ҳар йили 50 млрд сўм маблағ ажратилишини маълум қилди. «Илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш — бу игна билан қудуқ қазишга баробар», — деди Шавкат Мирзиёев.
Полковник Оринбаев Аманбай Тлеубаевич Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар Аманбай Оринбаев ИИВ ЖХД Пробация хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Президент қарори билан боқувчиси хорижга ишлашга кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» рўйхатида турган фуқароларга 540 минг сўмдан бир марталик ёрдам берилади. Уларнинг ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик араваси, эшитиш аппарати ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун 1,3 млн сўмдан ёрдам ҳам кўрсатилади. Қолаверса, дафтарлардан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси билан ишлашга кетганларга 10 млн сўмгача микроқарз тақдим этилади.
Президент Андижон, Самарқанд ва Тошкент шаҳридан ташқари бошқа ҳудудларда талабалар учун ётоқхона қуриш ишлари бошланмаганини танқид қилди. Қолаверса, ижарада турувчи талабаларга субсидия бериш учун ректорларга ўтган 2 ойда 24 млрд сўм берилгани, бироқ, атиги 5 млрд сўм ишлатилгани айтилди. «Бир ой ичида ўзгариш қилмаган ҳудуд раҳбари ва олийгоҳ ректори ишдан олинади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент видеоселекторда Украинадан эвакуация қилинган талабалар Ўзбекистондаги ОТМларда ўқишини давом эттириши учун барча шароитлар яратиб берилишини маълум қилди. «Украина олийгоҳларида 370 дан зиёд ёшларимиз таълим олмоқда ва шундан 200 га яқини Ватанга қайтарилди. Қолганларини ҳам яқин 1 ҳафтада қайтариш учун барча чораларни кўраяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг