Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи эълон қилинган санадан бир кун олдин якунлади. Сафар уч кунга режалаштирилган эди.
Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳужумлари натижасида 137 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани, 316 нафари жароҳатланганини таъкидлади. У Киевда «халқи билан якка ўзи қолганини» маълум қилган. «Биз ватанимиз ҳимояси масаласида ёлғиз қолдик, ҳеч ким биз билан биргаликда жанг қилишни хоҳламаяпти», деган давлат раҳбари.
Украинада айни пайтда 4300 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди, улар рўйхати янада аниқлаштирилмоқда, дея хабар қилди ТИВ. Вазирлик маълумотларига кўра, жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков РФ президенти Украина раҳбари билан учрашиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Песковга кўра, Украина Россия томонидан қўйилган муҳим масалалар, яъни, ўзининг нейтраллик мақоми, қуролларни ўз ҳудудида жойлаштирмаслик сингари мавзуларда гаплашишга тайёр бўлса, у ҳолда президентлар учрашиши мумкин.
Турли давлатлар раҳбарлари Россиянинг Украинага босқинидан кейин вазиятга ўз муносабатларини билдиришмоқда. Давлат раҳбарларининг аксарияти ўз чиқишларида РФнинг ҳаракатларини қоралаб, Украинага ёрдам бериш зарурлигини таъкидлашган.
Бош вазир Абдулла Арипов ўзбекистонлик олимлар коронавирусга қарши тўртта вакцина яратиш устида ишлаётганини маълум қилди. «Дунёдаги ҳеч қайси вакцинадан нусха олинмаган, алоҳида ўзининг структураси белгиланган вакцина турлари ишлаб чиқиляпти», — деди у.
НАТОга аъзо давлатлар вакиллар пайшанба куни эрталаб Украина атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви туфайли шошилинч йиғилиш чақириш қарорини қабул қилди. Сал аввал НАТО раҳбари Йенс Столтенберг РФнинг Украинадаги ҳаракатларини қоралаши ҳақида баёнот билан чиққан эди.
24 февралга ўтар кечаси БМТ хавфсизлик кенгаши Украина атрофидаги можароларга бағишланган йиғилишни чақирди. БМТ бош котиби ўз чиқишида Россия президенти Владимир Путинни Украинага бостириб киришни тўхтатишни, «тинчликка имкон беришини» сўраган ва тинчлик ўрнатишга чақирган.
Чоршанба куни Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида 1 мартдан эътиборан Ўзбекистонда ниқоб тақиб юриш мажбурияти талаби бекор қилинди. «Чунки мана вилоятларда ҳам дефакто ҳеч ким ниқоб тақмай қўйди», — деди бош вазир Абдулла Арипов. Қолаверса, жамоат транспорти, бозорлар, таълим муассасалари, театр, музейлар, масжидларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлади.
Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи Афғонистон муаммосига, хусусан, мамлакатнинг муваққат ҳукуматини тан олиш бўйича умумий ёндашув бўлишига келишиб олди, деди Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Иргашев. Аммо ҳозирча бу борада ҳеч қандай қарор йўқ.
Афғонистонда инклюзив сиёсий жараённи қўллаб-қувватлаш учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳақда Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари конференцияси якуний баёнотида айтилади.
Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Қобулда «Толибон» раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Унда Афғонистон орқали ўтаётган транспорт воситалари ва юклар ҳаракатланиши учун ўзаро мақбул шароитларни ишлаб чиқишга келишилган. Афғон томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда минтақа давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
Чоршанба куни Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга жўнаб кетди, бу сафар унинг ташрифи 3 кун давом этади. Биринчи рақамли борт эса илк бор Тошкентдан Мўйноққа қўнади.
Ўзбекистоннинг Нур-Султондаги элчихонаси январь ойидаги тартибсизликлардан кейин Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олиниши муносабати билан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди.
Президент Шавкат Мирзиёев март ойида Покистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Покистон бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Разоқ Довуднинг сўзларига кўра, ташриф чоғида икки давлат ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги келишув имзоланади. Қолаверса, мартдан Лаҳордан Тошкентга мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш режа қилинган.
Қозоғистонда рўй берган оммавий тартибсизликлар сабаб ҳибсга олинганларнинг 18 нафарини хориж фуқаролари, шу жумладан 14 нафарини ўзбекистонлик ташкил этмоқда, деб хабар берди Қозоғистон омбудсмани.
Туризм ва спорт вазирлиги иккига ажратилиши фармонда туризм хизматларини ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини тубдан ошириш ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилишни кучайтириш, шунингдек, аҳолини спорт ва соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этишга пухта тайёрлаш зарурияти билан изоҳланади. Шу билан спорт соҳасида давлат сиёсатини юритувчи орган олтинчи марта қайта ташкил этилмоқда.
Россия президенти Владимир Путин Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Зеленский шу кеча қилган видеомурожаатида «Россиянинг хатти-ҳаракатларидан қатъи назар» халқаро миқёсда тан олинган Украина чегаралари «шундайлигича қолишини» қайд этди. Жаҳон ҳамжамияти Россияга қарши санкциялар қўллаш масаласини кун тартибига қўйди.
Суд Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовни ўзининг оила аъзоларига қарашли бўлган Sevimli TV`га давлат буюртмаларини берганликда айбли деб топди. У максимум жазога — БҲМнинг 30 баравари (8,1 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди.
12 ой давомида ҳайдовчининг қоидабузарлиги учун ҳисобланган жарима баллари 12 баллдан ошса, уни ҳайдовчилик ҳуқуқидан бир йилга маҳрум этиш режалаштирилмоқда. Шундан сўнг, ҳайдовчи қайта имтиҳон топшириб, гувоҳномани олиши мумкин бўлади. Аслида, мазкур тартиб 2018 йилдаёқ ишлаб чиқилган, бироқ жорий этилмаганди. ИИВ раҳбари ўринбосари Бекмурод Абдуллаев «У пайтда биз ҳали бунга тайёр бўлмагандирмиз, вақти энди келгандир», деб изоҳ берди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг