Юристлар малакасини ошириш маркази директори лавозимида ишлаб келган Шерзод Рабиев адлия вазирига ўринбосар бўлди. Вазир ўринбосарлари Актам Мухаммадиев ва Тўлқин Абдусатторов бошқа ишга ўтгани муносабати билан вазифаларидан озод этилди.
Президент фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди. Шунингдек, соҳадаги қонунчиликка риоя этиш ва унинг ижроси назоратига масъул бўлган бош прокурор ўринбосари лавозими жорий этилди.
Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи»нинг иккинчи саммити бўлиб ўтадиган Чўлпонота шаҳрига амалий ташриф билан борди.
Мансурбек Оллоёров Ўзбекистон президентининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси — президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори лавозимига тайинланди.
Ўзбекистон президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи саммитида иштирок этади. Саммит 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлади.
Воҳид Ҳамидов яқинда ташкил этилган Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори бўлди. Илгари у АОКАнинг Китоб савдоси ва ахборот-кутубхона ресурслари бўлими ва Avtotest Mirobod компаниясига раҳбарлик қилган. У Novda Edutainment раҳбари сифатида ҳам қайд этилган.
Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси 16−20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади. Ўзбекистон томонидан ташкилий қўмита ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тадбирлар дастури, кун тартиби, регламенти ва режаларни муҳокама қилиш учун Мадридда ташкилот бош котиби билан учрашди.
Ўзбекистон ТИВ Шимолий Корея томонидан космик ракета учирилганидан хавотир билдирди. Вазирлик оммавий қирғин қуролларининг барча турларини синовдан ўтказишдан бош тортиш тарафдори эканини қайд этди.
«Миллий тикланиш» партияси муддатидан олдинги президентлик сайловида ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилган амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзодини маъқуллади. «Буни давлат, халқ ва партиянинг манфаатлари нуқтаи назаридан энг тўғри қарор деб ҳисоблайман», — деди партия етакчиси Алишер Қодиров.
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида халқ депутатлари маҳаллий кенгаши қарори билан ҳокимлик, жумладан, ҳоким ва кенгаш девони ходимларининг апрель ойи учун маошларига устама сифатида 306,2 миллион сўм ажратилди. Ҳокимлик маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ ходимга устама тайинланган.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари билан Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ўртасида бўлиб ўтган учрашувда «доимий мулоқот ва тажриба алмашишни ривожлантириш», шунингдек, мутахассисларнинг малакасини оширишни мунтазам ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков Koba san’at majmuasi масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси экани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, таъсисчи ўзгартирилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вазирликка келгусида қонунларга қатъий риоя қилиш борасида тақдимнома киритди.
ЎзЛиДеП Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тасдиқлади. Сайловолди дастурида саноат соҳасидаги «мегалойиҳалар», Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил этиш, автомобиль ишлаб чиқаришни 1 млн дан ортиқ донага етказиш ва бошқалар ҳақида гапирди.
Экологик партиядан президент сайлови учун Абдушукур Хамзаев номзод этиб тасдиқланди. Унинг дастурида бир марталик пластик ва полиэтилен идишлардан воз кечиш, электрон сигаретларни мамлакатга олиб киришни, 2030 йилдан бензинли автомобилларни сотиш ва сотиб олишни тақиқлаш ва бошқалар таклиф қилинган.
Қирғизистон 2 июнь куни Чўлпонотада «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» иккинчи саммити ўтказилишини эълон қилди. Унда Европа Кенгаши раҳбари, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон президентлари ҳамда Туркманистон бош вазири ўринбосари иштирок этиши кутилмоқда.
Олий Мажлис Сенати 1 июнь куни чақирадиган ялпи мажлисида «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқади. Парламент қуйи палатаси бу қонунни октябрь ойида қабул қилган. Йиғилишда яна бир қатор қонунлар ҳам кўриб чиқилади.
«Адолат» СДПдан президентлик сайлови учун Робахон Маҳмудова номзод сифатида тасдиқланди. Унинг сайловолди дастурида «Ижтимоий давлат-2030» дастурини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва бошқалар кўзда тутилган.
Улуғбек Иноятов президентлик сайловларида ХДПдан номзод сифатида тасдиқланди. Партия қурултойида номзоднинг қиммат мол-мулк учун солиқ жорий этиш, судлов ҳайъати институтини ташкил қилиш ва бошқаларни назарда тутувчи дастури ҳам тасдиқланди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғанни сайловдаги «ишончли, тарихий ғалаба» билан табриклади. Овозларни санаш ҳали якунига етгани йўқ, дастлабки маълумотларга кўра, Туркиянинг амалдаги раҳбари ғалаба қозонган.
Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Сингапур президенти Ҳалима Яқуб Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси мунтазам рейси билан ортга қайтди. У ташрифни самарали деб атади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг