Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21−22 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Францияда бўлади. Ташриф дастурида Парижда олий даражадаги икки томонлама музокаралар, ушбу мамлакатнинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари иштирокида ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш кўзда тутилган.
Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлиси 18 ноябрь куни чақирилади. Унда Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий битимни ратификация қилиш ҳамда маҳкумлар ҳуқуқлари борасидаги қатор қонунлар кўриб чиқилади. Қолаверса, давлат бюджети ижроси юзасидан ҳукумат ҳисоботи эшитилади.
Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди. Томонлар давлат-хусусий шериклик механизмлари, «яшил» тараққиёт каби йўналишлар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, Самарқандда банк бошқарувчиларининг йиллик йиғилишини ўтказиш муҳокама қилинди.
Тошкент давлат юридик университети ректори Акбар Тошқулов Адлия вазирлигига раҳбар бўлди. У шу кунларда президент маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Русланбек Давлетовнинг ўрнини эгаллади.
Сенат раиси Танзила Нарбаева Шарм ал-Шайхда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим бўйича конференцияси (COP27)да нутқ сўзлади. У Минтақавий иқлим кенгашини тузишни таклиф қилди ва Ўзбекистон «яшил» иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали иқтисодий тараққиётга эришишни мақсад қилганини таъкидлади.
АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Владимир Норов унга янги лавозимида муваффақиятлар тилади.
Президент 2016 йил декабрдан буён фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Турсинхан Худайбергеновни ўзининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари буйича маслаҳатчиси этиб тайинлади.
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма йиғилишида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Сенат аъзоси этиб сайланди.
Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтган кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича Бутунжаҳон конференциясида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари 2025 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 80 фоизга етказилишни таъкидлади.
Русланбек Давлетов президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.
Фурқат Сидиқов ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Баҳромжон Аълоев ТИВ раҳбари ўринбосари этиб тайинланди.
Қонунчилик палатаси Ўзбек-Қирғиз давлат чегарасининг айрим участкалари ҳамда Андижон (Кампир-обод) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни маъқуллади. Бош вазир Абдулла Арипов ҳудудлар алмашинуви тафсилотларини маълум қилди.
Президент фармойиши билан Саида Мирзиёева президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири лавозимига тайинланди. Шунингдек, у ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилади.
Ўзбекистон президенти Истанбул шаҳрида юз берган портлаш оқибатида инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Режеп Таййип Эрдўғанга таъзия билдирди.
Бундан буён ҳам доимий қўллаб-қувватлаш асносида ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг иш ҳақи миқдорини ошириб бориш бўйича барча имкониятлар сафарбар этилади, дея таъкидлади президент Шавкат Мирзиёев. Касаба уюшмалари кунида Тошкентда Касаба уюшмалари саройи очилди.
Самарқандда бўлиб ўтган ТДТ саммитида аъзо давлатлар ўртасида Савдони енгиллаштириш стратегияси тасдиқланди ва Соддалаштирилган божхона коридорлари тизимини шакллантириш тўғрисидаги битим имзоланди. Шунингдек, Туркий инвестиция фондини қисқа муддатларда ташкил этишга қарор қилинди.
Самарқандда 10 ноябрь куни Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон ва Венгриянинг биринчи хонимлари махсус ташкил этилган «Ўзбекистон ранглари» кўргазмасига ташриф буюрди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ТДТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқида Шимолий Кипр ташкилотга кузатувчи сифатида аъзо бўлгани ҳақида гапирди. Ўзбекистон ТИВ раҳбари Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиш мумкин эмаслигини таъкидлади.
Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг асосий тадбиридан сўнг, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия ва Туркманистон етакчилари Регистон майдонида дарахт экишди. Шу куннинг ўзида Ўзбекистонда 2,5 млн туп, қолаверса, Озарбайжонда 111 минг туп дарахт экиш кўзда тутилган.
Мукофотларни топшираркан, Шавкат Мирзиёев Эрдоғаннинг «туркий давлатлар мустақиллигини мустаҳкамлашдаги жонбозлиги»ни, Бердимуҳамедовнинг «ёш авлод тарбиясига катта ижобий таъсир кўрсаётган маърифий асарлари»ни қайд этиб ўтди. Марҳум адиб Чингиз Айтматов Алишер Навоий мукофоти билан тақдирланди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг