Ўзбекистон ва Беларусь президентлари Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко Тошкентдаги Humo Arena муз саройида бўлиб ўтган хоккей бўйича норасмий учрашувга ташриф буюрди.
Беларусь президенти расмий ташриф билан Тошкентга келмоқда. Кеча шаҳарда икки давлат байроқлари илинди, чоршанба куни эрталабдан кўча экранларида Александр Лукашенкога аталган қутловлар пайдо бўлди. Беларусь бош вазири ўринбосари ва қатор вазирлар етиб келган, форумлар, музокаралар бўлмоқда.
Андижоннинг Хўжаобод туманига Акмалжон Мирзаолимов ҳоким вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. У бу лавозимга қадар аввалги ҳоким Ўткирбек Шукуровнинг биринчи ўринбосари сифатида ишлаётганди.
Абдураҳмон Маҳмудов Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консулхонасига раҳбар бўлди. У 2019−2023 йилларда Украинадаги элчихонада биринчи котиб, сўнгра маслаҳатчи сифатида ишлаган.
2019 йилнинг февралидан бери Гулистон шаҳрини бошқариб келган Тўлқинжон Дадабаев лавозимидан озод этилди. Бунга унинг соғлиғидаги муаммолари сабаб қилиб кўрсатилган. Ҳоким вазифасини вақтинча бажариш унинг ўринбосари Ғайрат Ботиров зиммасига юклатилди.
Ўзбекистонда «Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси ташкил этилмоқда. Уни очиш ҳақида январь ойи охирида эълон берилганди. Ташкилот ҳар ой Президент администрациясига ҳисобот беради. Ундаги таклиф ва тавсияларни таълим вазирликлари ва бошқа давлат органлари бериб боради.
2021 йилдан буён Тошкент шаҳри Бектемир тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Тапил Маҳамадзияев лавозимидан озод қилинди. Январда президент бош вазирга Маҳамадзияевнинг лавозимига лойиқлигини ҳал қилишни топширганди. Туманни вақтинча бошқариш ҳокимнинг биринчи ўринбосари Фатҳулла Нигмановга юкланди.
Рамазон Ашрапов Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи бўлди. У шу пайтга қадар Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.
2020 йилнинг июнидан бери Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Акром Эшонқулов лавозимини тарк этгани ҳақида эълон берди. «Иш жараёнида биронтангизни ранжитган бўлсам, барчаларингиздан узр сўрайман. Хайр жонажон шаҳрим», — деб ёзди у.
Ўзбекистон ТИВнинг бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келган Аюбхон Юнусов мамлакатнинг Кувайтдаги элчиси этиб тайинланди. 50 ёшли дипломат 2016−2022 йилларда элчи бўлиб ишлаган Баҳромжон Алоев ўрнини эгаллади.
Тошкент вилояти Чиноз туманига Шерзод Салихов ҳоким этиб тайинланди. Тайинловга қадар у Тошкент тумани ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган эди.
Шавкат Мирзиёев «Эл-юрт умиди» жамғармаси Президент администрацияси ҳузурига ўтказилиши ва хорижда ўқитиш бўйича янги тизим жорий этилишини маълум қилди. Жамғарма ҳисобидан ёшларни ўқишга юборишда малакали ва сифатли инженер ҳамда технологлар тайёрлашга устуворлик берилади.
Ўзбекистоннинг Беларусдаги янги тайинланган элчиси Раҳматулла Назаров Минскда ўз вазифасини бажаришга киришди. У 2021 йилдан буён элчихона маслаҳатчиси, муваққат ишлар вакили сифатида ишлаб келаётганди.
Ўзбекистоннинг Ўмонга янги тайинланган элчиси Абдусалом Хатамов Маскат шаҳрига етиб борди. У 2018 йилдан буён Екатеринбург (Россия) шаҳридаги бош консулликни бошқариб келаётганди.
Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра Ўзбекистон Бишкек иссиқлик электр станциясида юз берган авария муносабати билан Қирғизистонга ёрдам беради. Ўшга Андижондан суюлтирилган газ баллонлари ёрдам сифатида жўнатилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага Фарход Боқиев ҳамда Сардор Раджабов ўринбосар этиб тайинланди. Боқиев Сенат қўмитаси раиси ўринбосари, Раджабов эса мазкур вазирлик департаменти директори сифатида ишлаб келаётганди.
Республика Маънавият ва маърифат марказига Отабек Ҳасанов раҳбар этиб тайинланди. У бунга қадар Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори биринчи ўринбосари эди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори лавозимида ишлаб келган Конгратбай Шарипов олий таълим, фан ва инновациялар вазири лавозимига тасдиқланди.
2019 йилнинг сентябридан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари сифатида ишлаган Минҳожиддин Ҳожиматов (Минҳожиддин Мирзо) ишдан олинди. У Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
ЎзМТРКни салкам 20 йил бошқарган Алишер Ходжаев лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига бош вазир котибияти раҳбари бўлиб ишлаган Абдурашид Жўрабоев тайинланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг