ИИВ Самарқанд ва Қашқадарёда ИИО ходимлари журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги изоҳлари учун уларнинг ота-оналарини сўроқ қилган ҳолатга муносабат билдирди. Таъкидланишича, бу Нарпай тумани ва Қарши шаҳар ИИБлари «раҳбариятининг шахсий ташаббуслари» бўлиб, «масъулларга танбеҳ берилди».
ССВ маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 11 млн 735 мингдан ортиқ одам «103» хизматига мурожаат қилиб, «Тез ёрдам» чақирган. Улардан 4 911 таси асоссиз мурожаатлар ҳисобланади. Энг кўп чақириқ Фарғона ва Андижон вилоятларидан келиб тушган.
«Газета.uz» мухбирининг Facebook’даги изоҳи учун ота-онасининг уйига ИИБ тергов-қидирув бўлими ходими келди. Бошқа журналистнинг Facebook’даги постлари учун ота-онаси ИИБ Миграция бўлимига чақиртирилди. Жамоатчилик бу нима — «англашилмовчиликми ё ўзбошимчалик» эканига изоҳ беришни талаб қилмоқда.
10−14 декабрь кунлари Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах,Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди. Шу сабабдан, ушбу ҳудудларда яшовчилар, дам олувчилар ҳамда автомашина ҳайдовчиларидан эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралмоқда.
Шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида совуқ ва қуруқ об-ҳаво кузатилади. Ҳарорат кечалари −5…−10, кундуз кунлари 0…−5 даражагача пасаяди. Шимол ва чўл ҳудудларда −22 даражагача совуқ тушиши мумкин.
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида газ қувуридан узилган завод ходимлари норозилик уюштирди. Вилоят ИИБ ташкилот шартномага кўра газдан узилганини маълум қилди. «Ўзбошимчалик билан жамоат тартибига қарши норозиликларни уюштирган» ходимларга 5−10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
ССВ маълумотларига кўра, 8 декабрь куни Ўзбекистонда кунлик ковид статистикаси бироз камайиб, 122 кишининг вирусга чалингани маълум қилинди. Ҳудудлар кесимида пойтахт (66 нафар) биринчи ўринда.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Абдумавлон Абдуллаев 92 ёшида вафот этди. Шавкат Мирзиёев унинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Абдумавлон Абдуллаев ғўза генетикасининг фундаментал асосларини ривожлантиришга ҳисса қўшган эди.
Ўзбекистонда биринчи қор ёғиши билан энергия тизими инқирозга юз тутди. Бунга асосан аҳоли сони ошиб бораётгани сабаб қилиб кўрсатилди. Хориждаги йирик шаҳарларда ҳам шундай муаммо борми? Уларда ҳам газ ва «свет» тез-тез ўчадими? «Газета.uz» айни шу мавзуда чет элдаги ўзбеклар билан суҳбатлашди.
Янгибозор туманида фуқаро ва унинг невараси уйда вафот этди. Уларнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлгани айтилмоқда.
1 декабрдан йўлларда қоидабузарлик учун жарима балларни ҳисоблаш тест режимида бошланди. Хўш, жарима балларини кузатиб борса бўладими? Қоида бузмаган ҳайдовчилар рағбатлантириладими? Жарималар 12 баллдан ошса нима бўлади? Шу ва бошқа саволларга «Газета.uz» билан суҳбатда ЙҲХХ бошлиғи жавоб берди.
2019 йилда Ҳожиакбар Холматов Хитойга ўқиш учун жўнаб кетди. Уйидан олисда ўтказган 4 йил мобайнида у хитой тилини ўрганди, мамлакатнинг энг яхши университетларидан бирига грант асосида ўқишга кирди ва 20 та шаҳарга борди. У Хитой таълим тизими ва талабалар ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.
Ўзбекистон — шиорлар мамлакати. Улар бутун ҳаётимиз давомида ҳамроҳлик қилади. Биз уларни сезмаслигимиз ва маъноси ҳақида фикр юритиб кўрмаслигимиз мумкин, лекин улар, хоҳлаймизми ёки йўқ, ҳамманинг хотирасида муҳрланган. «Газета.uz» журналистлари мамлакатнинг турли нуқталаридаги шиорларни тўплади.
Қарши шаҳрида пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган вояга етмаган фуқарони уриб юбориб, кетиб қолган Cobalt ҳайдовчиси қидирувда эди. Хабар берилишича, ҳайдовчи топилган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Президент Администрацияси раҳбари топшириғига асосан 2023 йилнинг 1 мартигача давлат муассасасига қарашли машиналарга газдан фойдаланишни вақтинча тақиқланади. Шунингдек, 2 ой муддатга АИ-80 бензини импорти ва уни чакана сотиш учун акциз солиғи ундириш бекор қилинади.
402 кишини афв этган президент, Афғонистондаги темир йўл линиясини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлган Ўзбекистон, «блэкаут»дан огоҳлантирган энергетика вазири, газ ва электр муаммоларидан қамалмаганлар нолиётганини айтган депутатнинг ваколати тугатилгани ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Президент Конституция куни муносабати билан йўллаган табригида унга киритилаётган ўзгартишларга тўхталди. Бу ислоҳотларни «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмуни ва мантиғи, халқимиз билдираётган талаб, истак ва таклифлар, шиддат билан ўзгараётган даврнинг ўзи тақозо этмоқда», — деди у.
Ўзбекистон президенти фармони билан 402 киши, жумладан, 17 нафар хорижлик ва 63 аёл афв этилди. Хусусан, 223 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинмоқда. Шунингдек, 58 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.
Ишдаги камчиликлар ва Ўзбекистон энергетика тармоғида чеклашлар киритиш тартибини бузганлик учун «Миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси, «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, Қашқадарё ҲЭТК филиали директори ва «Тошшаҳарнур» ДУК раҳбарига ҳайфсан берилди.
Пастдарғом туманидаги 37-сон манзил-колонияда икки маҳкумнинг жанжаллашиши оқибатида улардан бири вафот этди. ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД ахборот хизматининг маълум қилишича, воқеа 6 декабрь куни содир бўлган. Ҳозирда прокуратура органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг