Самарқанд вилоятида машина 4 ёшли қизчани пиёдалар ўтиш жойида уриб юборди, у вафот этди. ЙҲХХ маҳаллада суҳбат уюштириб, аҳолига «огоҳликка чорловчи» буклетлар тарқатди.
Ҳафта мобайнида Ўзбекистон бўйлаб ҳаво очиқ ва иссиқ бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати ҳудудларга қараб, +35…+42 даражагача кўтарилади. Айрим тоғли ҳудудларда ёмғир ёғиши, шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши, жума куни эса баъзи жойларда чанг-тўзонлари кузатилиши мумкин.
Ўзбекистон биринчи президентининг ёрдамчиси сифатида фаолият юритган Георгий Крайнов 88 ёшида вафот этди. У сўнгги йилларда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида етакчи илмий ходим лавозимида ишлаб келаётганди.
Якшанба куни кечаси Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги озиқ-овқат дўконларида ёнғин содир бўлди. ФВВ ёнғин оқибатида учта дўконнинг тахминан 70 кв.м. майдонда шифт, том қисми ва озиқ-овқат маҳсулотлари зарарланганини маълум қилди.
Пойтахтнинг Юнусобод туманида номаълум шахс мушукка қарата тахминан пневматик қуролдан ўқ отгани айтилмоқда. ИИББ аҳолидан уй ёки кўча ҳайвонларига нисбатан ҳар қандай зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар беришни сўрамоқда.
Бухорода ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми доирасида Бухоро шаҳри 2022 йилда — «Туркий дунёнинг ёшлар пойтахти» деб эълон қилинди.
Россия 14 июндан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг темир йўл орқали киришига қўйилган чекловларни бекор қилмоқда. Биринчи бўлиб «Тошкент-Самара» ва «Тошкент-Волгоград» йўналишларида қатновлар йўлга қўйилади.
Адлия вазирлиги «сўм» рамзи бўйича танлов ғолиби бўлган белги ва «In-Core systems» компанияси логосидаги ўхшашликларга муносабат билдирди. Таъкидланишича, «Франция компаниясининг логоси Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган ва ҳимояланмаган», пул белгилари эса «муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланмайди».
Омбудсман Фарғонанинг 10-сон тергов ҳибсхонасида ўғлини калтаклашгани ҳақида арз қилган онанинг мурожаатини ўз назоратига олди. Ҳибсхона ходимлари гумонланувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишни сўраганда маҳбусни «терпила» деб, калтаклаган ва «бу ердан ўлигинг чиқади» деб жавоб берган.
«Чилонзор» йўналишида ҳаракатланаётган поезд электр таъминоти билан боғлиқ носозлик сабаб «Олмазор» бекатида тўхтаб қолди. Тошкент метрополитени маълум қилишича, бунинг оқибатида йўналишнинг қолган бекатларида поездлар вақтинча бир томонлама ҳаракатланишига тўғри келган.
Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича комиссияга ўлим жазосини тиклаш ва парламентар республикага ўтиш таклифлари юборилди. Комиссия раиси Акмал Саидов ўлим жазоси ҳақида «давлат ўзи бермаган нарсасини олиб қўйишга ҳаққи йўқ» деди, парламентар республика эса «бизга керак бўлмаса керак» дея таъкидлади.
Американча олчали пирог, штрейзель ва олчали пирожкалар, творогли хамирдан олчали ўрамалар, олча ва ўрикли пирог, олчали кекс ва бошқалар — Zira.uz мазали олчали пишириқлар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Тошкентдаги Кичик халқа йўлида Nexia-3 автомобили пиёдаларга йўл бериш учун тўхтаган автобус орқасига келиб урилди. «Тошшаҳартрансхизмат» маълум қилишича, катта тезликда ҳаракатланган енгил автомобиль ҳайдовчиси шифохонада вафот этган.
Ўзбекистонда янги сўм рамзи ва унга фаоллар муносабати, Хоразмга борган ўзбек-тожик президентлари, деярли 63 млн сўмгача кўтарилган ҳаж тўлови, айрим АЁҚШларда бензин тўлиқ қуйилмаётгани, ишдан кетган 40 нафар фарғоналик ҳоким ёрдамчиси ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 3 июндаги хабарлар дайжестида.
«Ўзнефтгазинспекция» томонидан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ўтказилган текширувлар давомида бир қатор қонунбузарликлар аниқланган. Хусусан, 43 та ҳолатда истеъмолчиларга бензин ҳар 10 литр учун 10 дан 740 мл гача кам қуйилаётгани маълум бўлди.
«Яхшироқ вариантлар борлиги аниқ», «Бу қанақадир хусусий банк логотипи эмаску», «Коинотдан совға»… Жамоатчилик фаоллари ўзбек сўмининг рамзий белгиси танловида ғолиб бўлган лойиҳа бўйича турлича фиклар билдиришди. Айримлар ўз лойиҳаларини таклиф қилишди. «Газета.uz» уларни бир мақолага тўплади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ер участкаларини автоматлаштирилган ахборот тизими орқали хусусийлаштириш учун аризаларни қабул қилишни бошлади.
Пойтахт ҳокимлиги аҳолидан дарахтлар атрофи бетонлангани ёки асфальт ётқизилаётган ҳолатлар ҳақида Xalq Nazorati платформаси орқали хабар беришни сўради. Таъкидланишича, бу тўғридан-тўғри ижрочилар билан тезда боғланишга ёрдам беради.
Ҳукумат қарори билан Хорижий ОТМда контракт асосида ўқиётган Президент мактаблари битирувчиларига субсидия ажратилади. Қолаверса, «Янги Ўзбекистон» университетининг айрим талабаларига давлат гранти берилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам талабгорлар ўқиш тугагач 5 йилгача ишлаб бериши керак бўлади.
Самарқандда қозоғистонлик ва маҳаллий туристларга куч ишлатган, шу жумладан, электрошокер қўллаган Ички ишлар бўлимининг икки нафар ходими ишдан бўшатилди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг