Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ёзда Роғун ГЭСдан электр энергия экспорт қилиш бўйича меморандум имзолади. Йил охиригача энергия сотиб олиш ҳажми ва тарифлари бўйича шартнома тузиш режалаштирилган.
Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги «Олот» ва «Фарап» ўтказиш пунктлари одатий режимга қайтиб, Туркманистон ҳудудига хорижий автоташувчиларнинг кириши билан боғлиқ бир қатор чекловлар бекор қилинди.
Нархи ошган «буханка», ўсимлик ёғи маҳсулотларини экспорт қилишни тақиқлаган Ўзбекистон, Самарқандда тўй вақтида овқатдан заҳарланган 19 киши, қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун $2,4 млн ажратадиган USAID, камарга ёзилган штраф учун жанжал кўтариб, қамалган 3 нафар қашқадарёлик ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 1 июндаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистон музейларида экспонатларнинг оммавий ўғриланиши ва қалбакилаштирилиши ҳақидаги хабарлардан сўнг, президент музей ашёлари ва коллекцияларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, уларни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича топшириқ берди. Тошкентдаги учта музейни хорижий музейлар тажрибаси асосида реконструкция қилиш, жиҳозлаш, рақамлаштириш ва янги экспозициялар яратиш ишлари олиб борилмоқда. Қолаверса, Маданий мерос кодекси ишлаб чиқилиши кутилмоқда.
Ғалла ўрим йиғими мавсуми бошланиши муносабати билан Давлат экология қўмитаси аҳоли ва фермерларни далаларда қолган сомон поя қолдиқларини ёқмасликка чақирди. Сомон поя қолдиқларини ёқиш иқтисодиёт ва атроф-муҳитга кўплаб зарар этказади. Бу тупроқ унумдорлигининг кескин пасайишига, ҳавонинг ифлосланишига ва бошқа зарарларга олиб келади.
«Қурол тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланмоқда. Шунингдек, ов қуроли ва ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ёш чегараси 25 ёш этиб белгиланди. Қолаверса, қурол эгалари даврий тиббий текширувдан ўтказиб турилади.
Қаршида хавфсизлик камарини тақмаганлик учун белгиланган жаримадан норози бўлиб йўлни тўсган такси ҳайдовчиларнинг 3 нафари 10 суткага қамалди, яна 12 нафари огоҳлантирилди.
Президент имзолаган қонунга мувофиқ, кўп квартирали уйлар конструкцияларини ноқонуний ўзгартирганлик ва уларга туташ ерда қурилиш ишларини амалга оширганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Ҳуқуқбузар жисмоний шахслар 9 млн сўмгача, мансабдорлар эса 15 млн сўмгача жаримага тортилади. Қоидабузарликни биринчи марта содир этган шахс ихтиёрий равишда муаммони бартараф этса, жавобгарликдан озод қилинади.
Антимонополия қўмитаси пойтахтда қолипли нон («буханка») нархининг кескин кўтарилганига муносабат билдирди. «Ун маҳсулоти заҳираси шакллантирилган бўлиб, нарх наволарнинг кескин ошиб кетмаслиги учун зарур миқдорда савдоларга қўйиб борилади», — дейилади хабарда. Қўмита фуқаролардан сунъий «ажиотаж» вужудга келтирмасликни сўрамоқда.
«Озод Европа Радиоси / Озодлик Радиоси» медиа корпорацияси президенти Жейми Флай Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида музокаралар ўтказди. Учрашувда «Озодлик» материаллари Ўзбекистон қонунчилиги ва «журналист этикасига» мос келиши, қолаверса, журналистларни аккредитациядан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистондаги, айниқса, Оролбўйи ҳудудидаги қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун 2,4 млн доллар ажратади. Маблағлар аёлларни тадбиркорлик кўникмалари ва касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг фаолиятини микромолиялаштириш, қолаверса, мураббийлик ва бандлик дастурларини амалга оширишга йўналтирилади.
Пастдарғом туманида икки нафар шахс ҳокимлик захирасидаги 70 сотих ер майдонини ноқонуний равишда 65 минг долларга сотишга урингани айтилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари гумондорларни келишилган маблағдан 32 минг долларини олган вақтида ушлади.
Бюджет ташкилотлари ходимларининг 12 фоизга оширилаётган иш ҳақи, малака тоифасига қараб тиббиёт ходимларининг ошаётган ойлик маоши, ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча имтиёзлар, ипотека кредитининг дастлабки бадали қоплаб бериладиган ёш ватандошлар, харажатларининг бир қисми тўланадиган маҳаллий сайёҳлар, волонтёрлар учун электрон платформа — 1 июндан нималар ўзгаради?
1 июндан бошлаб пахта, кунгабоқар ёғи ва уруғи ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва меваларини экспорт қилиш вақтинча тақиқланди. Ушбу маҳсулотлар ички бозорда етарли бўлган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси экспортни қайта тиклаши мумкин. Қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби ҳам вақтинча тўхтатилди.
Жомбой туманида 19 нафар фуқаро тўйда овқатдан заҳарланиб, тиббиёт бирлашмаларига мурожаат қилган. Улардан 14 нафарининг соғлиги қониқарли, 5 нафари тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда. Самарқанд вилоят ИИБ ижтимоий тармоқларда тўйда 200 киши заҳарлангани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.
Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб қолипли нон («буханка») нархи ошиб, 2800 сўмга сотилмоқда.
Қаршида 27 ёшли фуқаронинг жасади уйидан қотиллик аломатлари билан топилди. Қашқадарё вилоят прокуратураси уни 18 ёшли фуқаро ўлдирганликда айбланаётганини маълум қилди, гумонланувчи ҳибсга олинди.
Январь-май ойларида Ўзбекистонда чақалоқларга қўйилган энг машҳур исмлар Солиҳа ва Муҳаммадали бўлди. Улар 2021 йилнинг I чораги ва 2020 йилда ҳам энг кўп қўйилган исмлар қаторидан жой олганди.
Жиззах вилоятининг тўртта ҳудудида гиёҳвандлик моддаларини етиштириш ва сотишга уриниш ҳолатлари фош этилди. Жумладан, ургутлик шахс Бахмал туманида тўхтатиб, текширилганида, унинг ёнидан 968,79 грамм опий борлиги аниқланган.
Андижонда Андижон давлат чет тиллар институти ташкил этилмоқда. ОТМ биринчи талабаларни жорий йилда қабул қилади. Талабалар иккита чет тили бўйича малакага эга бўлишади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг