Ўзбекистонда футболни севишади ва кўпчилик болалигидан севимли жамоасини танлаб, унга ишқибозлик қилади. Журналист Давлат Умаров «Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?» лойиҳаси доирасида 2018 йил Россияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида волонтёр сифатида қатнашгани ҳамда «Ливерпуль» футболчиси Стивен Жеррарднинг бутсасини илиб олишига бир баҳя қолганлиги ҳақида сўзлаб берди.
Microsoft билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича онлайн учрашувда АКТ вазирлиги компанияга Ўзбекистонда офис очишни таклиф қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги шер боласи тишлаб олган боланинг аҳволи қониқарли экани, у пойтахтдаги 2-болалар поликлиникасида даволанаётганини маълум қилди. Боланинг аҳволини травматология ва нейрохирургия бўлими мудири ҳамда Ўзбекистон бош рабиологи назорат қилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Уткиржон Қодиров Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У ушбу лавозимда Бахром Юсуповнинг ўрнини эгаллади.
Нукусда Ўзбекистондаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси асосида илк диализ маркази иш бошлади.Май ойидан Урганч ва Боғот туманида ҳам шундай клиникалар иш бошлайди, йил охиригача эса Тошкентда энг йирик клиника ишга тушади.
Янгиланган Soliq мобил иловасида техник камчиликлар, жумладан, кешбэкни рўйхатдан ўтказиш, тасдиқлаш, уни ечиб олиш ва картани киритишда муаммолар кузатила бошлади. Буни бир қанча истеъмолчилар қайд этишди, шу жумладан, «Газета.uz» ҳам бу каби қийинчиликлар мавжудлигини аниқлади. Давлат солиқ қўмитаси мазкур ҳолатни «фойдаланувчилар сонининг ошиши билан айрим ҳолатларда техник камчиликлар кузатилиши мумкин» дея изоҳлади.
Айрим ҳоким ёрдамчиларининг таъмагирлиги ҳақида гапирган Шавкат Мирзиёев, ўқувчи қизларга тегажоғликда гумонланаётган мактаб психологи, Афғонистон билан чегарада вазият барқарорлигини айтган Шерзод Асадов, аукционга қўйилган АКТ вазирлиги биноси, Ортиқхўжаевни қатъий огоҳлантирган президент ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 19 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Олд ўриндиқда хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримани йўловчининг ўзи тўлайди, дея маълум қилди ИИВ. Жарима миқдори БҲМнинг ярмини (135 минг сўм) ташкил қилади. Бироқ, МЖТКга ҳали йўловчилар жавобгарлиги бўйича ўзгартиришлар киритилмаган.
Президент Тўрақўрғон тумани «Шарқ» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси пора олгани учун 5 йилга қамалганини маълум қилди. «Жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари „кредит, субсидия, ер олиб бераман“, деб таъмагирлик қилаётгани ҳам жуда ачинарли ҳолат», — деди Шавкат Мирзиёев. Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари қатъий огоҳлантирилди.
Президент «Технопарк» (собиқ ТАПОиЧ авиация заводи) ҳудудида қурилаётган аквапарк ва Астрономия паркидаги гуллар боғи лойиҳаси билан танишди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг сўзларига кўра, пойтахтдаги ёпиқ аквапарк Марказий Осиёда энг йириги бўлади.
Фарғона вилоятининг Фурқат туманида яшовчи фуқаро ўзига тегишли ер майдонида 6 туп кўкнори етиштираётганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкентдаги 158-мактаб психологи 3 — 5-синф қизларига нисбатан номақбул хатти-ҳаракатларни қилганликда гумонланмоқда. У руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган. Шунингдек, қизларни икки нафар катта ёшли эркак гинеколог тиббий текширувдан ўтказгани улар руҳиятига янада кўпроқ салбий таъсир кўрсатгани айтилмоқда. Ҳодиса юзасидан Бош прокуратура, ХТВ ва Тошкент ИИББ баёнот берди.
«Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластери ҳудудида Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш маркази ташкил этилди. Марказга тиббий, клиник ва лаборатория жиҳозларини харид қилиш учун билан таъминлаш Корея Эксимбанки жамғармаси кредитлари йўналтирилади.
МИБ томонидан 13 ёшли болакайга «вояга етмаган болалар учун алимент тўламаганлиги учун» тақиқ қўйилгани аниқланди. У ўз онаси билан Россияга чиқиб кетаётганида авиарейсдан тўхтатиб қолинган. МИБ ушбу ҳолат «техник хатолик сабабли» юз бергани ва давлат ижрочисига интизомий жазо қўлланганини маълум қилди. Қолаверса, моддий зарарни ундириш учун судга мурожаат қилиш сўралди.
16 ёшдан ошган 122 минг нафардан ортиқ ёки 31 фоиз мактаб битирувчиси ҳалигача паспорт олмаган. Халқ таълим вазирлиги битирувчилар паспортсиз (ID-карта) интернет орқали олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат топшира олмаслигини эслатди.
Миллий гвардия ходимларига маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузганлар, вояга етмаганларни тунги вақтда кўнгил очиш (дам олиш) жойларида бўлишига йўл қўйганлар, жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичганлар ва бошқаларни жаримага тортиш ваколати берилмоқда.
Қашқадарё вилоятида янги ташкил этилган Кўкдала туманига Чироқчи тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Хуррам Жўраев тайинланди. Чироқчи туманига эса Нодир Эркаев ҳокимлик қилади.
Самарқандда фуқарони Қозоғистондаги университетлардан бирида 3 йил ўқиганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар билан СамДУга киритиб қўйишга ваъда қилган шахс ушланди. У 2 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Навоий вилояти ҳокими матбуот котиби ҳамда Хатирчи тумани ҳокими ўринбосари бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари вилоят кенгашида депутат сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Сайлов қонунчилигига кўра, ижро ҳокимияти вакили бир вақтнинг ўзида депутат сифатида фаолият кўрсатиши мумкин эмас. Аввалроқ Кармана тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ва вилоят ҳокимлиги котибият мудири ҳам депутатлик қилиб келаётгани ҳақида ҳам ёзгандик.
Яшнобод туманида икки фуқаро тадбиркорга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали банкдан 2 млн доллар имтиёзли кредит олиб беришга ваъда қилиб, бунинг эвазига 100 минг доллар устама пули сўраганликда гумон қилинмоқда. Улар 55 минг долларни олган вақтида ушланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг