Чоршанба куни Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида коронавирусни юқтириб олиш ҳолатлари аниқланмади. Кун давомида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Андижон ва Навоийда жами 14 кишининг ПЗР-тести мусбат натижани кўрсатди.
Ўзбекистонда Интерпол томонидан Европа мамлакатларида ўта йирик ҳажмдаги ўғриликларни содир этган уюшган жиноий гуруҳга алоқадорликда гумонланиб қидирилаётган эркак қўлга олинди.
2024 йилгача барча давлат органлари ва муассасаларида раҳбарнинг камида битта ўринбосари аёл киши бўлади. Бу президент фармонида назарда тутилган.
Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёрдамчиси фуқародан 60 сотих ер майдонини олиб бериш эвазига 5,5 млн сўм сўрагани хабар қилинди. У пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
1 майдан Ўзбекистонда «Автомобиль тарихи» давлат хизмати йўлга қўйилади. У автомобилнинг агрегат маълумотлари, босиб ўтган масофаси, ЙТҲ содир этилганлиги, тақиқ бор-йўқлиги ва бошқа ахборотларни ўз ичига олади. Хизмат нархи БҲМнинг 10 фоизини ташкил этади.
Украинанинг уруш кетаётган ҳудудларидан эвакуация қилинаётган ўзбекистонликлар, пластик карталардан пул ўғирлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши, автомобиль олди-сотдисини нотариал расмийлаштирганлик учун давлат божи камайтирилиши, Олимпия шаҳарчаси лойиҳаси, яшин урган 3 нафар қашқадарёлик ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 9 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Қашқадарёда «Шўртангазкимё» МЧЖнинг Ташқи сув таъминоти насос станцияси ходими 6 туп соғлом, 4 туп санитар ҳолатини йўқотган қайрағоч дарахтини таг қисмидан кесиб ташлагани аниқланди. Бунинг оқибатида у табиатга 32,4 млн зарар етказгани айтилмоқда. Унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, ҳужжатлар судга юборилди.
Қашқадарёнинг қатор туманларида кучли шамол биноларнинг томини учириб, симёғочларнинг қулашига сабаб бўлди. Уч киши жароҳатланди. Аввалроқ, вилоятнинг Деҳқонобод туманида 3 кишини яшин ургани, улардан бирининг вафот этгани хабар қилинган эди.
Ҳукумат қарори билан Спортни ривожлантириш вазирининг маслаҳатчиси лавозимига Авазжон Каримов тайинланди.
Қонунчилик палатаси депутатлари бир қатор давлат божи миқдорларини камайтиришга оид қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Жумладан, ҳужжатда барча автомобилларнинг олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштирганлик учун давлат божини ягона — 810 минг сўм, «гендоверност» учун эса — 540 минг сўм этиб белгилаш назарда тутилган.
Деҳқонобод туманида 3 кишини яшин урди. Натижада улардан бири вафот этди, қолган иккисига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Эндиликда пластик карталар ва банк ҳисобрақамлардан пул ўғрилаш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 168 ва 169-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутган қонунни қабул қилди.
Ўзгидромет Тошкент шаҳрида яқин 2 соат ичида кучли момақалдироқ билан ёмғир ёғиши, шунингдек шамол тезлиги 12−14 м/сгача кучайишини маълум қилди.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясига иккинчи А321neo NX ҳаво кемаси олиб келинди. Самолёт Тошкент — Лондон, Тошкент — Сеул, Тошкент — Куала Лумпур каби йўналишларда қатновни амалга оширади.
Ташқи ишлар вазирлиги тасарруфидаги «Дунё» ахборот агентлиги номи ўзининг аввалги «Жаҳон» номига қайтарилади. Агентлик ушбу қарорни «Дунё» ёки унга ўхшаш номларга эга кўплаб тузилмалар пайдо бўлгани билан изоҳлади.
Пойтахтнинг Яшнобод туманидаги 100 гектар майдонда Олимпия шаҳарчаси қурилади. Унинг марказида олимпия стадиони, ёпиқ спорт мажмуалари, сув спорти саройи, машғулот майдончалари, эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади. Мусобақалар бўлмаган вақтда эса шаҳарчада Олий спорт маҳорати институти, спорт федерациялари фаолият олиб боради. Янги Ўзбекистон кўчасида дарахтлар экилиб, сайилгоҳ ташкил этилади (фото).
Uzbekistan Airways «йўловчилар орасида талабнинг ортиши» муносабати билан Тошкентдан Москва ва Санкт-Петербургга қўшимча рейсларни жорий қилмоқда.
Украинадан Польша орқали эвакуация қилинган ўзбекистонликлар сони 5037 нафарга етди. Суми шаҳридан 23 нафар талаба эвакуация қилинган. ТИВ эвакуация ишларида асосий эътибор уруш ҳаракатлари кузатилаётган чекка ҳудудларда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқишга қаратилганини маълум қилди.
15 мартдан бошлаб Тожикистон-Ўзбекистон давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти одатдаги иш режимига ўтказилмоқда. Тожикистон ҳукумати МДҲ давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон томонидан берилган коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни расман тан олишни бошлади.
Чоршанба куни Ўзбекистон COVAX дастури доирасида коронавирусга қарши 2 млн 257,6 минг доза Moderna вакцинасини қабул қилиб олди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг