Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ўзтиблойиҳа» лойиҳа ташкилотига туркиялик мутахассис Гурай Каймак раҳбарлик қилади. У пойтахтдаги собиқ Intercontinental меҳмонхонаси биноси ва Ўзбекистондаги бошқа объектларни лойиҳалаштиришда иштирок этган.
Ҳукумат Тошкент ҳокимлигига 2022 йил охиригача шаҳар бош режасини ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди. Пойтахт бош режасини ишлаб чиқишни якунлаш муддати бугунги кунгача бир неча бор ортга сурилган.
Иқтисодчи Ботир Қобилов йилига 200 млн туп дарахт экилиши ташаббуси ҳақида фикр билдириб, мазкур вазифанинг ижросига озгина шубҳаси борлигини таъкидлади. «Энг муҳими, экилган дарахтнинг „меваси“ 15−20 йил ичида келмайди. Балки 200 млн туп эмас, 10 млн тупнинг ўзи етарлидир», — деди у.
Коронавирусга қарши қўшимча доза билан эмлашга рухсат берилиши, Зойир Мирзаев видеоселектор тарзида илк «ҳокимлик соати»ни ўтказиши, Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасида ДХШ лойиҳаларини кўпайтириш бўйича йиғилиш ўтказиши — «Газета.uz»нинг 22 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, Ўзбекистонда 2026 йилга қадар қуёш ва шамол электр станциялари умумий қуввати 8 минг мегаваттга етказилади. Шунингдек, «йирик саноат корхоналари ҳам ўз энергия таъминоти бўйича қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкил этиши учун зарур шароитлар яратиш керак».
Яккабоғ туманида яшовчи 5 ёшли бола уйида чироқ соатлаб ўчаётгани боис масъулларга мурожаат йўллади. Қашқадарё «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бир қатор ҳудудларда «таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабаб электр таъминотида узилиш бўлишини» маълум қилмоқда.
Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 млн нафардан кўпроқни ташкил этмоқда. Шундан қарийб 3 млн нафари ёшга доир пенсия олувчилар ҳисобига тўғри келади.
Транспорт вазирлиги инспекторлари эндиликда автомобиль ташувлари соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни аниқлаш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш учун планшетлардан фойдаланади. Дастлабки босқичда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Энди ОТМ талабалари давлат имтиҳонидан йиқилса, бир йил кутмайди. Улар томонидан қайта топшириш тўғрисидаги аризалар йиғилишига қараб бир ўқув йилида (3 йил давомида) икки мартагача давлат имтиҳонларини қайта топшира олади.
Дунё бўйлаб ўтказилган тадқиқотлар натижалари COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари ниқоб тақиш натижасида 53 фоизгача ва жисмоний масофа сақлаш орқали 25 фоизгача камайишини кўрсатди. Тадқиқотчиларнинг хулосасига кўра, ниқоб тақиш, ижтимоий масофаланиш ва қўлларни ювиш амалиёти вакцинация дастурлари билан параллель равишда давом эттирилиши зарур.
Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши улкан байроқ учун 300 млн сўм ажратиш бўйича қарор чиқарди. Кейинроқ вилоят ҳокими бунга эътибор қаратиб, шаҳар ҳокими билан келишган ҳолда байроқ устунини қуришни бекор қилди. Маблағлар йўл таъмирига ва коммунал соҳаларни ривожлантиришга йўналтириладиган бўлди. Апрель ойида ҳам вилоятнинг собиқ ҳокими Зойир Мирзаев 1 млрд 350 млн сўмлик байроқ қурилишини тўхтатган эди.
Ҳафта бошида аномал илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Чоршанба куни Каспий денгизининг жанубий ҳудудларидан нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда ёғингарчилик бўлади. Ҳаво ҳарорати +13…+18 даража илиқ атрофида бўлади.
Яшнобод туманида номаълум шахс мушукларни пакетга солиб, подъездга олиб кириб, қийнаган ва улардан бирини ўлдирган. Пойтахтга ИИББга кўра, ушбу шахс аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тергов олди текшируви ўтказилмоқда.
Душанба куни пойтахтнинг 4 та туманида газ қувурини қайта улаш ишлари режалаштирилгани сабабли айрим ҳудудларда газ таъминоти вақтинча тўхтатилади.
Ўзбекистонда тўлиқ эмлаш курсини тамомлаган фуқароларга коронавирусга қарши ихтиёрий бустер доза билан эмлашга рухсат берилди.
Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан Эрон ва Покистондан импорт қилинган картошкаларда хавфли зараркунандалар (нематодалар) аниқланди. Таъминотнинг бир қисми экспортчиларга қайтарилган, баъзилари эса йўқ қилинган. Нематодларнинг тарқалиши билан картошка, помидор, бақлажон ва бошқа экинларнинг ҳосилдорлигини камайтириш хавфи мавжуд.
19 ноябрдан кучга кирган қонунга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари коррупциявий ҳуқуқбузарликларни ўрганиш учун жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш, ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, ташкилот БМТнинг бошқа давлатларга ёрдам кўрсатадиган органлар қаторига киритилди.
Таниқли актёр, ўзбек киноси афсонаси Бахтиёр Ихтиёров 81 ёшида вафот этди.
Ўзбекистонда илк бор ЙТҲ қурбонлари хотираси ёдга олинди. Йўл ҳаракатининг турли иштирокчилари ва муҳандислар кўча ва йўллардаги хавфсизлик, болаларга ЙҲҚни ўқитиш дастурлари, Тошкентда велосипед инфратузилмаси муаммолари ва уларни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилдилар.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида президент мактаби очилди. Унинг қурилиши Discover Invest компанияси томонидан амалга оширилди, лойиҳа қиймати 84 млрд сўмни ташкил этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг