24 февраль куни Россиянинг Украина ҳудудида ҳарбий операция бошлаши ортидан Россия ва Беларусь интернет фойдаланувчилари орасида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш кескин ортиб кетди. Google`да 1000 рубль ўзбек сўмида қанча бўлиши, Москвадан Ўзбекистонгача бўлган билетлар, Ўзбекистонга кириш қоидалари ва бошқа сўровлар кескин ортган.
Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати +35 даражагача кўтарилади. Туркманистондан зич булут қатламлари кириб келиши эвазига айрим ҳудудларда момақалдироқ бўлиши ва ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Термиздаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида гуманитар, педагогика ва муҳандислик соҳалари бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унда 345 нафар афғонистонлик бепул таҳсил олиши мумкин бўлади. Европа Иттифоқи мазкур ташаббус учун 1 млн евро ажратди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўқишини чет элдан кўчириш истагида бўлган талабаларнинг имтиҳонларга тайёрланишга етарлича вақти бўлиши учун давлат ОТМларга ўқишни кўчириш бўйича ўтиш балларини 4 ой олдин эълон қилди. Жорий йилда 100 минг талабанинг ўқишини чет элдан кўчириши кутилмоқда.
1 майдан бошлаб пенсия ва нафақа пулларини банк карталарига оладиганлар учун 1% қўшимча тўлов тўлаб берилади. Нақд пулда пенсия, нафақа ва моддий ёрдам пулларини етказиб бериш хизматлари учун эса «Халқ банки»га 1 фоиз хизмат ҳаққи тўлаб берилади. Бу маблағлар пенсия ва нафақа олувчилар ҳисобидан эмас, Пенсия жамғармаси ва бюджет пулларидан қопланади.
Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» дастури ижроси аҳволи қониқтирмаслигини айтиб, «айрим ҳудудларда ишлар номигагина ташкил этилаётгани, кўзбўямачилик давом этаётганидан» хабари борлигини маълум қилди. Таъкидланишича, экилмаган 5 млн туп кўчатни ҳисоботда қўшиб ёзиш ҳолатлари ҳам учраяпти. Қолаверса, теракнинг аллергия чақирмайдиган навларини экишга ҳам кўрсатма берилди.
Тадбиркордан савдо нуқтаси учун ноқонуний пул талаб қилган «Фарҳод деҳқон бозори» директори ва унинг хавфсизлик бўйича ўринбосарига жиноят иши қўзғатилди. Улар ушбу бозорга хизмат кўрсатувчи банк кассири орқали 3,4 млн сўм олмоқчи бўлган.
Қорақалпоғистондаги Судочье кўлида яшовчи сув қушлари ва йиртқич қушлар баҳорги ўрганишлар чоғида экологлар камерасига муҳрланди. Экология давлат қўмитаси томонидан «Судочье-Акпетки» давлат қўриқхонасида яшовчи қушлар суратлари чоп этилди.
Президент қарори билан «Очиқ бюджет» порталида ташаббускор бюджет доирасидаги 139 та лойиҳани молиялаштириш учун қўшимча 85,4 млрд сўм йўналтирилди. Гап ҳар бири 2000 дан ортиқ овоз олган (жами 480 мингдан ортиқ овоз), лекин овоз бериш жараёнида ғолиб деб топилмаган лойиҳалар ҳақида бормоқда.
Орол денгизининг коинотдан кўриниши, Uzmetronom асосчиси устидан арз қилган Комил Алламжонов, саломатлиги туфайли ишдан бўшатилган энергетика вазири, Андижонда божхона пости бошлиғи ва икки ходими ҳибсга олингани, янги қурилаётган цемент-бетон қопламали йўллар сифатини назорат қиладиган Бош прокуратура ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 7 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
1 июлдан 38 турдаги давлат хизматини тасдиқлаш электрон имзо ўрнига мобил телефон ёрдамида амалга оширилади. Шунингдек, 6 турдаги лицензия олиш учун талаблар, қолаверса, коммунал ташкилотларнинг 32 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилинади.
Тошкент ҳокимияти маъмурияти ташкил этилганига 15 кун бўлган «Profi event» компаниясига Наврўз сайлини ўтказиш учун 1 миллиард сўмлик ишларни тендерсиз топширди. Унда компания 3 кун давомида «Янги Ўзбекистон» боғида бир қатор хизматларни кўрсатиши белгиланган. Келишувга мувофиқ, асосий конструкциялар қурилиши айнан шартнома имзоланган санада тугатилиши керак бўлган.
Тошкентда Космонавтлар майдонини реконструкция қилиш ишлари деярли якунланиб қолди. Бу ердаги гранит плиталар алмаштирилди ва янги ўсимликлар экилди. Бироқ, санъат ва архитектура тарихчиси Борис Чухович «реконструкторлар муаллифларнинг асл бадиий ғояларига етарлича эътибор бермаган ва ёдгорликнинг яхлитлигини бузган», деб ҳисоблайди. У шу каби ишларни қилишдан аввал аҳоли ва мутахассислар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
Президент жорий йилда вилоятларда жами 2300 км, пойтахтда 250 км цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этилишини маълум қилди. Унга кўра, цемент ишлаб чиқариш ҳажми шу йили 18 млн тоннага етказилади. Бош прокуратура мазкур йўллар сифати устидан қатъий назорат ўрнатади. Импорт қилинадиган цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари божхона божи ва утилизация йиғимидан озод этилади.
Чиноз туманида банк ходими «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида фуқароларга ажратилган 2 млрд сўмдан ортиқ кредит маблағларини турмуш ўртоғи ва яқинларининг номларига очилган деҳқон хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказиб, пулларни нақдлаштириб келганликда гумон қилинмоқда. У, шунингдек, 10 нафар фуқарога уларнинг хабарисиз кредит ажратиб, пулларни ўзлаштиргани маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Самарқанд туризм марказини қуришни тезлаштириш юзасидан масъулларга топшириқ берди. Лойиҳага кўра, ушбу мажмуада конгресс холл, «Абадий шаҳар» карвон саройи, 8 та меҳмонхона қуриш кўзда тутилганди. Ҳозирги кунга келиб, меҳмонхоналар, қадимий шаҳарчалар, йўл ва кўприкларни қуриш ишлари олиб борилмоқда (фото).
Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежков устидан ҳуқуқ-тартибот органларига арз қилди. Бунга Комил Алламжонов ҳимояси остида Ўзбекистонга 4,2 млн долларлик тилла ва бриллиант тақинчоқлар ноқонуний олиб кирилгани айтилган «Бриллиант бола» номли мақола сабаб бўлди. Мазкур ахборотнинг биринчи манбаси эса Eltuz ресурси ҳисобланади.
ХКС космонавти Олег Артемьев интернет фойдаланувчилари илтимосига кўра Орол денгизи суратларини эълон қилди. Суратда Ўзбекистондаги Ғарбий ва Шарқий Оролнинг бир-бири билан ингичка сув йўли билан туташгани ҳамда Қозоғистондаги Кичик Оролнинг зумрад ойнадек тургани акс этган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримов лавозимидан озод этилди. У UzAuto Motors монополиясига қарши чиққан эди ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Ягона имтиҳон маркази ишга тушгандан кейин давлат имтиҳон марказлари ёпилгани нотўғри бўлганини айтган эди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили офисига 2021 йилда 18,7 мингдан кўпроқ мурожаат келиб тушди, бу бир йил аввалги кўрсаткичга (14,9 минг) қараганда ошган. Шундан 11257 таси кўриб чиқиш учун иш юритувига олинган. Мурожаатларнинг асосий қисмини мулкка бўлган ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий имтиёз ва нафақалар олиш каби масалалар ташкил этган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг