Ўзбекистон бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев «Халқ сўзи» газетасига тақдим этган мақоласида прокуратура тизимида коррупцияга қарши кураш, назорат тадбирларида аниқланган талон-торож ҳолатлари ва бошқаларга тўхталди. Жумладан, қурилиш соҳасида — 78 млрд сўм, қишлоқ хўжалигида — 89,7 млрд сўм, ойлик ва нафақалардан — 16 млрд сўм, табиий газдан — 41 млрд сўм талон-торож қилинган.
Самарқандда 2022 йилда ўтказилиши кутилаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) саммитига тайёргарлик ишларида жами 7,4 млрд сўм пул талон-торож қилингани ва нотўғри сарфлангани аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари ўтказилмоқда.
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида электр кабели илинган иссиқ сув қувурини ушлаган 8 ёшли қиз ток уришидан вафот этди. Прокуратура туман электр тармоқлари корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатди.
Андижон ва Хоразмда фуқароларни 4 минг АҚШ долларига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган фирибгарлар тезкор тадбир давомида ашёвий далил билан ушланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
«Ўзбекнефтгаз» ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари ўзларига топширилган 297,8 млн сўмлик қувур ва қора металларни талон-торож қилди.
Вафот этган фуқаронинг мурдасини ўликхонадан чиқариб бериш эвазига 200 АҚШ доллари талаб қилиб олган суд-тиббий эксперти ушланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
«Агробанк» Сирдарё вилояти Мирзаобод филиалининг собиқ бошқарувчиси 3 нафар тадбиркорнинг хабардорлигисиз улар номига 520 млн сўм кредит расмийлаштириб, пулларни ўзи ишлатиб юборгани фош этилди.
4 август куни Россиянинг Қозон шаҳридан чартер рейс орқали Ўзбекистонга олиб келинган ва «Саёхат» меҳмонхонасига карантинга олинган 31 ёшли деновлик эркак, меҳмонхонанинг 4-қаватидан ўзини улоқтириб ўз жонига қасд қилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратура Наманган вилоятида боғчани таъмирлаш жараёнида ҳақиқатда бажарилмаган 173,2 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганини аниқлади. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши кўзғатилган.
Сирдарё вилоятида кўп қаватли уйлар қурилишларида деярли 2,5 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бош прокуратура барча ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатди, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Қорақалпоғистон прокурорига тунда прокуратурага чақирилган ҳамда телефонлари ва ноутбуклари тортиб олинган журналистлар билан бўлган воқеа юзасидан танбеҳ берди. Унинг сўзларига кўра, прокурорларнинг ҳаракатларини ўрганиш ишлари бошланган.
Андижонда вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг мансабдорлари 326,4 млн сўмлик дезинфекция воситаларини бозор нархидан 159,3 млн сўмга сотиб олиб, бюджет маблағларини талон-тарож қилди. Аввалроқ Навоий, Наманган, Бухоро ва Қашқадарёда ҳам худди шундай жиноятлар содир этилганди.
2020 йили Бош прокуратура томонидан қўзғатилган жами 327 та жиноят иши бўйича 459 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилди. Улар мамлакатга 172,2 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказган. Энг кўп жиноятлар туман (шаҳар) даражасидаги ходимлар томонидан содир этилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг