«Ҳудудгазтаъминот» корхонаси Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида газ таъминоти босқичма-босқич тикланаётганини маълум қилди. Аҳолидан: «газ плиталарини, иситиш ва сув иситгич асбобларини ҳамда дудбуронларни пухта текшириш» сўралди. Электр жиҳозларини ёқишдан олдин хонада газ ҳиди йўқлигига ишонч ҳосил қилиш ва фақат шундан кейингина электр энергиясидан фойдаланиш кераклиги эслатиб ўтилди.
Президент сешанба куни энерготизимда юзага келган носозликларга муносабат билдириб, узоқ ҳудудлардаги техноген офатлар Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаслигини таъкидлади. «Халқимиз вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмади. Аввало сабр-тоқатли халқимизга, шунингдек, барча соҳа ва идоралар ходимлари, ОАВ ва ижтимоий тармоқ вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Энергетика вазирлиги чоршанба куни соат 17:00 дан кейин газ босими тўлиқ тикланиб, нормал ҳолатда истеъмолчиларга етказилишини маълум қилди.
Энергетика вазирлиги республиканинг айрим ҳудудларида электр энергия таъминоти навбатма-навбат етказиб берилишини маълум қилди. Бунга 64 та газ конининг иши вақтинча тўхтатилиб, ИЭСларда ишлаб чиқариш ҳажми қисқариши сабаб бўлган. Қолаверса, Фарғона водийси, Сурхондарё ва Тошкент вилояти ҳамда пойтахтнинг айрим жойларида газ пасайган ёки умуман ўчган.
Адлия вазири газ ва электр таъминотидаги узилишлар сабаб тадбиркорлар зарар кўраётгани борасида фикр билдирар экан, шартнома шартини бажармагани учун таъминотчи корхоналар устидан судга мурожаат қилиш кераклигини айтди. «Шу йўл билан ҳаммасини тартибга солса бўлади. Масъулияти албатта ошади, тўлаб кўрсин зарарни кейин билади қанақа ҳал қилишини», — деди Русланбек Давлетов.
«Ҳудудгазтаъминот» эндиликда огоҳлантиришсиз газ ўчирилишига йўл қўйилмаслигини маълум қилди. Таъкидланишича, ҳозирда хонадонларга 2 млн га яқин электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилган ва қарздорлик ҳақида SMS-хабарнома юборилиб, истеъмолчига 5 кун муддат берилади.
Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова барча коммунал хизматлар учун аҳоли ва таъминотчи ўртасида тузиладиган шартномалар қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади. «Электр таъминоти учун тўловни 5 кунга кечиктирган фуқаро жарима тўлайди ёки таъминотдан узиб қўйилади. Лекин ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр таъминоти тўхтатилса ёки кучланиш ортиб кетгани сабабли хонадонлардаги электр асбоблар ишдан чиқса, таъминотчига чора кўришнинг имкони йўқ», — деди у.
Газ тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан 17 март куни Тошкентнинг Яшнобод ва Сергели туманларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилди.
Бош прокуратура департаменти Тошкент ва Ромитан туманларида тадбиркорлар 2,7 млрд сўмлик газ ўғирланганини аниқлади. Улар сарфлаган миқдор қиш мавсумида 200 тагача хонадонни узлуксиз газ билан таъминлашга етиши маълум бўлди. Ишбилармонларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг