Пойтахтда ўтган конференцияда адлия вазири Русланбек Давлетов сўнгги 5 йилда 14 мингдан ортиқ мансабдор шахс коррупциявий жиноятни содир этганини маълум қилди. Шундан энг кўпи туман миқёсидаги амалдорлар ҳисобланади. Вазир шунингдек, бир идорада ҳам текширувчи, ҳам текширилувчи бўлса, ўзаро манфаатлар тўқнашуви ортидан қонун бузилишини айтиб ўтди.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Чилонзор, Янгиҳаёт ва Шайхонтоҳур туманлари ФМБ бошлиғи ўринбосарларини ишдан олди. Сергели туман ИИО ФМБ раҳбарияти интизомий жазога тортилди.
Пойтахтдаги жамоат транспортларида тегажоғлик ва жинсий зўравонликка қарши кампания бошланди. Автобус салонларида баннерлар ва фавқулодда тўхтатиш тугмалари жорий қилинди. «Газета.uz» харассмент қурбонлари қандай ҳаракат қилиши лозимлиги, қолаверса, ҳайдовчи ва чиптачи ушбу ҳолатга қай тарзда муносабат билдириши кераклиги ҳамда хорижда зўравонликка қарши қандай кураш олиб борилаётганини ўрганди. Ўзбекистон қонунчилигида тегажоғлиқ учун жавобгарлик мавжуд эмас. Ҳуқуқбузарни «ҳақорат қилиш» моддаси билан жавобгарликка тортиш режалаштирилган.
Интерпол томонидан халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси БААда қўлга олинди. Мазкур шахс ЖКнинг терроризм, қўпорувчилик, жиноий уюшма ташкил этиш ва оммавий тартибсизликлар моддаларидаги оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этилганлиги учун 2006 йилдан бери қидирувда бўлган.
Президент фарзанд асраб олиш тартибларини соддалаштиришга қаратилган қонунни имзолади. Унга кўра, ҳаётга, соғлиққа қарши, гиёҳвандлик ва бошқа жиноятларни қасддан содир этганлар бола асраб олиши мумкин эмас деб белгиланмоқда. Унча оғир бўлмаган жиноятни содир этган ва жазо муддатини ўтаганларга эса фарзанд асраб олишга рухсат берилади. Қолаверса, фарзандликка олувчи ва олинувчи ёшидаги фарқ 15 ёшдан кам бўлмаслиги шарт.
Қашқадарёда спортчи Элбек Раҳимов ўлими юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида спортчи қотилликда гумонланувчилардан бири билан ўзаро низода бўлгани айтилди. Гумонланувчиларнинг энг каттаси 29 ёшда, энг кичиги — 16−17 ёшли мактаб ўқувчилари. Мазкур иш бўйича суд иши барча учун очиқ тарзда ўтказилиши маълум қилинди.
2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 45 мингдан ортиқ жиноятлар содир этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 111,9 фоизга ошган. 217 та қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси қариндошлар ёки қўшнилар ўртасида содир бўлган.
Охирги тўрт ярим йил ичида 9546 нафар шахс турли кўринишдаги коррупцион жиноятларни содир этган. Бунинг оқибатида давлат ва фуқаролар манфаатларига 3 трлн 200 млрд сўмга яқин зиён етказилган.
Тошкент шаҳрида 34 нафар фуқароларнинг номидан 897 млн сўм онлайн-кредит маблағларини ноқонуний тарзда қўлга киритган шахс аниқланди. Фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Самарқанд вилоятида ЙПХ ходимлари томонидан қўлга олиниш чоғида вафот этган туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосарининг иши бўйича суриштирувлар давом этмоқда. Марҳумнинг қариндошлари унинг икки қўлида бармоқ излари, бўйнида ва юзида шилинган жароҳатлар борлигини айтишмоқда. Жасадни текширган шифокор эса унинг танасида жароҳатлар кўрмаганлигини, фақатгина ўнг кўз атрофида кичкина шилинган жойи бўлганлигини таъкидлади.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари ЙПХ ходимлари томонидан қўлга олиниш пайтида вафот этди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг таъкидлашича, инспекторлар унга нисбатан куч ишлатган. Ички ишлар вазирлиги эса солиқчини касалхонага олиб боришга уриниш пайтида соғлиғи кескин ёмонлашганини таъкидламоқда.
Пойтахтнинг Миробод туманида 3 нафар аёл 24 ёшли кар-соқов бўлган аёлни калтаклаб, тан жароҳати етказишди. Жабрланувчи тез тиббий ёрдам машинасини тўхтатиб, қўл ҳаракатлари билан тиббий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Каттақўрғонда ўзаро жанжал оқибатида сингил ўз опасини пичоқлаб, ўлимга олиб келган тан жароҳати етказган. Фуқарога «қасддан одам ўлдириш» ва «енгилроқ жазо тайинлаш» моддалари билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Андижонда фуқаро ўз уйида ижарада яшаётган аёлдан турмуш қуриб бирга яшаш таклифига рад жавобини олгач, унинг 3 ёшли фарзандини устига қайноқ сув қуйиб юборади. Оқибатда қизалоқ шифохонада вафот этган. Суд айбланувчини қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбли деб топди.
Тошкент вилоятида фуқарони 4500 АҚШ доллари эвазига ички ишлар тизимига жойлаштиришни ваъда қилган шахс аниқланди. У келишилган пулдан 2 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 10 гектар ерни ноқонуний равишда 1,9 млн долларга сотишга уринган олти нафар фуқаро ушланди.
Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган кафелардан бирида маст ҳолатдати икки киши ҳисобни тўламасликларини айтиб, кафе ишчисини дўппослаган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Яккабоғда 30 ёшли эркак хотини, қайнонаси ва икки нафар ёш болани пичоқлаб ўлдирган эди. Мазкур шахсга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Навоий шаҳрида ўзига тегишли бўлмаган 200 кв/метр ер майдонини 150 минг AҚШ долларига сотмоқчи бўлган мансабдор шахс қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши очилди.
Самарқандда ўз танишининг уйига ўғриликка тушган фуқаро хонадон эгасининг икки нафар фарзандини ўлдириб қўйди. У болаларни алдаб, ўз уйига оборган ва белкурак билан бош қисмларига тан жароҳати етказган. Шундан сўнг, уларнинг жасадларини ёқиб юборгани айтилмоқда. Унга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг