«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ҳисоботига кўра, 2024 йилда 17 давлатда 54 нафар журналист ўз хизмат вазифасини бажараётиб ҳалок бўлди. Уларнинг ярмидан кўпи жанговар зоналарда вафот этган. Дунё бўйлаб 550 нафар журналист қамоқда қолмоқда.
БМТнинг Афғонистондаги миссияси «Толибон» уч йил аввал ҳокимиятни қўлга олганидан буён журналистларни ўзбошимчалик билан 256 марта ҳибсга олганини маълум қилди. Шунингдек, у ердаги расмийларни оммавий ахборот воситаларини ҳимоя қилишга чақирди.
Президент Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан қатор соҳа вакилларини орден ва медаллар билан мукофотлади (рўйхат).
Собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналист ва блогерларни танқид қилиб, айримларини УЖЖ — «уюшган жиноий журналистлар» деб атади. У улардан «сал пастроққа тушишни» ва ўзларини «бутун жамоатчилик» деб ҳисобламасликни сўради. Унинг сўзларига кўра, улар хорижий ОАВ билан рақобатга дош бера олмайди.
2023 йил бошидан буён дунё бўйлаб 94 нафар журналист ва ОАВ ходимлари ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти Ғазо уруши қурбони саналади. 400 га яқин журналист турли мамлакатлар қамоқхоналарида қолмоқда.
ОАВда чиқаётган коррупцияга оид ҳар бир материал алоҳида назоратга олиняпти, дея қайд этди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори. «Журналистлар суриштирувлар орқали коррупциянинг янги кўринишларини очишда бизга ёрдам беряпти ва улар жиноят сифатида эътироф этиляпти», — деди Акмал Бурханов.
Журналистлар ва жамоат фаоллари Ўзбекистон президентига «яширин, лекин кучли цензура» юзасидан мурожаат қилишди. Мурожаат муаллифлари давлат раҳбаридан матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда тарихий ёрдам беришини сўрашди.
Адлия вазирлиги ОАВ ва блогерларни «жамиятдаги муаммоларни фақат ҳуқуқий воситалар асосида ҳал қилиш»га чақириб, ОАВдаги туҳмат ва ҳақорат учун жазоларни эслатди. Фаоллар эса бу каби эслатмалардан «сўз эркинлиги ютқазаётгани», «эркин матбуот ҳали адлиянинг ўзига ҳам керак бўлиши»ни таъкидлади.
2022 йилда дунёда 86 нафар журналист ўз касбий фаолияти учун ўлдирилган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк сўнгги 10 йил ичида 1300 дан ортиқ журналист ўлдирилганини маълум қилди.
Ахборот кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач фаолларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Жумладан, Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Нозима Давлетова 45-моддани «хавфли» деб атади. Нурбек Алимов эса «7-модда ҳар қандай блогер ёки ОАВни синдириб юбориши мумкин»лигини таъкидлади.
Халқаро журналистлар федерациясининг маълум қилишича, йил давомида 67 нафар журналист ҳамда ОАВ вакиллари ўз вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлди. Федерация бош котиби БМТ Бош Ассамблеясида «Журналистларнинг хавфсизлиги ва мустақиллиги бўйича» конвенция қабул қилиш вақти келганини айтмоқда.
«Газета.uz» мухбирининг Facebook’даги изоҳи учун ота-онасининг уйига ИИБ тергов-қидирув бўлими ходими келди. Бошқа журналистнинг Facebook’даги постлари учун ота-онаси ИИБ Миграция бўлимига чақиртирилди. Жамоатчилик бу нима — «англашилмовчиликми ё ўзбошимчалик» эканига изоҳ беришни талаб қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ОАВ ходимларига табригида улар фаолиятига тўсқинликлар демократик ислоҳотларга қарши ҳаракат сифатида баҳоланиши кераклигини таъкидлади. «Суд ва прокуратура органлари бизга мутлақо ярашмайдиган бундай салбий ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўриши лозим», — деди у.
2021 йилда дунё бўйлаб қамоқхоналардаги журналистлар сони рекорд даражага етди — 293 нафар ОАВ ходими қамоққа олинган. Яна 24 нафар журналист ҳалок бўлган.
2006 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда дунё бўйлаб 1200 дан ортиқ журналист ўлдирилган. Бу қотилликларнинг ҳар 10 тасидан деярли 9 таси судда очилмаган. Ташкилот сўровида иштирок этган журналист аёлларнинг 73 фоизи ўз иши билан боғлиқ ҳолда интернет орқали таҳдид, қўрқитиш ва таъқибга учраб келаётганини айтган.
Депутат Расул Кушербаев журналистлар ҳимоясига оид қонунларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмагани соҳада кўплаб муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлади. Унинг айтишича, Қонунчилик палатаси депутатлари бу масалада бир неча бор ҳаракат қилиб кўришган. «Биз, шахсан мен ҳам тарафдорманки, ҳимоя қонунини қабул қилдикми, ҳимояни бузганга доир жавобгарлик масаласини ҳам жиноят кодексида белгилаб қўйишимиз шарт», — деди депутат.
Сенат раиси журналистлар учрашувда давлат идора ва ташкилотлари мансабдорлари цензура ўрнатиши, ОАВ ишига тўсқинлик қилиши, тазйиқ ва босим ўтказишига қарши жавобгарлик янада кучайтирилишини маълум қилди. «Сизларни фаолиятингизга аралашишга, кўрсатма, йўналиш беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — деди у.
Effect.uz сайтининг икки мухбири январь ойида жиноят ишлари бўйича Термиз туман судидаги ҳодисадан сўнг қидирувга берилиб, сиртдан ҳибсга олинди. Улар ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва терговга ёки суд ишларининг ҳал қилинишига халақит берганликда сиртдан айбланмоқда. Ўз навбатида, нашр раҳбари ходимларининг бирига чақирув қоғози келмагани, бири икки марта прокуратурага борганини маълум қилди. Ҳодиса тафсилотлари.
Daryo.uz бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев уни «профилактик суҳбат учун» ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига чақиртиришгани ҳақидаги хабарларни рад этди. «Газета.uz» манбалари эса бир неча журналистлар чақиртирилганини маълум қилди.
Касаба уюшмалари федерациясида бўлиб ўтган видеоселектордан ОАВ вакиллари чиқариб юборилди. «‘Телевизорчик'лар кетсин, бўлди. Бу ерда гапларимиз бор-да бизнинг, илтимос сизлардан, рухсат ҳаммаларингизга. Бўлди кетаверсин», — деди федерация раиси Қудратилла Рафиқов. Шундан сўнг, федерация матбуот хизмати раҳбари журналистларга «материал эфирга берилиши олдидан уларга кўрсатилиб, рухсат олиш кераклигини уқтирган». Йиғилишда Сенат раиси ва президент маслаҳатчиси ҳам қатнашган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг