Россияга кетаётган мигрантлар учун рухсатномалар олиш тартибини Ўзбекистон ҳудудига ўтказиш масаласини ишлаб чиқиш тезлаштирилади. Шунингдек, патент учун тўлов иш берувчи ҳисобидан қопланиши режалаштирилмоқда. Рус тилидан имтиҳонни ҳам Тошкентда топшириш мумкин бўлади.
Жанубий Кореяга ишга юборилган ўзбекистонликлар орасида шартномадаги иш жойини ташлаб кетиш ҳолатлари кўп учраяпти. Ҳозир у ердаги Ўзбекистон фуқароларининг 9,6 фоизи нолегал мақомида. Миграция агентлигига кўра, «агар кўрсаткич 10 фоизга етса, Корея биз билан миграция алоқаларини тўхтатиши мумкин».
Ҳозирда 1,3 млн нафардан зиёд ўзбекистонлик хорижда меҳнат қиляпти. Миграция агентлиги маълумотларига кўра, уларнинг 600 минг нафари Россияда, қолган аксарияти Қозоғистон ва Туркияда. Таҳлилларга кўра, ушбу 1,3 млн фуқаронинг 20 фоизини аёллар ташкил этади — муҳожир хотин-қизлар сони камайган.
Ўзбекистондаги 14 та тиббиёт техникуми 2025 йилдан немис стандартлари асосида ўқитишни бошлайди, чунки, Миграция агентлигига кўра, «Германия иш берувчилари Ўзбекистондан тўхтовсиз ҳамширалар сўраяпти». 3 йиллик ўқишдан сўнг битирувчиларга немис тили бўйича B2 сертификати ва халқаро диплом берилади.
Бандлик вазирлиги 2024 йилда Канада 5 мингта бўш иш ўрни таклиф этаётганини эълон қилганди. Миграция агентлигига кўра, шундан сўнг ишлаш учун 35 минг ўзбекистонлик қизиқиш билдирган. Улардан 100 нафар номзоднинг маълумотлари Канада томонига тақдим этилган. Аммо номзодларнинг барчаси рад қилинган.
10 январда Англияга мавсумий иш ўринлари учун танлов ўтказилди. Аммо 3 миллионга яқин ўзбекистонлик қизиқиш билдирган танлов натижалари кўп ўтмай бекор қилинди. Миграция агентлиги бунга техник муаммоларни сабаб қилиб кўрсатди. Англия компанияси эса жараёнга учинчи шахслар аралашганини таъкидламоқда.
Ўзбекистон ҳукумати 2025 йилда 200 мингдан ортиқ фуқарони иш ҳақи юқори бўлган мамлакатларга ишга жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бош вазир Абдулла Арипов касбий маҳорат ва чет тилларига ўқитиш учун барча шарт-шароитлар яратилишини таъкидлади.
Янги ташкил этилган Миграция агентлиги 2026 йилгача фуқароларни хорижга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функцияларини хусусий бандлик агентликларига ўтказади. Иш таклифлари очиқ эълон қилинади, сайтда резюме шакллантириш имкони пайдо бўлади. Мигрантларга 10 млн сўмгача микрокредит берилади.
Президент Тошкент вилоятига ташрифи чоғида хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар ҳақида гапирди. «Агар улар 1500−2000 доллар олса, бу нур устига аъло нур, биз уларга кўмакчи бўламиз. Лекин ундан кам ойлик олса, ўзимизда шароит яратиб ишлатсак, ўйлайманки, адолатли тизим бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Германия темирйўлларида (Deutsche Bahn) ишламоқчи бўлган фуқаролар Ўзбекистоннинг ўзида немис стандартлари асосида германияликлар томонидан касб ва тилга ўқитилади. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганлар ишга жойлаштирилади.
Президент ва Германия канцлери музокаралар ўтказди. Унда томонлар миграция битимини имзолади. Қолаверса, Бошқарув кадрларини тайёрлаш қўшма мактаби ишга туширилмоқда. Шавкат Мирзиёев Lufthansa авиакомпанияси билан тўғридан-тўғри парвозларни қайта йўлга қўйишни таклиф қилди.
РФ давлат думасининг «Адолатли Россия — Ҳақиқат учун» фракцияси раҳбари Сергей Миронов «Марказий Осиё давлатлари» аҳолисига РФ фуқаролигини беришга 2026 йилгача мораторий жорий этишни таклиф қилди. Унинг фикрича, «гастербайтерларни оммавий паспортлаштириш коррупционерлар мафияси учунгина фойдали».
Яқинда Ўзбекистоннинг Владивостокдаги бош консули бўлган Юсуп Кабулжанов ўз вазифасини бажаришга киришди. У Приморск ўлкаси омбудсмани ва ИИВ вакиллари билан учрашди, улар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, фуқаролар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини муҳокама қилди.
Япония қурилиш компанияси 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган қурувчиларни қидирмоқда. Миграция агентлиги Ўзбекистон фуқаролари бир қатор талабларга жавоб берса, ишга жойлашиш учун мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақида хабар берди. Солиқ ва суғурталардан кейинги «соф» иш ҳақи 16 млн сўмгача бўлади.
Иш ҳақи Россиядаги маошлар билан рақобатлаша оладиган Ўзбекистонда қурилиш саноатининг ривожланиши ушбу мамлакатга меҳнат муҳожирлари оқимининг янада қисқаришига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили маълум қилди.
Ўзбекистон Жанубий Корея ҳукумати билан узоқ музокаралар ўтказиб, ўзбекистонликларни мавсумий ишларга жалб қилиш бўйича келишувга эришди. 2021 йилда Корея кўплаб фуқаролар меҳнат шартномаларини бузгани ва белгиланган муддатда мамлакатни тарк этмагани учун ишга қабул қилишни тўхтатганди.
Бандлик вазири Беҳзод Мусаев энг кам иш ҳақи 1500−3000 долларни ташкил этувчи ривожланган мамлакатларда меҳнат ресурсларига талаб юқори экани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон фуқароларига янги касб ва стандартларни ўрганиш имкониятини беради.
Германияда мингдан ортиқ шифохонада тиббиёт ходимлари етишмаяпти, шунингдек, металлни қайта ишлаш, логистика ва транспортда ишчи кучига талаб мавжуд. Ўзбекистон бу бўшлиқни тўлдиришга тайёр. Бу ҳақда бандлик вазири ва Mangold Consulting компанияси президенти ўртасидаги учрашувда сўз борди.
Исроил Ғазо секторидаги можаронинг кучайиши ортидан ишчи кучи танқислигига дуч келди. Расмийлар қурилиш соҳасидаги фаластинликлар ўрнини Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Шри-Ланка мигрантлари ҳисобига тўлдиришни режалаштирмоқда. Учта давлатдан умумий ҳисобда 65 минг ишчи келиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва Исроил ҳукуматлари ўртасида ўзбекистонлик ишчиларни Исроил меҳнат бозорининг махсус секторларида вақтинча иш билан таъминлаш тўғрисида битим имзоланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг