Кармана туманидаги 3 қаватли қурилиш моллари дўконида ёнғин чиқди. Уни ўчиришга 14 та қутқарув экипажи жалб қилиниб, ёнғин қарийб 3 соатда бартараф этилди.
Қизилтепа туманидаги «Хўжа-Ҳасан» газ тақсимлаш станцияси электрон газ ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиб келгани аниқланди. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига 14,1 млрд сўм зарар етган.
Хатирчи тумани халқ таълими бўлими мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди. Улар 43,6 млн сўм миқдоридаги рағбатлантириш ва иш ҳақларини ноқонуний ҳисоблаб, бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда.
Хатирчи туманида Matiz ва Damas ўртасида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Воқеа сабаб 49 ёшли Matiz ҳайдовчиси вафот етди.
Андижон ва Навоий вилоятларида аҳоли қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳокимликлар жараён «фақат тавсия сифатида» ва «ҳеч бир мажбурловларсиз» кечаётганини билдирди. Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, «рационал ҳаракат онгли ва онгсиз равишда обрўсизлантирилмоқда».
Қизил китобга киритилган Зарафшон қирғовулини овлаган браконьер аниқланди. Ундан 3,6 млн миқдорида табиатга етказилган зарар ундирилди ва БҲМнинг 5 баравари миқдорида жаримага солинди.
Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув ҳавзаси ҳудудида 48 дона балиқни ноқонуний овлаган фуқаролар аниқланди. Уларга нисбатан 18 млн сўм жарима ҳамда ҳайвонот дунёсига етказилган 11 млн сўмдан ортиқ зарар миқдори ҳисобланди.
Томди туманида қурилаётган, қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станцияси учун Хитойнинг Ланжоу шаҳридан махсус транспорт воситалари орқали турбина ва генераторлар олиб келинмоқда. Лойиҳа йил якунида ишга туширилиши ва Марказий Осиёдаги энг йирик ШЭС бўлиши кутилмоқда.
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессиясида президент саноатда 186 та лойиҳани амалга ошириб, 15 мингта янги иш ўрни яратиш зарурлигини айтди. 188 та яйловларда жойлашган норуда конларни аукционга чиқариш ва 8 та Ёшлар саноат зонаси инфратузилмасига 20 миллиард сўм ажратиш шулар жумласидан.
Навоий вилояти солиқ бошқармасининг икки ходими пора билан ушлангани хабар қилинди. Улар солиқ текшируви натижасини тадбиркор фойдасига ижобий ҳал қилиш учун 10 минг доллар талаб қилган. Ходимларга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Навоий шаҳрида Lacetti икки нафар пиёдани уриб юборди. Жабрланувчилар шифохонага ётқизилди.
Навоий вилоятида иссиқхона қуриш учун мўлжалланган 2 гектар ерни сотмоқчи бўлган уч нафар шахс ушланди. Ҳокимлик томонидан ажратилган ер уйлар қуриш учун сотиб юборилиши олди олинди.
Навоий вилояти Хатирчи туманида бир нечта дўконлар ёниб кетди. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида дўконларнинг 120 кв.м майдони зарарланган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Навбаҳор туманида эркак марказий поликлиника биносининг 3-қаватидан ўзини ташлагани айтилмоқда. ССВ унинг икки кун олдин касалхонага мурожаат қилгани ва 18 октябрь куни номаълум сабабларга кўра ўзини ташлаб, вафот этгани маълум қилди. БП ҳодисанинг сабабларини аниқламоқда.
Навоийнинг Навбаҳор туманидаги «Туронбанк» ходимлари банкоматга кирим қилиш учун ажратилган маблағнинг қарийб 100 млн сўмини ўзлаштиргани айтилмоқда. Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Навоий вилояти Экология бошқармаси Зарафшон дарёсининг Кармана туманидан оқиб ўтувчи қисмида 829 дона балиқ нобуд бўлганини аниқлади. Бу «Навоийазот» ва «Навоий ИЭС» корхоналарининг дарёга ташлайдиган оқова сувларидан сабабли юзага келган бўлиши мумкин. Экологлар лаборатор текширувлар ўтказмоқда.
Учқудуқ туманида танишлари ёрдамида бир фуқарони заводга ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс сўралган 5 минг долларни олаётганида қўлга олинди.
Навоий вилояти ХТБ спорт анжомларини ҳақиқий баҳосидан 787,8 млн сўмга, вилоятнинг собиқ туризм ва спорт бош бошқармаси мансабдорлари эса 598,9 млн сўмга қимматроқ сотиб олгани аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қизилтепа туманида ичида 25 киши бўлган сайёҳлик автобуси ағдарилиб кетди, оқибатда 5 киши жароҳат олди. Аварияга ҳайдовчининг бошқарувни йўқотгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Президент қарори билан Навоий давлат кончилик институти Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети этиб қайта ташкил этилди. Самарқандда эса ветеринария медицинаси институти негизида янги Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети очилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг