АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда бўлиб ўтган президентлик сайловлари якунлари бўйича эълон қилган баёнотида «АҚШ Ўзбекистон халқини ўз сайлов ҳуқуқидан фойдаланишда қўллаб-қувватлаши» ва «ҳукумат билан келгусида ҳамкорлик қилиш тарафдори» эканини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев сайловдаги рақиблари билдирган таклифлар албатта инобатга олинишини маълум қилди. «Биз кеча рақобат қилган бўлсак, энди бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак», — деди у. Аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва танқидларни «ҳаётимиз ўзгаргани, демократик ислоҳотлар натижаси» деб атади. Шавкат Мирзиёев ғалабасини нишонлаш маросимидан фотосуратлар.
Президентликка номзод Нарзулла Обломуродов Экопартиянинг давлат раҳбари сайловида илк бор иштирок этишини «тарихий ғалаба» деб атади. У Шавкат Мирзиёевни ғалабаси билан табриклаб, «Партия сайланган президентнинг барча ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашини» айтди.
Туркия, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёевни сайловда ғалаба қозониб, қайтадан Ўзбекистон президентлигига сайлангани билан муборакбод этмоқда.
Ўзбекистонда ўтказилган президентлик сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг вакиллари сайловлар «юқори сиёсий, ҳуқуқий ва ташкилий даражада ўтганини» таъкидлади. Улар шунингдек, мазкур сайловлар «рақобатбардош, эркин, очиқ ва ошкора бўлганини, демократик сайловларнинг умумий эътироф этилган тамойилларига тўла жавоб берганини» қайд этишди.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон президенти лавозимига қайта сайлангани билан илиқ табриклади.
Беларусь президенти Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёев билан телефонда мулоқот қилиб, уни президентлик сайловларидаги «ишончли ғалабаси» билан табриклади.
Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни президентлик сайловидаги «ишончли ғалабаси» билан табриклади.
«Газета.uz» мухбири «Миллий тикланиш» партиясидан номзод Алишер Қодиров овоз берган Тошкентнинг Миробод туманида жойлашган 83-мактабдаги 116-сайлов участкасида овозларни санаш жараёнини кузатди. ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев ушбу участкада 88% овоз тўплади.
Сайлов участкаларида пирометрия давомида 53 кишида тана ҳароратининг кўтарилиши аниқланди, дея хабар қилди СЭС раҳбари Баҳодир Юсупалиев. Ушбу сайловчилар алоҳида хонага ажратилди, уларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди ва бир вақтнинг ўзида яширин овоз беришлари ташкил этилди.
МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг маълум қилишича, айрим сайлов участкаларида «оилавий» овоз бериш ҳолатлари учрамоқда. 519-сайлов участкасида олинган видеолавҳа ҳам таҳлил қилинган. Ўрганиш натижалари прокуратурага юборилган.
15:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон президенти сайловларида рўйхатга олинган сайловчилардан 12 млн 748 минг 549 киши, яъни уларнинг 64,2 фоизи овоз берди.
Президент сайловида 10 млн 462 минг 575 нафар фуқаро, яъни рўйхатга олинган сайловчиларнинг 52,7 фоизи овоз берди.
Тошкентда Ўзбекистон президенти сайлови куни қандай ўтмоқда — «Газета.uz» мухбирлари объективида.
МСК маълумотларига кўра, соат 9:00 да Ўзбекистонда бўлиб ўтаёган президент сайловларида сайловчиларнинг 12,3 фоизи овоз берган. Энг паст кўрсаткич — Тошкентда (7,2%), энг кўп овоз берганлар — Фарғона вилоятида (16,9%).
Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисова президентлик сайловларида ўз овозини берди.
Экология партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродов Тошкент шаҳридаги сайлов участкасида овоз берди.
ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида 2027 йилгача мамлакатда камбағалликни камида 2 бараварга камайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, давлат бошқарувини такомиллаштиришни назарда тутувчи беш йиллик Янги Ўзбекистон стратегиясини эълон қилди.
Сайловолди ташвиқотларда бошланғич синф ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлашга ваъда берилди. «Газета.uz» ушбу ташаббусни амалга ошириш учун давлат бюджетининг тахминий харажатларини ҳисоблаб чиқди ва бу фикрга қарши бўлган иқтисодчиларнинг фикрини келтиради.
ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи чоғида президент матбуот котиби Шерзод Асадов MIR21YOYEV ёзуви туширилган футболкада бўлган суратлари эълон қилинди. МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоровнинг таъкидлашича, қонунчиликда нима кийиш белгиланмаган ва бу бўйича эътироз билдириш ноўрин. МСК доимий аъзоси Худоёр Маматов футболка «ташвиқот материали» саналмаслигини таъкидлади. Бундан ташқари, МСК раиси ўринбосари амалдаги президентлик билан номзодлик ўртасидаги чегара ҳеч қайси давлатда аниқ белгиланмаганлигини қайд этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг