Сенат Ўзбекистонда микромолия банки институти жорий этиш кўзда тутилган қонунни маъқуллади. Қонун билан микромолия ташкилотларини микромолия банкларига, микромолия банкларини эса тижорат банкларига айланишига асос яратилмоқда.
Ўзбекистонда бир банкдаги бир омонатчи учун кафолат чегараси 200 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланиб, омонатларни тўлиқ кафолатлашдан воз кечилмоқда. Тўлиқ кафолат аввал очилган депозитлар учун сақланиб қолади.
Сенат қоидабузар ҳайдовчиларга жарима балларини ҳисоблаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган қонунни маъқуллади. Унга кўра, бир йил давомида жарима баллари 12 баллга етган ҳайдовчи камида 6 ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Ўзбекистонда энди транспорт воситасини кескин бошқариш, яъни дрифт қилиш ва «шахмат» шаклида ҳаракатланиш учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бундан ташқари, транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда.
Сенат бир йилдан кўпроқ муддатдан сўнг ҳуқуқ-тартибот ходимлари видеоларини «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатишни тақиқловчи қонунни маъқуллади. Тегишли модда билан айбдор деб топилган шахслар 10 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланиши мумкин.
Сенатда «Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Қонун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, давлат захираси, бозор механизмлари, истеъмолчи ҳуқуқлари ва давлат органлари ваколатларини белгилайди.
Сохта тадбиркорлик, нарх манипуляцияси ва солиқдан қочиш схемалари устидан назоратни кучайтириш орқали беш йил ичида яширин иқтисодиётни икки баробар қисқартирмоқчимиз, деди Солиқ қўмитаси вакили. Унга кўра, ушбу чоралар 2025 йилда давлат бюджетига 20 трлн сўм жалб этиш имконини беради.
Ўзбекистонда «жуда кам» кенгашлар айрим солиқлар бўйича оширувчи ва пасайтирувчи коэффициентларни қўллаш ваколатларидан амалда фойдаланмоқда, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. У кенгашларни Тошкентдан кўрсатма кутмасдан, фаол бўлишга чақирди.
2025 йилда бизнесдаги аёлларга бюджет ҳисобидан тўланадиган «декрет» миқдорини яна 2,5 баравар — 40 млрд сўмгача қисқартириш режалаштирилмоқда (2024 йилда 3 баравар эди). Сенатор буни маблағлар паст даражада ўзлаштирилгани билан изоҳлади ва бу суръатда дастур 3−4 йилда якунланиши мумкинлигини айтди.
Ҳукумат тарифлар бу йил оширилгани ва апрелда яна оширилиши кутилаётганига қарамай, 2025−2027 йилларда газ ва электр энергиясини субсидиялашда давом этади. Бу 2028 йилга борибгина тўхтатилиши режалаштирилмоқда. Бош вазир ўринбосари энергоислоҳот нима билан якунланиши кераклигини тушунтирди.
Сенат кенгаши президент тақдимномасига мувофиқ Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенат қўмиталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистондаги йод танқислиги бўйича ҳолат таҳлил қилинди. Қайд этилишича, мамлакат ҳали ҳам йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда. Туз ишлаб чиқарувчи корхоналардан олинган намуналарнинг 25 фоизида йод миқдори талабга жавоб бермаслиги аниқланган.
Сенат қўмитасида Андижондаги истироҳат боғида чархпалак қуриш лойиҳаси тадбиркорлик хусусиятига эга бўлишига қарамай, «Ташаббусли бюджет»нинг овоз бериш босқичига ўтказилгани ва ғолиб деб топилгани кескин танқид қилинди. Ҳудди шундай ҳолат Зарафшондаги аэропорт биносини таъмирлашда ҳам кузатилган.
Олий Мажлис Сенатининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида янгиланган еттита қўмита ва битта комиссия тузилиб, улардан олтитасига раис сайланди. Хотин-қизлар ва гендер тенглиги қўмитаси ўрнига Одоб-ахлоқ комиссияси ташкил этилди.
Президент Сенатнинг аввалги таркиби хизматини юқори баҳолади, шунингдек, янги таркиб олдида турган саккизта долзарб вазифани санади. Кенгашларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш, ижро органлари фаолияти устидан назорат, коррупцияга қарши курашишда парламент назорати шулар жумласидандир.
Президент ҳоким ва кенгаш раислари ваколатларининг тақсимланишини халқнинг 30 йиллик орзусини ўзида мужассам этган сиёсий ислоҳот, деб атади. Шунингдек, ҳокимларнинг янада кўпроқ ваколатларини кенгашга ўтказиш, туман ва шаҳарларнинг молиявий мустақиллигини ошириш кўзда тутилган.
Шавкат Мирзиёев Сенатда юқори мартабали мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари кўп ҳолларда чуқур таҳлиллар ўтказмасдан кўриб чиқилаётганини таъкидлади. Шунингдек, Сенат олдида қандай долзарб вазифалар тургани юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Ўзбекистон президенти Олий Мажлис Сенатининг 9 нафар аъзосини тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Конституциянинг 92-моддасига кўра, ушбу 9 нафар сенатор давлат ва жамият фаолиятида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан тайинланади.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари 7−12 ноябрь кунлари ўз депутатлари орасидан Сенат аъзоларини сайлаш бўйича мажлислар ўтказади. Эндиликда сенаторлар сони 100 эмас, 65 нафарни ташкил қилади.
Ўзбекистонда пробация хизматининг катта инспектори ва инспекторига пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколати берилмоқда. Бу кўзда тутилган қонунни Сенат маъқуллади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг