Давактив «Биокимё» АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва «Андижон биокимё заводи» АЖдаги 76 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёни бошланганини эълон қилди. Корхоналарнинг устав фонди 9,6 млрд ва 24 млрд сўм, иккала заводнинг ҳам ишлаб чиқариш қуввати йилига 1,83 млн декалитрни ташкил этади.
Ўзбекистон президенти ўзининг аввалги қарорларига ўзгартиришлар киритиб, «Сижжак» ва «Чотқол» дам олиш масканларини хусусийлаштириладиган объектлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Илгари Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» маскани бир неча бор сотувга қўйилган, лекин сотилмай қолганди.
«Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш бўйича биринчи битим икки ҳафта ичида якунланиши режалаштирилмоқда, деди OTP Bank директори ўринбосари Ласло Вульф. Унинг сўзларига кўра, OTP 2022 йил декабрь ойида хусусийлаштириш тўғрисидаги битим имзолангандан бери «Ипотека-банк»ни ривожлантириш устида ишламоқда.
Тошкент марказидаги Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Алоқабанк» маъмурий бинолари электрон аукционда Black Gold Industry компанияси томонидан 387 млрд сўмга сотиб олинди. «Алоқабанк» аукциондан бир кун аввал ушбу компанияга 15 йил муддатга 14 фоиз ставкада 390 млрд сўм кредит берган.
Ўзбекистон президенти 2023 йилда 1000 дан ортиқ давлат объектларини сотиш кўзда тутилган дастурни тасдиқлади. Гап 39 та йирик давлат компанияси, 8 та банк, 20 та вазирлик, бошқа давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шўба корхоналари ҳамда фирмаларидаги улушлари ҳақида бормоқда.
Президент Ўзбекистонда давлат улуши «халқчил IPO» орқали сотиладиган 40 та йирик корхона ва банк рўйхатини тасдиқлади. Илк бор НКМК ва ОКМК, Ўзметкомбинат, «Ўзтелеком», Миллий банк, Саноатқурилишбанк каби йирик корхоналарнинг ўртача 2 фоиз акциялари аҳолига таклиф этилади.
Нидерландиянинг Tropidia Holding компанияси «Ўзбеккимёмаш» заводи устав капиталидаги 44,71 фоиз улушини 37 млрд сўмга сотиб олмоқда.
«Урал энергетика қурилиш компанияси» «Электрқишлоққурилиш» компаниясининг назорат пакетини сотиб олади. 58,41 фоиз акцияларни хусусийлаштириш бўйича битим қиймати 93,2 млрд сўмга баҳоланмоқда.
2023 йилда давлат активларини хусусийлаштириш Ўзбекистон давлат бюджетига 10 трлн сўм даромад келтиради, деб тахмин қилмоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги. Бу олдинги йилги прогнозга нисбатан 66,6 фоизга кўп. Даромадлар давлат бюджети тақчиллигини қоплашга йўналтирилади.
Швейцариядаги хусусий инвестиция компанияси Ўзбекистоннинг Humo Air авикомпаниясини сотиб олди. Келишув миқдори 2,4 млн долларга яқинроқни ташкил этди.
Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, UzAuto Trailer корхонаси устав фондидаги 100 фоиз давлат улуши 561,1 млрд сўм эвазига Татаристоннинг «Химград» технополис саноат паркига сотилди. Корхонани мустақил баҳолаш ишлари PricewaterhouseCoopers томонидан амалга оширилди.
12 декабрь куни Венгрия ва Ўзбекистон вакиллари иштирокида «Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш шартлари битими бўйича олди-сотди шартномасини имзоланди. Битимнинг молиявий якуни 2023 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши кутилмоқда.
Венгриянинг «ОТP Bank»и «Ипотека-банк»даги 75% давлат улушини хусусийлаштириш бўйича музокаралар қайта тикланганини маълум қилди. Апрель ойида венгрия томон Украинадаги уруш ортидан кўрган зарари туфайли Ўзбекистон ҳукуматидан ипотека тўловларини бироз муддатга кечиктиришни сўраган эди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов Uzcard`нинг 210,1 млрд сўмга хусусийлаштирилиши ва нега давлат улушининг очиқ савдоларга қўйилмаганига изоҳ берди.
Қурилиш, геоинформатика ва шаҳарсозлик кадастри давлат лойиҳа-қидирув илмий-тадқиқот институти (ЎзГАШКЛИТИ) устав капиталидаги 100% давлат улуши сотилди. Савдо ғолиби SG ENGINEERING AND DEVELOPMENT МЧЖ бўлди.
Давактив Uzcard`даги давлат улушларининг 75 фоизи сотилиши тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Жамият иштирокчилари мазкур улушни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланишлари мумкин.
Ўзбекистонда энергетика бозорини бошқаришнинг янги тизими жорий этилади, хусусан, «Ўзбекистон МЭТ» компаниясининг электр энергиясини ягона харид қилиш ва магистрал тармоқларни бошқариш ваколатлари хусусий корхоналарга ўтказилади. Дастлаб 14 та туман ва шаҳарда хусусий компаниялар ташкил этилади.
Давлат ОТМларини хусусийлаштириш бўйича жараён ҳали ҳам бошланмаган. Олий таълим вазирининг фикрича, «бунга ҳали тайёр эмасмиз». «Чунки жуда кўп давлат ташкилотлари орасида хусусийлаштирилгандан кейин иш бермагани ҳам бор… 2023 йилдан бошлаб киришиш ниятидамиз», — деди Абдуқодир Тошқулов.
Жаҳон банки ҳисоботига кўра, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда ҳокимиятни шахсий манфаатлар эгаллаб олиш хавфи максимал даражага етиши кутилмоқда. Ташкилот махсус ва ношаффоф имтиёзлар беришни асосий хусусиятлардан бири деб билади. Маслаҳатлашувлар чоғида тадқиқотчилар ер ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари билан боғлиқ юқори ташвишларни қайд этдилар.
Sanoat Energetika Guruhi (собиқ Jizzakh Petroleum) хорижий компанияси давлатдан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини 100 млн долларга сотиб олди. Компания шунингдек, 380 млн долларга заводни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва бошқа мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Битим тафсилотлари.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг