Шавкат Мирзиёев сайловдаги рақиблари билдирган таклифлар албатта инобатга олинишини маълум қилди. «Биз кеча рақобат қилган бўлсак, энди бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак», — деди у. Аҳоли томонидан билдирилган таклиф ва танқидларни «ҳаётимиз ўзгаргани, демократик ислоҳотлар натижаси» деб атади. Шавкат Мирзиёев ғалабасини нишонлаш маросимидан фотосуратлар.
«Миллий тикланиш»дан номзод Алишер Қодиров Шавкат Мирзиёевни президентлик сайловида ғолиб бўлгани билан табриклади. У «халқнинг фаровонлиги йўлида қўлни-қўлга бериб, биргаликда фаолият кўрсатиш лозимлигини» таъкидлади.
ХДПдан номзод Мақсуда Ворисова Шавкат Мирзиёевни президентлик сайловида ғолиб бўлгани билан табриклади. У «сайлов натижаларини тўла-тўкис тан олишини» айтди. «Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилиб, эълон қилинган „Янги Ўзбекистон Стратегияси“ халқимизнинг қалбидан чуқур ўрин эгаллади», — дея қўшимча қилди Мақсуда Ворисова.
Президентликка қайта сайланган Шавкат Мирзиёев унга овоз берган сайловчиларга миннатдорчилик билдирди. «Халқимизнинг 80 фоиздан кўпи сайловда иштирок этгани, уларнинг янги Ўзбекистондаги эртанги кунига бефарқ эмаслигидан далолат», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 80,1% фоиз овози билан иккинчи муддатга қайта сайланди, дея хабар берди МСК раҳбари Зайниддин Низомхўжаев. У сайловда номзодлар ўртасида халқаро стандаортларга мос ҳақиқий рақобат бўлганлигини таъкидлади.
Амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев президентлик сайловларида иштирок этиб, ўз овозини берди (фото).
ADM Jizzakh заводининг қиймати 216 млн долларлик иккинчи босқичи лойиҳаси доирасида автомобилларни кичик узелли ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Президент Kia, Renault ва LADA автомобиллари йиғиладиган завод фаолияти билан танишди.
ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев жиззахлик сайловчилар билан учрашувда мамлакат саноатида табиий газга талаб катталигини таъкидлади. «Газ келажак авлодга қоладиган бойлик, ҳар хил шартномалар билан сотиб юборавериш керак эмас», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемияси даврида аҳолининг саломатлигини сақлаш учун 80 трлн сўм сарфланганини маълум қилди. Давлат раҳбари аҳолини коронавирусга қарши эмланишга чақирди. Унинг айтишича, душанба куни мамлакатга гриппга қарши вакцина ҳам олиб келинмоқда.
Шавкат Мирзиёев Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорлик орқали шаҳарни ривожлантириш учун Тошкент ҳокими этиб тайинланганини маълум қилди. Унга кўра, келгуси беш йилда шаҳардаги савдо майдонлари 10 баробарга ошириш, 44 та йирик савдо ва кўнгилочар марказлари ишга туширилиши ва «Ўзэкспомарказ» ҳудудида Тошкент халқаро молиявий маркази барпо этилиши режалаштирилган.
Пойтахтда Яккасарой ва Сергели туманларини боғлайдиган янги йўл қурилишининг биринчи босқичи якунланди (фото).
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда пандемия даврида энг кучли давлатлар ҳам қийин вазиятга тушиб қолганини айтди. Унинг айтишича, «кўп давлатлар „эгоист“ бўлиб кетди». «Қўшниларимиз билан муносабатларни кузатиб турибсиз. Афғон муаммоси бизни жиддий ўйлантиради», — дейди президент.
Президентликка ЎзЛиДеП партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги тирбандликларни бартараф этиш учун кўчаларда 21 та йўл ўтказгичлар, 6 та метро бекати атрофида ҳамда марказий кўчаларда 80 та кўп қаватли автотураргоҳлар қуришни таклиф қилди. «Йўл ҳаракатини „ақлли тартибга солиш“ тизими жорий этилади», — деди у. Кўчаларни таъмирлашга эса 3,2 трлн сўм ажратилиши таъкидланди.
Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳокимлиги қошида 575 та маҳаллани ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, ҳар бир маҳаллага 10 млрд сўмдан (жами қарийб 600 млн доллар) ажратилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, маҳаллаларни обод қилиш учун 2 млрд сўм ажратиш амалиёти «ўз самарасини берган».
Президентнинг маълум қилишича, кейинги 5 йилда пахта терими механизацияси 15%дан 60 га етказилади. 2013 йилда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев 2016 йилдан 80−90% пахта ҳосилини машинада теришга ўтилиши режалаштирилганини айтган эди. Бир неча йилдан буён мамлакатда пахта терими машиналарининг танқислиги кузатилмоқда.
ЎзЛиДеП номзоди ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёев «Миллий тикланиш» партияси номзоди Алишер Қодировнинг мигрантларни солиққа тортиш ҳақидаги таклифини танқид қилиб, «бу солиққа тортиладиган даромад эмаслигини» айтди. «Ишонтириб айтмоқчиманки, агар мен шу юртда раҳбар бўлиб ишласам, улар ҳеч қачон солиққа тортилмайди… Ҳам ўзини, ҳам оиласини боқаётган юртдошларимизга, фақат раҳмат айтиш керак», — деди у.
Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган юбилей мажлисида иштирок этди. Президент самарали минтақалараро ва трансқитъавий транспорт йўлаклари тизимини, шу жумладан юк ташиш тарифларини пасайтириш ва тартиботларини соддалаштириш орқали янада ривожлантириш заруриятига алоҳида эътибор қаратди. У афғон халқига инсонпарварлик ва иқтисодий ёрдамни давом эттириш мақсадга мувофиқ эканини ҳам таъкидлади.
Ўзбекистон етакчиси Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этди. Шавкат Мирзиёев ўзаро савдода мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, техник регламент ва стандартларни уйғунлаштириш, божхона тартиботларни рақамлаштириш бўйича қўшма «йўл харита» сини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, у давлатлар раҳбарларини 2022 йил сентябрда Нукусда ўтказиладиган «Яшил» энергетика бўйича халқаро форумга таклиф қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14−15 октябрь кунлари ЕОИИ ва МДҲнинг видеоалоқа шаклидаги саммитларида нутқ сўзлайди.
Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғони ўпирилишини ёдга олар экан: «Ҳозир айта оламан, умримда, кинода ҳам мен бундай воқеани кўрмаганман», — дея таъкидлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг