Деҳқонобод туманида 6 туп арча тагидан, 11 туп арчанинг эса ён шохлари кесиб ташлангани учун ўрмон қўриқчисига 3,3 млн сўм жарима қўлланди. Табиатга 18 млн сўмлик зарар етказилган.
Шаҳрисабз туманидаги Танхоздарё ирмоғида Қизил китобга киритилган 27 дона Амударё гулбалиқлари ноқонуний овлангани аниқланди.
Экология вазирлиги Сурхондарё ва Бухорода 50−70 минг атрофида дарахтни кесишга рухсат бериш бўйича мурожаат келиб тушгани, бироқ бунга рад жавоби берилганини маълум қилди. Ҳокимликларга юборилган жавоблардан сўнг Бухородаги қурилиш компанияси вакиллари лойиҳани ўзгартиришларини билдирди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида Туризм қўмитаси ташкил этилди. Унга Умид Шадиев раҳбарлик қилади.
Жасур Салихов янги ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)га ректор этиб тайинланди. У бунга қадар Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети проректори лавозимида фаолият юритган.
Ўзбекистонда йилнинг биринчи ярмида 2 мингдан ортиқ дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ҳолатлари аниқланди. Табиатга етказилган зарар 3,6 млрд сўмни ташкил этмоқда.
Айдар-Арнасой кўллар тизимида фуқаро 113,5 кг балиқни ноқонуний овлади. Табиатга 178,5 млн сўм зарар етган. Ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.
Қорақалпоғистоннинг Беруний давлат ўрмон хўжалиги участкасида 2 та Бухоро буғусининг жасади топилди. Улар браконьерлар тузоғига тушиб қолиши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳолат бўйича гумонланган 3 киши қўлга олинди.
Президентнинг 2019 йилдаги топшириғи бўйича қурилиши белгиланган Оҳангарондаги янги маиший чиқинди полигони йил охирига қадар ишга тушади. 30 гектардан иборат майдонда метан газ йиғувчи қувурлар ва чиқинди суюқликларини тортувчи насослар бўлиши ҳисобига ерга зарар етмаслиги ваъда қилинмоқда.
Қоровулбозор туманида рейд ўтказаётган туман Экология бўлими бошлиғи Мирали Ҳожиев хизмат вақтида яраланди. Унга ҳудудда ноқонуний ов қилаётган браконьер ўқ узди. Ҳозирда инспекторнинг аҳволи яхши, браконьерлар ушланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилояти Нишон туманида фуқаро уйида тўққизта бўз эчкиэмар ва бешта Ўрта Осиё чўл тошбақасини қонунга хилоф равишда сақлаётгани, улардан бири нобуд бўлгани аниқланди. Шунингдек, у икки илонни ўлдириб, ҳовлисига осиб қўйган. Табиатга етказилган зарар салкам 51,5 млн сўмни ташкил этмоқда.
Экология вазирлиги пойтахт ва Тошкент вилоятидаги ноқонуний чиқиндихоналарга 25 та камера ўрнатди. Яна 200 таси ўрнатилмоқда, кейин эса улар бутун мамлакатни қамраб олади (жами 1000 га яқин камералар бўлади). Вазирлик маиший ва қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлаганлик учун жарималарни эслатди.
Енгил атлетикачи Андрей Куликов Орол денгизининг қуриган туби бўйлаб марафон масофасини 4 соату 9 дақиқада босиб ўтди. Бундай югуриш биринчи марта бўлиб ўтди. «Орол денгизи экологик фожиасининг ҳалокатли кўламини чинакам ҳис қилиш учун бу ерга ташриф буюриш керак», — деди у.
Касби туманида фуқаро Қизил китобга киритилган 43 бош бўз эчкемарни ўлдириб, терисини шилиб олгани аниқланди. Бундан ташқари, унинг уйида бўлган яна 20 бош жонивор Муборак туманидаги чўлга қўйиб юборилди.
Қўшкўпир туманида 83 туп ҳар хил катталикдаги дарахтни қўпорган ва 3 туп дарахтга шикаст етказган ферма раисининг озодлиги 2 йилга чекланди. Шунингдек, 193,8 млн сўм миқдорида ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ҳам қоплаши белгиланди.
Экология вазирлиги «Сурхон» давлат қўриқхонасида ноёб турдаги морхўр ва Бухоро тоғ қўйларининг биргаликда юрган кадрларини эълон қилди.
Обиджон Қудратов қайта номланган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги раҳбарига биринчи ўринбосар, Жусипбек Казбеков эса ўринбосар этиб тайинланди.
Қонунчилик палатаси депутатлари Азиз Абдуҳакимов номзодини экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири лавозимига маъқуллади.
Узун туманида фуқаро хонадонида ноёб турдаги кийик ва унинг боласини сақлаб келаётгани аниқланди. Жониворлар Термиз ҳайвонот боғига топширилиб, уларнинг ҳудудга қандай келиб қолгани ўрганилмоқда.
2024 йил 1 мартдан Ўзбекистонда айрим ҳудудларга экомаҳалла, экоқишлоқ ва экоовул мақоми берилади. Уларда электр энергияси қуёш батареяларига алмаштирилади, электробус ҳаракатланиши йўлга қўйилади ва савдо шохобчаларида пластик пакетлар савдоси тақиқланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг