Президентнинг «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон ҳамда Туркия ҳукуматлари ўртасида давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги баённома тасдиқланди.
Президентнинг ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича қарори қабул қилинди. 1 январдан бошлаб, умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда «Ишга марҳамат» мономарказларида ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ҳисобини юритишда шаффофликни таъминлаш, шунингдек, кадастр соҳасидаги айрим маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2024 йил 1 январга қадар ер ажратиш ҳақида қарори йўқ ер участкаларини расмийлаштириш якунланади.
Ҳукумат қарори билан мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар малакасини ошириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Энди ушбу ходимлар малакасини ошириш ҳар 3 йилда камида бир марта амалга оширилади. Малака ошириш билан боғлиқ харажатлар иш берувчи ҳисобидан қопланади.
Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида Абу Райхон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишлаб улуғ аллома номидаги мажмуа барпо этилади. Форумлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш, қўлёзмалар ва бошқа материалларни реставрация қилиш режалаштирилган.
2023 йилдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида қўл жанги бўйича Хотира турнири, профессионал спортчилар ўртасида президент ва Амир Темур кубоги халқаро мусобақалари ўтказилади. Бундан ташқари, янги ўқув йилидан бошлаб мактабларда қўл жанги бўйича маҳорат дарслари ўтилади.
Президент қарори билан 254 та спорт мактаби ва 56 та ихтисослаштирилган спорт мактаби ташкил этилди. 4 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар 6 босқичда сараланади ва профессионал спортга салоҳияти борларгина ихтисослаштирилган спорт мактабига қабул қилинади. Кейинги йилдан мактабларга 35 млрд сўм ажратилади.
Президент давлат органларига жорий йил якунигача ортиқча харажат қилишни тақиқлади. 2022 йилда ҚҚС бўйича даромадларни ошириб бажарилган қисмидан ҳудудий бюджетларга йўналтириладиган маблағларнинг 40 фоизи, ҳудудларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига келиб тушган маблағларнинг 15 фоизи республика бюджетига қайтарилади. Қолаверса, давлат ташкилотларига автомобиль харид қилиш, бино ва иншоотларни таъмирлаш ҳам тақиқланмоқда.
Ҳукумат қарори билан моддий маданий мерос объектларидан фойдаланишда ҳуқуқбузарлик содир этган ёки экологияга зарар етказганларни фото ва видеога олиб, юборган шахсларни рағбатлантириш тартиби тасдиқланди. Ҳуқуқбузарлик ҳақида биринчи бўлиб хабар берганларга БҲМнинг 1 баравари — 270 минг сўм тўланади.
Президент қарорига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт институти университет сифатида қайта ташкил этилди. ОТМда бакалавриат битирувчилари учун поликлиникаларда 6 ойлик малакавий амалиёт кўринишидаги субординатура жорий этилади. Самарқанд вилояти Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари университетга бириктирилади.
28 март ҳолатига e-qaror.gov.uz электрон тизимида 221 та вилоят, туман, шаҳар ҳокимиятлари қабул қилган 76 мингга яқин ҳоким қарорлари ҳақида маълумот мавжуд. Ушбу маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳокимиятлар бир йил ичида кунига ўртача 177 та қарор қабул қилган. Қарши шаҳар ҳокими эса ўртача ҳар икки кунда ўзи томонидан қабул қилинган битта қарорни бекор қилади.
Президент қарорига мувофиқ, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги кексалар билан янада фаол ҳамкорлик қилади. Бунда «тарбияси оғир» ёшлар билан мулоқотда бўлганларга «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилига мувофиқ моддий ёрдам кўрсатилади.
2024 йилгача барча давлат органлари ва муассасаларида раҳбарнинг камида битта ўринбосари аёл киши бўлади. Бу президент фармонида назарда тутилган.
Президент қарори билан Ўзбекистон ҳамда Покистон ҳукуматлари ўртасида транзит савдо тўғрисидаги битим тасдиқланди. Мазкур ҳужжат 2021 йилнинг 15 июлида Покистон бош вазири Имрон Хоннинг Тошкентга ташрифи доирасида имзоланганди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти шу номдаги Миллий тадқиқот университетига айлантирилди. Янги йилдан бошлаб университет ўз-ўзини молиялаштириш тизимига ўтади ва 2022/2023 ўқув йилидан тўлиқ илмий ва ташкилий, бошқарув мустақиллигига эга бўлади. Университет ишини эса Бошқарув кенгаши мувофиқлаштиради.
Ҳукумат эски ҳайдовчилик гувоҳномалари ва рўйхатга олиш гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддатини 2022 йил охиригача узайтирди. Унинг муддати ҳайдовчилик гувоҳномаси ва рўйхатга олиш гувоҳномаси берилган йилга боғлиқ. Агар улар 2010 йилгача берилган бўлса, 31 мартгача алмаштирилиши керак.
Ҳукумат қарори билан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга 18 ёшга тўлганида кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, никоҳ тузилган ҳолларда эса, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Уларга уй-жойга кўчиб кириш учун асос бўладиган ордер берилиши ҳам белгиланмоқда.
Тахиатош, Бойсун, Бўстон ва Термиз туманлари ҳокимлари Халқ депутатлари туман кенгаши мажлисларини ўтиб кетган кунга чақириш тўғрисида қарорлар қабул қилишган.
Президент Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, Фарғона вилоятининг баъзи туманларида солиқ солишнинг алоҳида тартибини назарда тутувчи солиқ режими киритилди.
Президент қарори билан 2021 йил 1 сентябрдан 31 декабргача умумий овқатланиш корхоналари ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. 15 август ҳолатига кўра мавжуд қарздорликни, солиқ бўйича жарималарни 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар фоизларни ундирмасдан тенг миқдорларда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаши мумкин. Шунингдек, қарор билан 2023 йил 1 сентябргача туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг