Ёшлар давлат ва жамиятдан нима истайди? YouTube’даги «Улар» лойиҳасининг янги сони шу мавзудаги муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик давлатдан эркинлик ва қонун устуворлигини таъминлашни, жамиятдан эса шахсий ҳаётга «бурун суқмаслик»ни сўраган. «Газета.uz» ёшларнинг фикрларини бир саҳифага жамлади.
Иқтисодчи Ботир Қобилов йилига 200 млн туп дарахт экилиши ташаббуси ҳақида фикр билдириб, мазкур вазифанинг ижросига озгина шубҳаси борлигини таъкидлади. «Энг муҳими, экилган дарахтнинг „меваси“ 15−20 йил ичида келмайди. Балки 200 млн туп эмас, 10 млн тупнинг ўзи етарлидир», — деди у.
Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов агентлик ўз фаолиятини тўлақонли амалга оширишда дуч келаётган тўсиқлар ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, агентликнинг хатига вақтида жавоб бермаслик ёки коррупцион омил ҳақидаги тақдимномага «бошқача муносабатда» бўлиш ҳолатлари учрайди. «Тақдимномамизга адекват реакция билдирилмаса, жавобгарликка тортиш бўйича таклиф киритганмиз… Лекин айрим идора ва вазирликлар ҳали ҳам агентликни тан олгиси келмайди», — дейди у.
Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистонда заводлар, меҳмонхоналар ва турли тижорий бинолар қурилишини «карго-культ» ғояси билан тушунтирди. «Чет элда шунақа бинолар борлигини биламиз. Биз ҳам шундай қилсак бойиб кетамиз, деб ўйлаймиз. Пул — пулчалик туриши керак», — дея таъкидлади у.
«Ҳудудий электр тармоқлари» иқтисодчи Отабек Бакировнинг Ўзбекистон электр энергияси таъминотини Грузиядаги тизим билан таққослаб билдирган фикрларига муносабат билдирди. Компаниянинг таъкидлашича, Ўзбекистон электр энергияси таъминотида «фавқулодда ҳолатларни инобатга олмаса, тақчиллик кузатилмайди». Шунингдек, баёнотда иккала мамлакатдаги энергия ишлаб чиқариш манбалари ва истеъмолчилар сони орасидаги тафовутларга эътибор қаратилган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров Грузия жамоат транспорти, экологияси ҳамда свет ва газ тизими ҳақида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги 5−6 йил давомида Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидаги асосий икки муаммо жамоатчилик макони йўқлиги ва жамоатчилик транспортидаги инқироз. Бакиров Грузиядаги ислоҳотларнинг Ўзбекистондаги билан фарқини иккала мамлакатдаги электр энергиясидаги ҳолат билан қиёслади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг