Исматулла Иргашевга кўра, Афғонистон ҳам Амударё сувидан фойдаланишга ҳақли. Аммо бу борада бир қанча масалалар мавжуд. «Биз яқин қўшнимиз бўлмиш афғон халқи билан буларнинг ечимини албатта, топамиз» — деди у. Яқинда Тошкентда Қўштепа каналини қуриш бўйича ишчи гуруҳи мажлиси ўтказилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон президенти Оролни қутқариш жамғармаси саммитида Афғонистонда Қўштепа канали қурилаётганига тўхталди. У каналнинг таъсирини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш ва Афғонистон вакилларини сув ресурсларини тақсимлаш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этишни таклиф қилди.
Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва АҚШ Конгресси Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси вакили Шарлотт Олдҳем-Мур Афғонистонга гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатишда Ўзбекистон ва АҚШнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Европа кенгаши раҳбарлари кенгайтирилган шериклик борасидаги битим тезроқ имзоланишига умид билдирди. Улар инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликни кучайтириш, Транскаспий йўлаги орқали савдони кўпайтиришга келишиб олди. Афғонистон таҳдидлар манбаига айланмаслиги кераклиги таъкидланди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ минбарида нутқ сўзлади. Вазир нутқи давомида иқлим ўзгариши, таълим, яшил иқтисодиёт, конституциявий тузатишлар ва Тараққиёт стратегияси борасида гапирди. Ўзбекистон Афғонистонга халқаро эътиборнинг пасайишидан хавотирда эканлигини билдирди.
«Толибон»га Афғонистонда инклюзив сиёсий жараённи бошлаш учун ҳали ҳам кеч эмас, деди Евроиттифоқ махсус вакили Томас Никлассон. У аксарият афғонлар қарорлар қабул қилиш жараёнидан четда қолганини таъкидлаб, инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ва қўрқувга асосланган жамият қуриш хавфи ҳақида гапирди.
Афғонистон бўйича халқаро анжуманда Россия махсус вакили муваққат ҳукуматнинг хорижда музлатилган 7 млрд долларни қайтариш бўйича талабларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. «Фуқароси кунига 1 доллардан кам даромад оладиган давлатнинг 7 млрд долларини ўғирлаш жиноят ҳисобланади», — деди у.
Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази раҳбари Олим Нарзуллаевнинг айтишича, Афғонистондан «Шимолий йўналиш» орқали наркотик моддаларни олиб ўтиш ҳолатлари кўпайган. Бунда кўп кузатилган наркотик моддаларни олиб ўтишга уриниш Ўзбекистон транспорт инфратузилмаси орқали бажарилган.
Кобулдаги иккита мактабда рўй берган учта портлаш натижасида камида олти киши ҳалок бўлди, 20 га яқин киши жароҳатланди. БМТ ҳужумни қоралади, ташкилотчилар ҳозирча ўзларини эълон қилмади.
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси корхонаси «Ҳайратон — Мозори-Шариф» темир йўл линиясини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Афғонистонда операцион шартномаларни қайта кўриб чиқиш ҳамда бошқарувни ҳукумат хизматлари анча арзон бўлишини кутаётган маҳаллий компанияларга топшириш режалаштирилмоқда.
Таллимаржон ИЭСдаги носозликлар туфайли Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш вақтинча тўхтатилди. 13 январь куни эрталабга келиб электр таъминоти тикланди, дея хабар қилди Афғонистон энергетика компанияси.
Жаҳон банки бошқаруви Афғонистон реконструкция траст жамғармаси донорлари маблағ ўтказишни тасдиқлаганидан сўнг Афғонистонга музлатилган активлардан 280 млн доллар ажратади. Донорлар учрашуви 3 декабрь куни бўлиб ўтади.
ЮНИСЕФ Афғонистонда ёш никоҳлар сони ортиб бораётганидан хавотирда. «Афғонистондаги ўта оғир иқтисодий вазият кўпроқ оилаларни янада қашшоқликка дучор қилмоқда ва болаларни ишга юбориш ёки эрта ёшда қизларни турмушга бериш каби умидсиз танловни амалга оширишга мажбур қилмоқда», — дейилади ташкилот баёнотида.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон билан қўшма лойиҳалар бўйича саволга жавоб берар экан, мамлакат активлари музлатилгани сабабли муваққат ҳукуматнинг молиявий салоҳияти мутлақ йўқлиги ҳамкорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади. «Бутун иқтисодиётни фақат гуманитар ёрдамга таяниб йўлга қўйиб бўлмайди», — деди у.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон муваққат ҳукумати билан учрашувлари ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, толиблар воқеликни тўлиқ англамоқда, янги ҳукумат халқаро ҳамжамиятга қўшилишни истайди ва «баъзи ижобий қадамлар» қўйишга тайёр. Масалан, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон делегациясининг Кобулдаги ташрифидан сўнг чегарага туташ Балҳ провинциясида эртаси куни барча қизлар мактабга чиққан.
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Теҳрон саммитидаги нутқида Афғонистон яқин келажакда минтақавий хавфсизликнинг муҳим омили бўлиб қолиши ҳақида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу давлатни халқаро миқёсда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик учун Афғонистонга нисбатан можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш зарур.
Ўзбекистон ҳозирча толиблар тузган афғон ҳукуматини тан олиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти, деди Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев. Унинг сўзларига кўра, бу қарор халқаро ҳамжамият билан келишилган ҳолда қабул қилиниши керак.
Термиздаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Афғонистоннинг муваққат ҳукумати ҳамкорликнинг бир нечта соҳалари бўйича ишчи гуруҳлар тузишди. 10 кун ичида «йўл харитаси» ишлаб чиқиш ва уни икки давлат етакчиларига тақдим этиш режалаштирилмоқда.
Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари Абдул Салам Ҳанафий бошчилигидаги делегациянинг Термизга ташрифи кутилмоқда. Шанба куни у бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов билан учрашади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг