Прогнозларга кўра, Ўзбекистонда 2025 йилнинг февраль ойи ёғингарчилик бўйича қуруқроқ, ҳарорат режими бўйича эса мамлакатнинг катта қисмида меъёр атрофида ўтади. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов «Газета.uz» учун йилнинг иккинчи ойи об-ҳавоси бўйича видеоли ва матнли шарҳ тайёрлади.
Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилиб боради. Дам олиш кунлари жанубий вилоятларда ҳатто +20 даражагача бўлган баҳорий ҳарорат кутилади. Иш кунлари ёғингарчилик кутилмайди, якшанба куни эса намгарчилик ортиб, ҳудудларда ёғингарчилик кузатилиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳафта давомида совуқ ҳаво ҳукм суради, аммо бу қаҳратон қиш, дегани эмас. Душанба ва дам олиш кунлари кундузи илиқроқ бўлса-да, чоршанба-жума кунлари ҳарорат сезиларли пасаяди. Ҳафта ўртасида жойларда у қадар кўп бўлмаган, асосан қор кўринишидаги ёғингарчиликлар кутилмоқда.
Ўзбекистонда жорий ҳафта боши илиқроқ, ўрталари булутли ва совуқ (баъзи вилоятларда қор), охирида эса ҳарорат аста кўтарилиб, қуруқ бўлиши кутилмоқда. 8 январга ўтар кечаси Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида қор ёғиши, ҳарорат тунда -10 даражагача пасайиши мумкин.
Ҳафта боши булутли ва ёғинли, ўрталари қуруқ ва совуқроқ бўлиши, охирида эса баъзи вилоятлар ва тоғларда қор ёғиши кутиляпти. Янги йил арафаси ҳаво илиқроқ бўлса-да, 2025 йилнинг илк уч кунида ҳароратнинг бироз пасайиши кузатилади. Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилиши кутилмоқда.
Иш кунлари қуруқ, аммо совуқ, дам олиш кунлари эса бироз булутли ва кам ёғинли бўлиши кутиляпти; кундузи илиқроқ ҳарорат кузатилса-да, тунда барибир совуқ бўлади. Дам олиш кунлари Ўзбекистонга нам ҳаво оқими кириб келиши билан ҳароратнинг тунги минимуми ҳам ноль даражага яқин бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳафта боши қуруқ, аммо совуқ (аҳоли кучли совуқлик стрессларига тўқнаш келиши мумкин), ўрталари бироз булутли ва ёғинли (асосан қор) бўлиши, дам олиш кунлари эса қуруқ ва ҳароратнинг бироз кўтарилиши кутилади. Хусусан, Ўзбекистон жанубида кундузи +15 даражагача илиқ бўлиши мумкин.
Ўзбекистон 15−17 декабрда жорий қиш мавсумида илк бор тунги ҳароратлар -10 дан пасайиб кетувчи совуқлик тўлқини таъсирига тушади. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов бунда энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги каби тармоқларида қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида «Газета.uz» учун материал тайёрлади.
Ҳафтанинг биринчи ярми жуда совуқ бўлиши, иккинчи ярмидан эса ҳарорат аста кўтарилиши, хусусан, жанубда шанба куни +15 даражагача илиқ бўлиши кутилади. Иш кунлари ёғинларсиз ўтади. Дам олиш кунлари эса, навбатдаги нам ҳаво оқимлари кириб келиши билан, айрим жойларда ёғингарчилик кузатилиши мумкин.
Ўзбекистонга яқинлашиб келаётган антициклон сабаб иш кунлари ҳаво совуқ ва қуруқ бўлади. Бу мамлакат энергетикасига юклама ортишига, шунингдек, Тошкент ҳавосининг сезиларли ифлосланишига сабаб бўлиши мумкин. Шанба куни тоғларда, якшанбада эса асосий аҳоли яшовчи ҳудудларда қор ёғиши кутиляпти.
Сўнгги бир неча ўн йилликда Ўзбекистонда қишда совуқ кунлар сони икки баробарга камайган. 2024 йил декабри ҳам, прогнозларга кўра, илиқроқ ўтади. Аммо ой боши совуқроқ бўлиши кутилмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов «Газета.uz» учун декабрь об-ҳавоси бўйича шарҳ тайёрлади. Видео.
Ўзбекистон ҳафта бошида Туркманистон иссиғи ва Қозоғистон совуғи орасида қолиб кетади. Жанубда ҳарорат +24 гача кўтарилади, водий эса туманлар ҳисобига кундузи ҳам совуқ бўлади. Ҳафта охири Каспийдан ёғингарчилик келиб, бутун мамлакатда ҳарорат пасаяди. Шу ҳафта кўп жойларга илк қор тушиши мумкин.
Ўзбекистонда жорий ҳафта ҳаво ҳарорати меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда. Шу даражадаки, айрим ҳудудларда дарахтлар қайта барг очиши ҳодисалари ҳам кузатилиши мумкин. Вақти-вақти билан ёғингарчилик ҳам (ҳатто қор кўринишида) бўлади. Ҳафта бошида деярли бутун мамлакат бўйлаб туман тушиши кутиляпти.
Сўнгги йилларда ноябрь ойи нисбатан совуқроқ келиб, қиш олдидан, хусусан, Ўзбекистон энерготармоғини ҳам синовдан ўтказаётган эди. Аммо 2024 йилнинг ноябри нисбатан илиқроқ ва қуруқроқ кечиши кутилмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов «Газета.uz» учун ноябрь об-ҳавоси бўйича шарҳ тайёрлади.
Ўзбекистонда жорий ҳафтанинг чоршанба ва пайшанба кунлари вирус ва бактерияларнинг фаоллашишига сабаб бўлувчи булутли ва ёғинли об-ҳаво кузатилади, туман тушиши бошланади. Ҳафта охирига бориб, ҳаво ҳарорати яна кўтарилади. Ҳафтанинг биринчи ярмида аҳоли магнит бўронларидан ҳам азият чекиши мумкин.
Ўзбекистон жорий ҳафтанинг иш кунларида нам ҳаво оқими таъсирида бўлади, аммо бу ҳаво оқимлари ҳаво ҳароратини кескин совитиб юбормайди. Дам олиш кунларига келиб ҳаво ҳарорати бироз кўтарилиши ҳам кутилмоқда. Умуман, ҳафта давомида булутли ва хазонрезгили ҳақиқий куз ҳавосига гувоҳи бўлиш мумкин.
Ўзбекистонда ҳафта боши ва ўрталарида юқори намгарчилик ва совуқ бўлади. Кучсиз шамол ва намлик омили кишиларни қалин кийиниш ҳамда соябонлар олиб юришга ундайди. Ҳафта сўнгига бориб аста-секин ҳаво ҳарорати юқорилаб боради ва қуруқ бўлиши мумкин. «Газета.uz»дан об-ҳаво шарҳи ва тавсиялар.
Ўзбекистон президенти «ШҲТ плюс» форматидаги йиғилишда нутқ сўзлади. У ШҲТ маконида савдо-иқтисодий ҳамкорликни қайта ишга тушириш ва иқлим соҳасидаги ҳамкорликни ташкилот янги кун тартибининг энг муҳим қисмига айлантиришни таклиф қилди.
Эль-Ниньо табиий ҳодисаси туфайли Ўзбекистонда 2024 йилнинг ёзи кузатувлар тарихидаги энг иссиғи бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзгидромет Ўзбекистонда одатдаги иссиқ ёз фасли бўлишини маълум қилди. Шунингдек, қуруқ куз, яъни ёғингарчилик миқдори меъёрдан паст бўлиши кутилмоқда.
2024 йилнинг январи дунё бўйлаб мазкур ой учун рекорд даражада иссиқ кечди. Олимлар, шунингдек, бу январь кетма-кет саккизинчи энг иссиқ ой бўлганини таъкидламоқда — рекорд даражалар 2023 йил июнидан бери қайд этиляпти.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг