«Ўзнэргоинспекция» Қорақалпоғистондаги «Тахиатош нефть базаси»да дизель ёнилғисида 8,2 млрд сўмлик камомадни аниқланди.
2022 йилда «Ўзкимёсаноат» ва тармоқдаги корхоналарда коррупцион ҳаракатлар, маблағларнинг талон-торож қилиниши ва қўшиб ёзишлар ҳисобига 28,3 млрд сўмлик зарар етказилди. 57 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви аниқланди. Тизимдаги 28 киши жиноий жавобгарликка тортилди, 25 нафари эса ишдан олинди.
Антикоррупция агентлиги Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмаси фаолиятида 1,2 млрд сўмдан кўпроқ молиявий хато ва камчиликларни аниқлади. Бирлашмада аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлангани, тиббиёт техникалари қиммат нархда сотиб олингани, пуллик тиббий хизматдан тушган маблағлар мақсадсиз сарфлангани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Андижон шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарлари 57 млрд сўм миқдоридаги молиявий қонунбузарликлар, камомад ва ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. Ҳозирда прокуратура мазкур ишни ўрганмоқда.
«Ўзбекнефтгаз» жамияти тизимида 2021 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 717,9 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан 91,9 млрд сўм камомад ва ўзлаштиришлар, 57,8 млрд сўм жамиятга зарар, 219,9 млрд сўм бошқа хато ва камчиликларни ташкил қилди.
Андижон нефть базасида 24,3 млрд сўм, Жиззах нефть базасида эса 35 млрд сўмдан ортиқ дебитор қарздорлик, қолаверса, ишдан бўшатилган шахсларга ойлик тўлаш, мукофот пуллари ва компенсациялар ноўрин ҳисоблангани аниқланган эди. Жамиятлар раҳбарлари ишдан олиниб, жиноят иши очилганди. Бош прокуратура ҳужжатлар судга юборилганини маълум қилди.
Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти I чоракда 211,2 млрд сўм миқдорида бюджет камомади ва асоссиз харажатларни аниқлади. Қонунбузилиш ҳолатлари ХТВда 4,6 баробарга, ССВда 2,9 баробарга, МТВда 7,6 баробарга ошган.
Молия вазирлигига кўра, 2020 йилда 246 млрд сўмлик бюджет камомади ва асоссиз харажатлар аниқланган ва бу миқдорнинг 168,8 млрд сўми бюджетга қайтарилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг