2024 йилда Ўзбекистонда 4900 дан ортиқ мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди, бу 2023 йилга нисбатан 37,2 фоизга кўп. Улар давлат ва жамият манфаатларига 3,6 трлн сўм ёки ўтган йилга нисбатан 2,3 баробар кўпроқ зарар етказди.
2024 йилнинг биринчи ярмида 2389 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилди (+34,4%). Улар, асосан, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, фирибгарлик ва пора олди-бердиси билан боғлиқ жиноятларга қўл урган.
2023 йилда 3575 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган, бу аввалги йилга нисбатан 14,7 фоизга кўп дегани. Катта фарқ билан етакчилик қилаётган асосий жиноят тури мулкни ўғирлашдир. Республика даражасидаги амалдорлар 2022 йилга нисбатан 55 фоизга кам ҳукм қилинган.
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳри ва Фарғона, Наманган вилоятларида коррупция ва фирибгарликда гумонланган мансабдорларни қўлга олди. Улар фуқаролардан 5−10 минг доллар олаётган вақтларида ушлангани айтилмоқда.
Қорақалпоғистонда «ўз соҳалари бўйича юклатилган вазифаларни бажаришда хато-камчиликларга йўл қўйган, ўзига билдирилган ишончни оқламаган» 15 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниб, 116 нафарига интизомий жазо чораси қўлланилди.
Антикоррупция агентлиги Учқудуқ туман ҳокимининг собиқ ўринбосари ва бошқалар 33 нафар фуқарони «Йўлчилар», «Кўкпатас» ва «Кўкаяз» маҳаллаларида 3 йил давомида яшаганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, улардан 25 нафари ОТМга давлат гранти асосида киришига сабабчи бўлганини маълум қилди. Давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказгани учун мансабдорларга нисбатан жиноят иши очилди.
Кармана тумани халқ таълими бўлимининг мудири вазифасини бажарувчи, методисти ва бош ҳисобчиси чет тили ўқитувчиларига дарслик сотиб олиши учун тарқатилаётган 1 млн сўмни нақд кўринишда бергани, қолаверса, 60 минг сўмлик дарсликларни 483 минг сўмдан сотгани учун ишдан бўшатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг