Ўзбекистондаги 14 та тиббиёт техникуми 2025 йилдан немис стандартлари асосида ўқитишни бошлайди, чунки, Миграция агентлигига кўра, «Германия иш берувчилари Ўзбекистондан тўхтовсиз ҳамширалар сўраяпти». 3 йиллик ўқишдан сўнг битирувчиларга немис тили бўйича B2 сертификати ва халқаро диплом берилади.
10 январда Англияга мавсумий иш ўринлари учун танлов ўтказилди. Аммо 3 миллионга яқин ўзбекистонлик қизиқиш билдирган танлов натижалари кўп ўтмай бекор қилинди. Миграция агентлиги бунга техник муаммоларни сабаб қилиб кўрсатди. Англия компанияси эса жараёнга учинчи шахслар аралашганини таъкидламоқда.
АҚШ ҳукумати жорий йилнинг 9 ойида 572 нафар Ўзбекистон фуқаросини ватанига депортация қилди. Бу 2023 йилнинг шу давридагидан 6,5 баробар кўп.
Дональд Трамп АҚШда фавқулодда ҳолат жорий этиш ва миграцияга қарши курашиш учун ҳарбийлардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда. У «депортация қилишда энг йирик операцияни ўтказиш учун федерал ва штат даражасидаги барча ваколатлардан фойдаланмоқчи» экани айтилади.
Янги ташкил этилган Миграция агентлиги 2026 йилгача фуқароларни хорижга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функцияларини хусусий бандлик агентликларига ўтказади. Иш таклифлари очиқ эълон қилинади, сайтда резюме шакллантириш имкони пайдо бўлади. Мигрантларга 10 млн сўмгача микрокредит берилади.
Президент фармони билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил этилди. 2025 йилдан ташкилот хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текширишни бошлайди.
Президент Тошкент вилоятида камбағалликка қарши курашиш режаларини маъқулламади. У ҳудуд кичик бизнес орқали аҳолини ишли қилишда энг охирги ўринларда турганини танқид қилди. «Бор имкониятлар ва яратиб берилаётган шароитлар ҳисобига вилоятда камбағал оила қолишининг ўзи уят», — деди давлат раҳбари.
Сербия қурилиш соҳасида ишловчи ўзбекистонликларни ишга таклиф қилмоқда. Ойлик маош 700−800 евро бўлиб, номзодлар 50 ёшгача ва 3−5 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
Хорватия қурилиш соҳасида ишловчи ўзбекистонликларни ишга таклиф қилинмоқда. Ойлик маош 1000 евродан бошланади. Номзодлар 18−50 ёш оралиғида ва камида 1 йиллик иш тажрибасига бўлиши лозим.
Словакия ўзбекистонлик кара ҳайдовчиларини ойлик маоши 1200−1500 доллар бўлган ишга таклиф қилмоқда. Номзодлар 45 ёшгача, «B» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши ҳамда рус тилини билиши керак.
Бандлик вазири Беҳзод Мусаев Ўзбекистон ва Германия темирйўл транспорти, автобуслар учун ҳайдовчиларни, шунингдек, ҳамшираларни тайёрлаб беришга келишиб олгани ҳақида сўзлади. Унинг таъкидлашича, бу йил Германияга 800 нафар ўзбекистонлик ҳамшира юборилмоқда, уларнинг иш ҳақи — камида 2200 евро.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Қозоғистондаги Ўзбекистон фуқароларидан ватанга қайтиш вақтида ишончсиз автотранспорт воситалари ва ҳайдовчилар хизматидан фойдаланмасликни сўради. Агентлик катта трассаларда ҳаракатланаётганда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни эслатиб ўтди.
2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон аҳолиси 334 мингдан зиёдга кўпайиб, 37 миллион 134,2 минг кишини ташкил қилди. Ушбу олти ой давомида ўлим даражаси сўнгги 9 йилнинг биринчи олти ойлари, шу жумладан, пандемия даврига нисбатан энг юқори бўлди.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ноқонуний миграция бўйича рейдларда 27 нафар ўзбекистонлик ушланди. Улардан 3 нафарига маъмурий жавобгарлик тайинланди, қолганлари иш жойига қайтарилди. Мамлакат бўйлаб миграция ҳуқуқбузарликларини аниқлаш мақсадида «Нелегал-2024» рейд тадбирлари ўтказилмоқда.
Бандлик вазири Беҳзод Мусаев энг кам иш ҳақи 1500−3000 долларни ташкил этувчи ривожланган мамлакатларда меҳнат ресурсларига талаб юқори экани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон фуқароларига янги касб ва стандартларни ўрганиш имкониятини беради.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Қўшма Штатларга хавфсиз ва қонуний йўллар орқали сафар қилишга чақирди. Элчихона Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаганларни депортация қилиш ишлари давом эттирилишини билдирган.
Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2024 йил 1 январь ҳолатига 36 799 800 кишини ташкил этди. Статистика агентлиги 2023 йилги демографик кўрсаткичларни эълон қилди.
Кореянинг Ҳаншин университети тил курсида ўқиётган 22 нафар ўзбекистонлик талаба мамлакатдан алдов йўли билан чиқариб юборилгани ҳақида хабар тарқалди. Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонасига кўра, улар олийгоҳ талабларига бўйсунмаган, шунингдек, ноқонуний меҳнат билан шуғулланган. Ҳолат ўрганилмоқда.
Россия Ўзбекистондан қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноатга ташкилий тарзда ёллаш орқали жалб қилинган меҳнат муҳожирлари сонига чеклов, шунингдек, мажбурий эмлаш талабини олиб ташлади.
Жорий йилнинг 9 ойида 395 мингдан ортиқ Россия фуқароси Ўзбекистонга келди, уларнинг 80,5 фоизи ички ишлар органларида рўйхатга олинган. Айни пайтда, россияликларнинг ярмидан кўпи сўнгги уч ой ичида кириб келган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг