2025 йилнинг сентябридан бошлаб синов тариқасида автобус, авиа ва темирйўл билетлари сотиб олинадиган онлайн платформа ишга тушади. Миллий туризм ягона платформаси орқали музейларга билет олиш, автомобиль ижараси хизматидан фойдаланиш ва меҳмонхоналарни банд қилиш каби имкониятлар яратилади.
Интернетдан фойдаланишга шароити йўқ аҳоли қатлами учун «Яхши нарсалар интернети» деб номланган ахборот платформаси ишга тушди. У ЮНИСЕФ ҳамда ҳукумат идоралари ва мобил алоқа оператори билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Платформадан фойдаланиш бепул.
АКТ вазири Apple компанияси вакиллари билан Ўзбекистонда ApplePay тизимини жорий этиш, 5G тармоқларида iPhoneдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Coursera таълим платформаси вакиллари билан ўзбекистонлик ёшларига IT касбларини ўқитишни йўлга қўйиш келишилди.
Ҳукумат қарори билан 1 июлдан аҳоли йўллардаги носозликлар, светофор ва йўл белгилари ўрнатилмагани ҳақида фото ва видеомурожаатларни «Shaffof yo’l» платформаси орқали юбориш мумкин. Ички йўлларни таъмирлашга оид таклифлар овоз бериш йўли билан танлаб олинади. Ғолиб таклифлар бўйича йўлларни таъмирлашга ҳар йили маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилади.
Президент қарорига асосан «Соғлом турмуш тарзи» платформасидан фойдаланувчиларни рағбатлантириш мақсадида давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратилади. Бундан ташқари, ҳар йили туман ва шаҳарлардаги намунали маҳаллаларда замонавий фитнес кўчалари ташкил этилади.
Туризм ва спорт вазирлигининг хабар беришича, «Соғлом турмуш тарзи» платформасида (1hls.uz) рўйхатдан ўтганлар сони 1,2 млн кишидан ошди. Шу йилнинг 10 июнидан ҳозирги кунга қадар платформа фойдаланувчиларига пиёда юрганлиги учун 43,4 млрд сўм тўлаб берилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг