Президент 2 ойда 300 та маҳаллада тиббиёт пункти очиш бўйича топшириқ берди. Мартгача пунктлар оилавий поликлиникалардан 10 км узоқликдаги 272 та маҳаллада ҳам пайдо бўлади. Яна 640 та тез ёрдам машинаси харид қилинади. Қолаверса, шифокорларнинг маошини ошириш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланади.
Шавкат Мирзиёев 21 октябрь — давлат тили байрами билан ўзбек халқини табриклади. Бу борада ахборот-коммуникация технологияларининг тилини ўзбекчалаштириш, ўзбек ва хорижий тиллар бўйича луғат ҳамда сўзлашгичларнинг янги авлодини яратиш кечиктириб бўлмас вазифадир, дея таъкидлади президент.
Шавкат Мирзиёев аграр соҳа, ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва фермерларнинг молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш борасидаги вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. «Бунинг замирида халқимиз фаровонлиги, нарх-наво барқарорлиги, қанча иш ўринлари ётибди», — деди президент.
Президент ҳузурида 17 октябрь куни йиғилиш бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари қурилиш жараёнларини назорат қилишда аҳоли иштирокини кенгайтириш, объектларни қабул қилиш комиссияларига маҳалла раисларини киритиш бўйича кўрсатма берди.
Президент 2023 йилдан маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина «Ташаббусли бюджет» орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилишини айтди. «Бунда „Ташаббусли бюджет“ лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 трлн сўмга етказилади», — деди у.
Президент видеоселектор йиғилишида «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини айтди. Шунингдек, бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 млрд сўм ажратишга кўрсатма берди.
Президент Конституцияни ислоҳ қилишда шошилишнинг ҳожати йўқлигини яна таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, таклиф муаллифлари «жамиятда қандай раҳбарият бўлишидан қатъи назар, қонун, Конституция ҳимоясида бўлиш» тарафдори. Керак бўлса, ўзгартиришлар аҳоли билан яна бир бор келишилади, деди Мирзиёев.
Ўзбекистон ва Венгрия президентлари ўртасидаги музокараларда Венгрия томони ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун йиллик квотани 170 тагача оширишга қарор қилгани айтилди. Олий ўқув юртлари ректорларининг иккинчи Ўзбекистон-Венгрия форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги ҳам таъкидланди.
Президентнинг ҳафталик иш режаси маълум қилинди. Унга кўра, давлат раҳбари душанба куни электротехника саноатида вазифалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботини тинглайди. Ҳафта давомида Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде билан учрашув ўтказади.
22 сентябрь куни Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, тадбиркорлик, саноат, аграр соҳа ривожи, туризм ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича Зойир Мирзаев тақдим этган лойиҳалар билан танишди ва тегишли кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев Нурафшонда халқ вакиллари билан суҳбатда Қирғизистон билан чегара борасидаги келишувларга тўхталиб ўтди ва илгари чегара ҳудудларда миналар бўлганини айтди. «Одамлар қариндошларининг на тўйига бора оларди, на азасига. Шахсан ўзим назорат қилиб миналарни олдирдим», — деди президент
Президент МБга берилган 1 трлн сўмлик кредит ресурсларини ажратиш, йил якунига қадар яна қўшимча $100 млн хорижий кредит линияларини жалб қилиш топшириғи бўйича маблағлар тадбиркорларга етиб бормаганини танқид қилди. Пул банкларга жойланмаса, МБ раҳбариятига нисбатан қатъий чора кўрилади.
Шавкат Мирзиёев транспорт вазирлигига Самарқанд аэропортида авиарейслар ва йўналишларга бўлган барча чекловлар олиб ташланганини барча давлатларнинг авиацияга масъул идораларига етказишни буюрди. Шунингдек, водий, Нукус, Урганч ва Термиздан кунига камида 1 та авиақатновни йўлга қўйишни топширди.
Шавкат Мирзиёев ички ва ташқи туризм салоҳиятини оширишда ишларни етарли даражада ташкил этмагани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовга ҳайфсан берди. Шунингдек, 14 та туман ҳокимини бугун ишдан олиб, ўзгариш қилиш учун уларга уч ой синов муддати берилишини айтди.
ШҲТ саммити арафасида Самарқандда Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари музокара ўтказди. Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух икки давлат ўртасида сиёсий ва иқтисодий алоқаларга тизимли тус бериш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «йўл харитаси» ни қабул қилишга келишиб олди.
Ўзбекистон президенти Афғонистонни «ШҲТ маконининг ажралмас қисми» деб атади. «Унга биргаликда ёрдам қўлини чўзиш, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашиш ва шу орқали кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиш — бизнинг маънавий бурчимиздир», — деди у.
Ўзбекистон президенти ШҲТни «маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма», деб атади. Шу сабабли ташкилотга қўшилиш истагидаги давлатлар сони ортиб бормоқда, деди у.
Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Самарқанддаги саммити арафасида эълон қилинган мақоласида халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётганини таъкидлади. У «глобал даражада ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётганини» — асосий сабаблардан бири сифатида қайд этди.
Шавкат Мирзиёев парламентлар аёл раҳбарларининг халқаро саммитида доирасида мамлакатда бўлиб турган Парламентлараро иттифоқ раиси ва бош котибини қабул қилди. Шунингдек, Озарбайжон, Туркманистон парламент раҳбарлари, Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси ўринбосари билан учрашди.
Президент кўрсатмасига биноан сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар бўйича уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликлар ҳимояси ҳамда айланма маблағ учун гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилади. Шунингдек, фермерларга ҳосилни суғурталаш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг