Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик жараёни бўйича «жуда ижобий» хулоса берганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, миссия ўтган сайловлар бўйича ЕХҲТнинг тавсияларини сайлов амалиётига жорий этилишини ҳам ижобий баҳолаган.
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров сайловчилар ташаббускор гуруҳлари мустақил равишда ўз номзодини кўрсатиш масаласини ҳал этиш қонун чиқарувчиларга боғлиқ эканлигини қайд этди. Ушбу масала ЕХҲТнинг ДИИҲБ миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида кўтарилган эди.
Коронавирусдан даволанаётган ва карантинга олинган шахслар Ўзбекистон президенти сайловида қатнашишларини таъминлаш учун махсус йўриқнома ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаевнинг сўзларига кўра, беморларнинг уйларига кўчма қутилар билан ташриф буюриш режалаштирилган. Бунда муддатидан аввал овоз бериш давридаги эпидемиологик вазият инобатга олинади.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовдан Шавкат Мирзиёев такроран ўз номзодини президентликка қўйиши ва бу борадаги қарори ҳақида давлат раҳбари қачон эълон қилишини сўрашди. Унинг сўзларига кўра, сайловолди жараёни июль охирида бошланади. «Ким, қачон ўз номзодини илгари суришини билиш учун июль охиригача кутишимиз керак», — деди у.
Марказий сайлов комиссияси октябрдаги президент сайлови Харажатлар сметасини — 300 млрд сўм этиб тасдиқлади. Унга кўра, сиёсий партияларнинг ташвиқот ва тарғиботи учун 15 млрд 486 млн сўм, ҳар бир номзодга эса — 3 млрд сўмдан ажратилади. Сайлов жараёнида коронавирусга қарши кураш учун 11,5 млрд сўм сарфлаш режалаштирилган. Харажатлар ҳақида батафсил.
Сенатнинг 15 ялпи мажлисида Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси маъқулланди. Унга кўра, эндиликда сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими, иш жойи кўрсатилмаслиги, қолаверса, фуқаролар овоз беришда нафақат паспорт, балки ID-карталар орқали ҳам ўз шахсини тасдиқлаши мумкин.
Октябрда бўлиб ўтадиган президент сайловига тайёргарлик жараёнларини ўрганиш мақсадида ЕХҲТнинг махсус миссияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Миссия бўлажак президент сайловини ДИИҲБ томонидан кузатишга зарурат бор ёки йўқлигини ўрганади. «Агар бунга зарурат бўлса, бўлажак кузги сайловларда миссияни айнан қайси форматда жойлаштириш кераклиги ҳақида ҳулоса берамиз», — деди миссия вакили Алексей Громов.
Қонунчилик палатаси депутатлари Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонунни қабул қилишди. Улар юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатлари, округ сайлов комиссияси таркиби, овоз беришда ID картадан фойдаланиш ва бошқа шу каби ўзгаришларни назарда тутади.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ўзининг президент сайловларига тааллуқли дастлабки миссиясини яқин ҳафталар ичида юбориши кутилмоқда. Мазкур ташрифдан мақсад — сайловолди вазият ва унга тайёргарлик жараёнларини ўрганишдан иборат. Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси ҳисоботи асосида сайловда қатнашадиган экспертлар, узоқ ва қисқа муддатлари кузатувчилар сони аниқ бўлади.
Президент ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Парламент ассамблеяси тўлақонли миссиясини октябрда бўлиб ўтадиган сайловларни кузатишга таклиф қилди.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлади. Дастур пандемияни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий маданият ва сайловчилар фаоллигини ошириш, АКТни сайлов жараёнига жорий этиш ва сайловга тайёргарлик вазифаларини белгилайди.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 2021 йилги президент сайловлари олдинги йилларда ўтказилган ислоҳотларга баҳо берувчи референдум бўлишини айтди. У давлат раҳбари лавозимига Шавкат Мирзиёевдан бошқа лойиқ номзодни кўрмаётганлигини таъкидлади. Ўз ўрнида, сенатор альтернатив дастур ва номзодларсиз «сайловлар тўлақонли, адолатли ва ҳаққоний деб баҳоланмаслигини» билдирди.
Президент Конституцияга сайловлар санаси билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу йилги президент сайловлари 24 октябрга тўғри келмоқда.
Қонунчилик палатаси сайлов кунини кўчириш бўйича Конституцияга ўзгартиш киритишга оид қонунни қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилади. Агар Сенат ҳам ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаб, президент имзо чекса, унда 2021 йилга президент сайловлари 24 октябрга тўғри келиши мумкин.
Президент сайловлари октябрь ойига кўчирилиши мумкин. Бунда 2021 йилги сайловлар таҳминан 24 октябрга тўғри келади. Қонунчилик палатаси сайлов куни ўзгаришитирилишига сабаб бўлган омилларни маълум қилди. Таъкидланишича, ҳужжат лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилган.
Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида Ўзбекистон 2021 йилда бўлиб ўтадиган президент сайловини ўтказиш масаласига тўхталди. «Биз ўтган сайловларда халқаро кузатувчиларнинг тавсияларини миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш бўйича ишларни давом эттирамиз», — деди давлат раҳбари.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг