Ижтимоий тармоқларда эркак кишининг чўлда бир аёлни калтаклаб, «самосуд» қилаётгани акс этган видеоёзув тарқалди. Навоий вилояти ИИБдан «Газета.uz»га маълум қилишларича, аёлни калтаклаган шахс қамоққа олинган. Таъкидланишича, ҳуқуқбузарнинг ички ишлар органларига «ҳеч қандай алоқаси йўқ».
Пастдарғом туманида 15 ёшли бола 6-синф қизга севишини айтгани учун қизнинг акаси томонидан «самосуд» қилинди. Йигит боланинг сочи ва қошини қайчи билан қирққан ва тан жароҳати етказган. Самарқанд вилояти ИИБ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини билдирди.
Ургут туманида тунда севганининг уйига келган йигитни қизнинг акаси калтаклади. Қиз ва йигит синфдош бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Қўқондаги кийим-кечак бозорида дўконга кирувчи харидорлар йўли тўсиб қўйилгани сабабли сотувчилар ўртасида жанжал содир бўлди. Воқеа оқибатида 14 ёшли бола жароҳатланди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Шайхонтоҳур туманидаги мактабнинг 5 нафар ўқувчи қизи уй ертўласида бир қизни калтаклади. Ҳолатга изоҳ берган Тошкент шаҳри мактаб таълими бошқармаси ички ишлар ходимлари тергов-суриштирув ишларини олиб бораётганини билдирди.
Янгиҳаёт туманидаги мактабнинг 16, 17 ёшли ўқувчи қизлари 14 ёшли қизни уриб, унга енгил жароҳат етказди. Қизларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Воқеа юзасидан безорилик ҳолати бўйича жиноят иши очилди.
Қашқадарёда аёл ва у билан ишқий муносабатда бўлган эркакнинг сочини олиб, қамчилаб «самосуд» қилган ота ва унинг 3 ўғлига суд ҳукми ўқилди. Вилоят судлари ахборот хизматига кўра, уларнинг икки нафарига 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бир нафари 3 йилга, яна бири 2 йилга қамалди.
Қибрай туманида 2 кишини гуруҳ бўлиб калтаклаганлар ушланди. Ҳолат юзасидан безорилик моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкентдаги «Азиз ота» жоме масжиди имом ноиби ижтимоий тармоқ орқали «самосуд»ни ёқлаб чиқиш қилгани учун ишдан олинди. Мусулмонлар идораси амалдаги қонунларга зид равишда зўравонликка чақирувчи бу каби чиқишларни қоралади.
Тошкентда аёл рашк сабаб Педагогика университети талабасини «самосуд» қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Олийгоҳ матбуот хизматига кўра, ҳолат талабага ҳам тушунарсиз бўлган. Қиз воқеа юзасидан ИИОга ариза йўллаган. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.
Қашқадарёда аёл ўзининг эри ва унинг қариндошлари томонидан калтакланди. Вилоят ИИБ бунга аёл бошқа фуқаро билан ишқий муносабатда бўлиб юргани сабаб бўлганини айтмоқда. Аёлни боғлаб қўйиб, сочини кесиб, калтаклагани ва қамчи билан муттасил ургани учун гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Самарқандда дала майдонида она-бола биргаликда бошқа бир аёлни «самосуд» қилгани айтилмоқда. Видеода йигит токқайчи ушлаб олгани, аёл эса жабрланувчининг бош қисмига ураётганини кўриш мумкин. Самарқанд вилоят ИИБ ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Ходимларни штат қисқаришидан огоҳлантирган Адлия вазирлиги, карантин вақтида ҳисобланмаган пенсияларни тўлиқ тўлаб берилиши, қиличбозлик бўйича илк ўзбекистонлик жаҳон чемпиони, Оксана Чусовитинадан яна янги соврин, ҳафта иссиқ бўлиши кутилаётгани, QR-кодли чек учун Сурхондарёда «самосуд» қилинган журналист ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 4 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Термизда Kun.uz мухбири ва «Заковат» билимдони Аббос Салайдинов дорихона сотувчисидан QR-кодли чек талаб қилгани учун «самосуд» қилинди. Дорихона эгаси ва сотувчиси унга «қонунни Тошкентга бориб талаб қилишини» айтиб, жисмоний куч ишлатгани ва ҳақорат қилгани айтилмоқда. Дорихона эгаси, сотувчи, хаттоки журналистнинг ўзига нисбатан маъмурий иш қўзғатилди.
Тошкентнинг иккита туманида харид чеки берилмаганлиги учун дўконнинг QR-кодини сканер қилиб, «Soliq» мобил иловаси орқали мурожаат йўллаган харидорлар тадбиркорлар томонидан «самосуд» қилинди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилганини маълум қилди.
Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган сойда чўмилаётган аёл бошқа бир аёл томонидан калтакланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида бир неча такси ҳайдовчилари қоидабузарликларни суратга олган 2 нафар фуқарони калтаклашди. Таксичилар уларнинг суратга олган телефонини тортиб олишган ва Spark автомашинасига моддий зарар етказган.
Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани «Оқдарбанд» қишлоғи ҳудудида тўрт аёл улардан бирининг оилали ўғли билан яшаб келаётган бошқа бир аёлнинг кийимларини йиртиб, қайчи билан сочларини кесиб «самосуд» уюштирган эди. Уларга жазо тайинланди.
Бош прокуратура Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлашга оид президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра, Ўзбекистонда қасддан одам ўлдирганлик учун жавобгарликка тортиш ёшини 13 ёшдан 14 ёшгача узайтириш таклиф этиляпти. Бундан ташқари, Жиноят кодексига самосуд жиноятига оид нормани киритиш, 128-, 129-моддалари санкцияларини ошириш мақсад қилинган.
Хоразмда бир гуруҳ аёллар бошқа бир аёлнинг қизлигини текшириш мақсадида ечинтириб, жараённи видеога олишди. «Самосуд» иштирокчиларининг шахси аниқланиб, ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг