Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг ишчи гуруҳи Сўх туманидаги ерости газ сақлаш иншоотини тиклаш лойиҳаси доирасида Қирғизистоннинг Қадамжой туманида бўлди.
Шавкат Мирзиёев бир вақтлар ёпилган, ҳажми 2,5−3 млрд куб метр бўлган Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга тушишини маълум қилди. Иншоотнинг асосий газ сақлаш қисми Қирғизистонда, компрессорлар эса Ўзбекистон ҳудудида. Иншоотдан умумий фойдаланиш борасида музокаралар олиб борилади.
Фарғона вилоятидаги Риштон ва Сўх туманини боғлаб турувчи Қирғизистон орқали ўтган йўлнинг очилиши режалаштирилмоқда. Ушбу йўналишдаги чегара назорат-ўтказиш пунктлари тайёр ҳолатга келтирилди.
Қирғизистон президенти матбуот котибининг хабар беришича, Қирғизистон Ўзбекистонда жойлашган анклав ҳудуд — Сўх билан авиақатновлар ва транспорт қатновларини йўлга қўйишга, Ўзбекистон эса шу пайтгача «чегара ҳудудлар аҳолиси ўртасида тортишувлар ва сиёсий зиддиятларга сабаб бўлиб келган» Ункар-Тоо ҳудудини бериш тайёр эканлигини маълум қилди.
14 декабрь куни Фарғона вилоят судида Сўх воқеалари юзасидан суд жараёнида 5 нафар судланувчи сўроқ қилинди. Улар тергов жараёнида қийноққа солинганлигини, баъзилари эса тўполонларда қатнашмаганлигини таъкидлади. Б.Шодиев тергов пайтида бошига қоп кийгизиб, белдан пастки қисмига уришганини айтди. Судланувчи Ш. Олимов айблов варақасига қўл қўйиб бермаса, «подвалга тушасан» деб қўрқитишганини таъкидлади.
Фарғона вилояти прокуратураси вакили блогер Ҳайдаржон Бобохайдаровнинг бошига қоп кийдириб, Сўхдан Фарғонага олиб келинганлиги ҳақидаги маълумотни рад этди. Адвокат уни ҳибсда гумон қилинувчи сифатида ушлаб туриш учун фактлар етарли эмаслигини айтди.
Бош прокуратура Хайдаржон Бобохайдаров (блогер Дадахон Ҳайдаров) Сўх туманида содир бўлган оммавий тартибсизликлар ҳолати юзасида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинганини маълум қилди. Унинг оиласи 22 августдан буён унинг қаердалигини билмаслигини айтди.
Июнь ойида бўлиб ўтган бош вазир билан учрашувда ҳокимни ўзгартиришни сўраган сўхлик блогер Дадахон Ҳайдаров 10 суткага қамоққа олинган. Отасининг сўзларига кўра, уни бошига қоп кийгизган ҳолда вертолётда олиб кетишган. Яқинлари 22 августдан буён унинг қаерда эканлигидан бехабар. «Газета.uz» манбасига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 80−90 одам олиб борилган.
Бош прокуратура 31 май куни Сўх туманидаги «Чашма» булоғи бўйида Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо бўйича жиноят иши қўзғатилиб, 6 киши қамоққа олинганини маълум қилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош вазир Абдулла Арипов Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаси ташкил этилишини маълум қилди. Фарғона-Сўх йўналишидаги авиақатновларга «Humo AIR» авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда «Uzbekistan Helicopters» МЧЖга қарашли МИ-8 вертолётларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг