Сергели туманидаги хусусий боғчада тарбиячи ёрдамчиси гўёки хархаша қилаётган болани калтаклади. Сўнгра уни кўтариб бошқа хонага олиб чиқаётганида боланинг оёғи синди. Ҳозирда тарбияланувчи шифохонада, ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Ғаллаорол туманидаги 16-боғчада тарбиячи болаларни ҳақоратлаб, уларни оёқ кийим билан калтаклади. Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганини билдирди.
Андижондаги боғчада тарбиячи шериги билан жанжаллашган боланинг юзига урди. Боланинг отаси ИИБга ариза берди, ҳозирда текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Гурлан туманидаги 23-боғчада бир-бири билан уришган болаларга тарсаки туширган тарбиячи ишдан бўшатилди. Шунингдек, айни шу тарбиячи эътиборсизлиги сабабли бошқа бир ҳолатда боланинг қўлини эшик қисиб қолгани аниқланди. Унинг бармоғига игна тиқилмаган, балки даволаш учун махсус сим қўйилган.
Юнусобод туманидаги 414-сонли давлат боғчасида тарбиячи болаларга қўпол муомалада бўлиб, уларни қўрқитиб, куч ишлатгани аниқланди. Пойтахт мактабгача таълим бошқармаси тарбиячи ишдан бўшатилганини билдирди.
Юнусобод туманидаги боғчада йиғлаган болага қўпол муносабатда бўлиб, унинг қўлларини қўкартирган тарбиячи ишдан бўшатилди. Туман мактабгача таълим бўлими аёлнинг ҳаракатларини «ниҳоятда қўпол, педагог учун хос бўлмаган» дея атади. Ишни прокуратура ўрганмоқда.
Чирчиқ шаҳридаги хусусий боғчада тарбиячи тушлик пайтида ухлай олмай йиғлаётган болани уриб, ҳожатхонага қамаб қўйди. Болалар омбудсмани воқеага тарбиячининг оилавий сабабларга кўра асабий ҳолатда бўлганини ва у ишдан олинганини билдирди. Ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Чустдаги давлат боғчасида тарбиячи қизчани кийим алмаштириш чоғида ургани акс этган видео тарқалди. Ҳолатни ўрганган ММТБ воқеа 2022 йилда бўлгани, ўша йили ходим бошқа лавозимга туширилганини билдирди. Ҳозирда тарбиячини ишдан олиш масаласи кўрилмоқда. Боғча таъмир ишлари учун ёпилган.
Тармоқларда Янгийўл туманидаги боғчада тарбиячи болаларни уришиб, оёқ кийими билан ураётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат бўйича тергов ва суд тиббий экспертизаси ўтказилмоқда, ходим эса ишдан олинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг