Президент йиғилишида айтилишича, чарм саноатида бичувчи, тикувчи, косиб каби ўрта бўғин кадрлари етишмаяпти, йилига бор-йўғи 167 нафар мутахассис тайёрланмоқда. Давлат раҳбари пойабзал соҳаси ривожланган вилоятларда корхоналарни техникумларга боғлаб, дуал таълимни йўлга қўйишни буюрди.
Мамлакатнинг хомашё базаси камида 15 млрд долларлик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 500 мингта янги иш ўрни яратиш имконини бермоқда, деди президент. Унинг сўзларига кўра, экспортни анъанавий арзон бозорлардан (Россия, Хитой, Туркия) «янги, қимматроқ»ларига йўналтириш зарур.
Президент Андижон вилоятига ташрифи чоғида Асакадаги тўқимачилик корхонасида бўлди. У ерда вилоят мисолида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш концепцияси бўйича ахборот берилди. Таннархни 15 фоизга қисқартириш, 65 фоиз қўшилган қиймат яратиш режалари таъкидланди.
Балл бонитети паст, сув оғир бўлган ва ҳосилдорлиги 30 центнердан ошмайдиган ҳар бир вилоятдаги 1 тадан туманда 70−80 центнердан юқори ҳосил берадиган пахта уруғини четдан олиб келишга рухсат этилади, деди президент. Айрим тўқимачилик корхоналарига имтиёзлар берилади.
Президент қарори билан кейинги ўқув йилидан Наманган тўқимачилик саноати институти ўз фаолиятини бошлайди. Институтда таълим жараёни кредит-модул тизими, жумладан, қўшма таълим дастурлари асосида ташкил этилади. Шунингдек, ОТМ қошида Тўқимачилик технопарки очилади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ип-калавани тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш даражаси пастлиги оқибатида йилига 9 млрд доллар йўқотаётганини маълум қилди. Шунинг учун президент маҳсулот ишлаб чиқариш режасини ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар, қолаверса, кластер кесимида белгилашни жорий этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг