Дин ишлари бўйича қўмита хабарига кўра, Саудия Арабистонига сафар қилаётган зиёратчилар учун манфий ПЗР-тест маълумотини тақдим этиш тартиби бекор қилинди. Энди сафарга борувчилар фақат коронавирусга қарши эмланган бўлиши лозим.
1 февраль куни «Умра — 2022» мавсумининг илк зиёратчилари Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга қайтиб келди. Улар «Бақи» қабристони, «Қубо» ва «Қиблатайн» масжидлари ва Ухуд тоғида, шунингдек, Мадина шаҳрида Масжидул Набавийда, Пайғамбарнинг Равзаи мутоҳҳараларида зиёратда бўлган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси умра сафарига 1 февралдан бошлаб Саудия Арабистонига ҳар куни биттадан авиарейс амалга оширилишини маълум қилди. 10 февралдан эса ҳар куни 2 тадан, Рамазон ойи давомида эса ҳар куни 3 тадан авиа қатнов йўлга қўйилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 киши, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштирилиши, озиқ-овқатлар махсус қадоқланган ҳолда тарқатилиши, Саудия қироллигида жорий қилинган 15 фоиз ҚҚС умра тўлови ошишига таъсир этганини маълум қилди. Қолаверса, бу йилги мавсумда Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар буюртма қилингани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жорий умра мавсумида илк рейслар 22, 25 ва 28 январь кунлари амалга оширилишини маълум қилди. Сафарга 2020 йилнинг февралигача рўйхатдан ўтганлар боради. Зиёратчилар Astra-Zeneca, Moderna, Pfizer ёки Jonson&Jonson вакциналари билан тўлиқ эмланган бўлиши лозим. Спутник V ва ўзбек-хитой вакциналарини олганлар эса талаб қилинган вакциналардан бирининг илк дозасини олиши етарли бўлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг