Владимир Норов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Бахтиёр Саидов ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди ва шу муносабат билан халқ таълими вазири лавозимидан кетди.
Шаҳрисабзда ўқувчи қизлар юпун кийинган ҳолда ҳокимиятнинг кечки тадбирига жалб қилинди. ХТВ ҳолатни ҳудуддаги ҳар бир мутасаддининг айби дея ҳисоблади. Шаҳар ҳокимлиги эса қизлар ота-оналарнинг таклифи билан тадбирда рақс тушганини билдириб, бу уларга «аччиқ сабоқ бўлганини» маълум қилди.
Тошкент шаҳридаги хусусий мактабларнинг бирида ўқитувчи ўқувчининг қўлини қайириб, қулоғидан тортди. Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди. ХТВ матбуот котиби болаларни ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда калтаклаш мумкин эмаслигини таъкидлади.
ХТВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев мактаб дарсликларида учраётган хатоларни «таълим сифатининг акс-садоси» дея атади. Унинг сўзларига кўра, хатолар бугун пайдо бўлиб қолмаган, улар 5−10 йил олдинги китобларда ҳам бор. Хатолар борлиги тасдиқланса маъсулларга чора кўрилиши айтилди.
Мактаб дарсликлари ижараси энди нафақат жорий ўқув йили учун, балки доимий равишда бепул бўлади, дея аниқлик киритди ХТВ. Келгусида дарсликларни нашр этиш ва уларни молиялаштириш тартиби ҳукумат даражасида кўриб чиқилади ва парламент томонидан тасдиқланган давлат бюджети асосида белгиланади.
Жорий ўқув йилида мактабларда ўқув дарсликларининг ўртача ижара нархи икки бараварга ошди. ХТВ буни қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошгани билан изоҳлади.
ХТВ ва ДТМ абитуриентлар тўплаган балларни аввалги йиллар билан солиштириб чиқди. Сўнгги 2 йилда ўтиш балини тўплай олмаган мактаб битирувчилари салмоғи пасайган, дейилади ХТВ маълумотида. Ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентларнинг ҳар 5 тадан бири (108 минг) мактабни жорий йилда битирган.
ХТВга йил охирига қадар 3, 6, 7 ва 10-синфлар учун янги дарсликларни ишлаб чиқиш топширилган эди, бироқ жадвалдан илгарилаб кетилгани сабабли ўқувчилар сентябрданоқ уларни қабул қилиб олишни бошлайдилар. Шу билан бирга, қоғоз нархлари ошиб кетгани боис ҳукуматга қўшимча маблағ зарур бўлмоқда.
Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ҳамда вилоят ХТБ бошлиғи Азизбек Миркомилов 48,5 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштирганига оид жиноят ишини очишда Халқ таълими вазирлиги ташаббус кўрсатгани маълум бўлди. Тергов якунланиб, иш судга оширилди, деди вазир ўринбосари Темур Комилов.
USAID Халқ таълими вазирлигига она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда 1−4-синфлар бўйича математика ўқитувчилари учун 500 мингга яқин янги дарслик ва қўлланмалар тақдим этди. Улар Наманган ва Сирдарё вилоятларидаги 919 та мактабда синовдан ўтказилиб, сўнг барча мактабларда жорий этилади.
Норвегияда бўлиб ўтган 63-Халқаро математика олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчи Лазизбек Ражаббоев бронза медалини қўлга киритди.
Президент 2026 йилгача мактаб таълимини ривожлантириш бўйича Миллий дастурни тасдиқлади. Давлат мактабларига ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритиш ва алоҳида фанлар бўйича дарсликларни танлашга рухсат берилди. Қолаверса, Тошкент давлат педагогика университети ва унинг таркибидаги ташкилотлар ХТВга тасарруфига ўтказилди.
Болалар омбудсмани Алия Юнусова 21 апрель куни ижтимоий тармоқларда видеоси тарқалган Тошкент шаҳридаги 21-меҳрибонлик уйида юз берган воқеага изоҳ берди. Ўрганишлар натижасида меҳрибонлик уйи маъмурияти болаларни психиатрия шифохонасига юбориб келганлиги, уларга нисбатан қўрқитиш ва нодўстона муносабатда бўлиб келингани аниқланди.
16 ёшдан ошган 122 минг нафардан ортиқ ёки 31 фоиз мактаб битирувчиси ҳалигача паспорт олмаган. Халқ таълим вазирлиги битирувчилар паспортсиз (ID-карта) интернет орқали олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат топшира олмаслигини эслатди.
Ижтимоий тармоқларда Учтепа туманидаги 283-мактаб ўқувчиларига қизил галстук тақдирилган ҳолат «пионерликка қайтиш» деб тарифланаётгани муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Халқ таълими вазирлиги мактабнинг очилиш маросимида ота-оналар билан келишилган ҳолда бошланғич синф ўқувчиларига эркакларнинг қизил рангли бўйинбоғи тақилганини маълум қилиб, «бунга сиёсий тус бермасликни» сўради.
Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларга масофавий таълим жараёнида бажарилган уй вазифаларини ўқитувчиларга фақатгина Kundalik тизими орқали эмас, балки мессенжер ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам юборишга рухсат берди.
Самарқандда 8-синф ўқувчиси «Бир миллион дастурчи» танловида биринчи ўринни олгани учун ишлатилган ноутбук берилганини маълум қилди. Ҳокимлик эса ўқувчи туман босқичида биринчи ўринни олгани учун телефон билан тақдирлаганини айтмоқда. ХТВ ишчи гуруҳи мазкур ҳолат бўйича ўрганиш олиб бормоқда.
Халқ таълими вазирлиги мактабларда қишки таътил узайтирилган муддатда ўқитувчилар ва ходимларнинг ойлик маоши тўлиқ тўлаб берилишини маълум қилди. Қолаверса, ёзги таътилга чиқиш вақти ўзгармайди, учинчи чорак ўқув кунлари 1−4-синфларда 9 кун, 5−11-синфларда 11 кунга қисқаради, дарслар эса тиғизлаштириб ўтилади. Таътил кунлари ўқувчиларни мактаблардаги тўгаракларга жалб этиш тақиқланади.
ХТВ мактабларда қишки таътил 24 январга қадар узайтирилганини маълум қилди. Мазкур қарор мактаб раҳбарлари ва педагоглар учун янги Миллий ўқув дастурлари асосида малакаларини ошириш курсларини ташкил этиш мақсадида қабул қилинди.
Президент фармони билан 2018 йилдан бери халқ таълими вазири сифатида ишлаб келаётган Шерзод Шерматов АКТ вазири лавозимига тайинланди. Унинг ўрнига эса 2017 йилдан бери Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси лавозимида фаолият юритган Бахтиёр Саидов вазир бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг