Самарқанддаги корхоналардан бирининг ҳисобчиси 6,4 млрд сўмни ўзлаштириб, кейинчалик маблағни интернетдаги қимор ўйинларида ютқазиб қўйди. У сохта маълумотлар орқали пулларни ўз номига очилган пластик карталарига ўтказиб олган.
Наманган шаҳридаги кўмир омбори масъул шахслари куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган 4,1 млрд сўмлик 13,3 минг тонна кўмирни бошқа шахсларга сотиб юборгани аниқланди.
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида бир нечта фуқаролар ўзаро тил бириктириб, 19 киши номига автокредит расмийлаштиргани, аммо уларга машина олиб бермай, 6,3 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фарғонада «Агробанк» филиали собиқ ходимлари учта ҳолатда салкам 4 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Уларга нисбатан суд ҳукми ўқилиб, тегишли жазолар тайинланган.
Тойлоқ туманида аҳоли хонадонларига етказиб берилган суюлтирилган газ сотувидан тушган 346,9 млн сўмни банк кассасига кирим қилмасдан ўзлаштирганликда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинди.
Яккасарой туманида яшовчи фуқаролардан коммунал тўловлар учун йиғилган 158,5 миллион сўмни ўзлаштирган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Урганчда ўтказилган терговга қадар текширувда иккита МЧЖ раҳбари ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган 5,8 ва 4,5 миллиард сўм кредитни ўзлаштиргани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Қўшкўпир туманида имом масжид қурилиши учун йиғилган 40 млн сўмни ўзлаштиргани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида хусусий корхоналарни норасмий бошқариб келган шахс ва тижорат банки ходимлари 2 млрд сўм кредит маблағларини ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Уларга нисбатан иккита модда доирасида жиноят иши қўзғатилди.
Мирзо Улуғбек туманидаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари алоҳининг коммунал тўловлари учун берган жами 350,6 млн сўм маблағларини банк кассасига кирим қилмасдан, ноқонуний ўзлаштиргани аниқланди. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Муборак туманида корхона раҳбари ва бошқалар томонидан пиёдалар ва велосипед йўлаклари қуриш учун ажратилган 1,1 млрд сўм пул маблағлари талон-торож қилингани айтилмоқда.
Жиззах вилоятида туман ҳокимлигининг мансабдор шахслари 7 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштириш ёки растрата орқали талон-торож қилганликда гумон қилинмоқда.
Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган текширувлар натижасида 2 та олийгоҳда 22,5 млрд сўм маблағ ўзлаштирилганлиги аниқланди. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти бухгалтерия ходимлари томонидан 21 млрд сўм нақд пул, Жиззах политехника институтида эса 1,5 млрд сўм пластик карточкага ўтказилиб ўзлаштирилган.
Мингбулоқ туманида «G» МЧЖ раҳбари ва бошқалар 1 млрд сўм имтиёзли кредитни талон-торож қилгани аниқланган. Улар сохта ҳужжатларни тузиб, маблағларни нақдлаштириб олгани маълум бўлган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид моддалари билан иш қўзғатилди.
Халқ таълими вазирлиги тизимида 11 ой ичида 69,9 млрд сўм иш ҳақидан ўғрилик ва ортиқча тўловлар амалга оширилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, 220,8 млрд сўм миқдоридаги молиявий хато камчиликлар аниқланган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг